1-асар, 20-саҳифа (1.20)
Мадалини ҳайрон қолдиргани аёл ва эркакнинг пиёда йўлга тушганлиги бўлди.
“ Наҳотки, шаҳар бу ерга яқин бўлса, — ўйларди ўртада кетиб бораркан. — Акс ҳолда булар пиёда юрмаган бўлишарди ”.
Ҳақиқатан, ярим соатча юришгач, кўп қаватли уйлар кўзга ташлана бошлади.
Мадали билмасди. Олдинда уни нима кутяпти? Булар ким? Нега чуқурни қидириб боришди? Эркакни улар ўлдиришмаганмикан?
“ Ҳа, аниқ, — кўнглидан ўтказди у. — Шулар ўлдиришган. Йўқса, пул қидириб бормаган бўлишарди. Хўш, энди нима бўлади? Булар эртами-кечми, қўлга тушишади. У ҳолда мени ҳам шерик сифатида орқаларидан тортиб кетишлари тайин. Йўқ, мен буларнинг қўлидан, қандай бўлмасин, халос бўлишим лозим ”.
Афсуски, ҳозир бунинг имкони йўқ эди. Аёл Мадалининг биқинига тўппончасини маҳкам тираб келарди.
Улар биринчи уйга яқин келишгач, олдинда бораётган эркак у ёқ-бу ёқни ўғринча кўздан кечирган бўлди-да, чапдаги подъездга кирди.
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz