1-асар, 21-саҳифа (1.21)
- Қани, манави курсига ўтир! - хоналари бўм-бўш, полида ювиқсиз идиш-товоқлар, қандайдир кир-чир латта, ичкиликдан бўшаган шишалар уйилиб ётган квартирага киришгач, аёл тўппончани Мадалини орқа миясига тираб буюрди.
Мадали итоат билан оғир курсига чўкди. Бу орада эркак қаердандир йўғон арқон олиб, унинг қўл-оёқларини курсига қўшиб боғлаб ташлади.
- Мендан нима истайсизлар ўзи? - норози оҳангда сўради Мадали. - Қасам ичдим-ку! Қўйиб юборинглар мени! Сотмайман!
- Овозингни ўчир! - шанғиллади аёл. - Сендақаларга ишониб бўлармиди?! Матвей, ҳамённи бер!
- Тўхта!.. Намунча шошиласан, Маруся?.. — ҳиринглади Матвей. — Аввал бу ишни ювайлик!..
— Бер дедим!.. — Маруся кутилмаганда дераза токчасига қўйган тўппончасини қўлига олиб Матвейнинг пешонасига тиради. — Ўша ярамас каби итдай ўлиб кетасан!.. Мен билан ўйнашмагин!.. Бер дедим!..
Матвей, истар-истамас чўнтагидаги катмонни чиқариб Марусяга тутқазди...
— Бу бошқа гап. - деди аёл катмондаги элликталик қоғоз пулларни чамалаб кўраркан. - Энди тўрт томонинг қибла. Бор, кетавер!.. Бўшсан!
- Нима?.. - Матвей ранги оқаринқираб орқага тисланди. - Ахир... Ишни биргаликда қилдик... Қ-қанақасига?..
- Қилган бўлсак нима бўпти?.. Эсингда бўлсин, мабодо ҳунар кўрсатадиган бўлсанг, шу заҳоти милисаларнинг қўлида бўласан.
- Нега?.. - бақириб юборди Матвей. - Бу қанақаси?..
- Эркакни сен отиб ўлдирдинг. Чуқурни сен қазидинг...
- Сен-чи?.. Сенам иштирок этгансан!.. Мурдани бир оёғидан ушлаб чуқурга туширишга ёрдамлашгансан... Умуман... Ҳазилни қўяйлик, Маруся!.. Иш битди. Энди пулларни ўртасидан бўлайлик-да, яхшиликча хайрлашайлик...
- Ҳеч қачон!.. Пуллар меники... Шундоқ ҳам бор будимни ичиб битирдинг... Қарзларинг-чи, қарзларинг?.. Шишаларни қара, ўнтадан ортиқ! Буларнинг пулини ким тўлайди?..
- Шунақами?.. - эркак лабларини тишлаб қўлини бигиз қилди. - Яхши!.. Лекин билиб қўй, ҳали сен билан алоҳида гаплашамиз!.. Мен бу ишни шундай қолдирмайман!..
- Бор, бор, бор!... - Маруся ташқари эшикка ишора қилди. - Чўнтагингда мен берган юз сўм пул турибди. Индамагин-у, кайфингни қилиб юравер!.. Бор!..
Матвей сўкина-сўкина квартирадан отилиб чиқиб кетди...
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz