***
Тирикликнинг азал йўриғи,
Вақт илкида билмайди меъёр.
Юрак – буюк қудрат тўриғи,
Ҳаёт – мангу ям-яшил диёр.
Не сирларга паноҳ тун – зулмат,
Кун – қуёшнинг ҳадяси – тўкин.
Уммонларга зар кумуш – чиммат –
Ой салмоқлар оҳанглар юкин.
Одам изи, гуллаган сўзи,
Тил бахш этар борлиққа бийрон.
Букилмайди дарахтлар тизи,
Барчасига нигоҳлар ҳайрон.
Бир тўхтамга келолмас шамол,
Тўхтамишдир гарчи барг, шохлар.
Тоғлар тонгда очарлар жамол,
Чўкиб кетар илдизга оҳлар.
Ғорлар ичра ингранар саслар,
Ранглар сиғмас дилга, тупроққа.
Чақмоқ билан бошланар баҳслар,
Жами борлиқ тушар титроққа.
Чизиқлари соат милининг
Бу бедаво юракни тирнар.
Тош битиклар – лаҳза тилининг
Шиддатидан харсанглар терлар.
...Осмон етар жами қушларга,
Жонзодларга етар дарё, кўл.
Тилсим изн бермас тушларга,
Қаршилайди уфққа кетган йўл.
... Тирикликнинг азал йўриғи,
Вақт илкида билмайди меъёр.
Юрак – буюк қудрат тўриғи,
Ҳаёт – мангу ям-яшил диёр.
Одил ҲОТАМt.me/Odil_Hotam