Илк китоб завқи
Бугун Ёзувчилар уюшмасида ёш истеъдод эгаларини кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилган 25 нафар ёш ижодкорларнинг 25 номдаги китоблари тантанали тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Энг аввал, ёшлар қизил йўлакда гуллар, мусиқа садолари билан тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг, маросимнинг асосий қисми бошланди. Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев, ёзувчи Маъмура Зоҳидова, уюшма раиси ўринбосари Ботир Эргашев сўзга чиқиб, муаллифларни илк китоблари билан муборакбод этди ва уларга ижодий парвозлар тилади.
Маълумки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2018 йил 21 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилиши баёни қарорига мувофиқ истеъдодли ёшларнинг «Биринчи китобим» сериясида нашрга тайёрланадиган тўпламларини чоп этиш тартиби тасдиқланган. Унга кўра Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинарида бадиий ижоднинг маълум йўналишида ўз ижодий ишлари билан иштирок этган ёшлар орасидан энг истеъдодли қаламкашларнинг илк китоблари ушбу лойиҳада кўп минг нусхада чоп этилиб, бутун мамлакатимиз бўйлаб тарқатилади.
Ёзувчилар, шоирлар, драматурглар, адабиётшунос олимлар, таржимонлар иштирок этган тантанали маросимда муаллифларга қалам ҳақи ва ўз китоблари топширилди.
– Ўтган беш йил давомида лойиҳа доирасида Республикамизнинг турли ҳудудларида яшаб ижод билан шуғулланаётган янги истеъдодларни кашф этишга ҳаракат қилдик, - деди ёзувчи Маъмура Зоҳидова. - 162 нафар ижодкорнинг илк машқлари китобчалар ҳолида дунё юзини кўрган бўлса, 2023 йилда ёшлардан яна 25 нафарининг илк китоби нашрга тайёрланди ва "Адабиёт" нашриёти томонидан 5000 нусхада чоп этилди. Бугунги ёшларимизга эса адабиёт оламида улуғ устозларимиз йўлини тилайман.
Айтиш жоизки, муаллифларнинг 16 нафари шеърият, 7 нафари наср, 1 нафари драматургия ва яна 1 нафар ижодкор бадиий таржима йўналишидаги китоби чоп этилди.
– Бугун жуда катта ҳаяжондаман. Илк китобим – “Чилзарра”ни қўлимга олдим, - деди Ирода Раҳмоналиева. – Унга 40 дан ортиқ шеърларим жо бўлган. Китобимга Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон сўз боши ёзганлар. Ботир Эргашев ва Наргиза Асадова муҳаррирлик қилишган. Барча устозларимга чексиз раҳматимни айтаман.
Тадбирда санъаткорларнинг куй-қўшиқлари ёшларга янада завқ улашди. Тақдимот маросими якунида муаллифлар йиғилганларга “Биринчи китобим” лойиҳасида чоп этилган китобларидан улашди.
Зулайҳо Аҳмаджонова