#Мутолаадан_сўнг
Рус адабиётшуноси Борис Грибановнинг Фолкнер ҳақида ёзган китоби менга нима берди? Менимча, бу китобни ўқигач ўзимни янаям улғайгандек ҳис қилдим. Бу китобда Фолкнернинг ҳаётидан кўра асарлари таҳлилига кўп саҳифа ажратилган ва бу саҳифалар китобхонни ҳам, ижодкорни ҳам улғайтиради. “Шовқин ва ғазаб”, “Августдаги ёруғлик”, “Авессалом, Авессалом”, “Кишлоқ”, “Шаҳар” каби романлари ва "Айиқ","Мўйсафидлар","Дельтадаги куз" каби ҳикоялари таҳлили беҳад теран ва ноодатий ракурсдан қилинган.
Фолкнернинг қаҳрамонлари худди Бальзак ва Золянинг қаҳрамонлари каби бир асаридан иккинчи асарига кўчиб юришади. Уларнинг дунёқарашлари эса Достоевскийнинг қаҳрамонлари билан муштарак, яъни доимий равишда виждонлари билан ички зиддиятда юришади. Грибанов айнан шуларга эътибор қаратган.
Фолкнернинг ижоддан ташқари ҳаёти колоритга бой бўлмагани китоб саҳифаларида ўз аксини топган. Адиб камгап, одамови, хилватда яшашга мойил инсон бўлган. Уни интерьювлар, адабий давралар, бошқа ёзувчилар мулоқот қилиш, зиёлиларнинг диққат марказида туриш кабилар мутлақо қизиқтирмаган. У ҳатто Нобель ёки Пулитцер мукофотлари ёки Фахрий легион ордени билан тақдирланганида ҳам ортиқча ҳаяжонланмагани, хотиржам тарзда бу оламшумул янгиликларни қабул қилганига бу китоб гувоҳлик беради.
Фолкнер ҳаётда оддий инсон бўлган. У ўз фермаси ёки Оксфорд( асарларидаги Жефферсон шаҳарчаси прототипи) каби кичкина шаҳарчада яшашни, отлари билан вақт ўтказишни, ёлғизликда асарлар битишни хуш кўрган. У ҳатто Миссисипи штати (асарларидаги Йокнапатофа округи прототипи) марказига боришни ҳам ёқтирмаган. Пул топиш мақсадида Калифорнияда, Голливудда сценаристлик қилган йилларини энг бахтсиз йиллари сифатида эслашини Грибанов китобида кўп таъкидлаган.
@SherzodOrtiqov