1-асар, 23-саҳифа (1.23)
- Хўш, қаерга бормоқчисан? - сўради овқатланиб бўлишгач Маруся.
- Билмадим... Пул ишлаб топишим керак.
- Унда-чи, бир чақиримча нарида база бор. Поездлар олис- олислардан юк олиб келишади. Ўша ерга борсанг, юк тушириб бемалол пул ишлашинг мумкин...
Аслида Мадали нима қилишни ўзи яхши биларди... У тўппончасини қўлидан қўймаётган бу ярим яланғоч аёлдан бояги катмон тўла пулларни тортиб ололмайди. Қуролни-ку, бир амаллаб қўлидан юлқиб олиши мумкин. Бироқ нима бўлганда ҳам аёл. Бақир- чақир қилса, қўшнилари югириб чиқишади. Режа амалга ошмай қолади...
Яхшиси, автобусма-автобус юриб чўнтак кесади. Мўлжалидаги пулни топгач, ана ундан сўнг паспортнинг ҳаракатини қилса ҳам бўлаверади.
- Бўпти, ўша сиз айтган жойга бораман. - деди Мадали секин ўрнидан қўзғалиб.
- Кейин-чи?.. Кечқурун ётар жойинг йўқ-ку!
- Ҳ-ҳа, йўқ...
- Пул топсанг, тортинмасдан шу ерга келавер!.. Иккаламиз учун ҳам жой топилади...
- Хўп, ўйлаб кўраман.
- Йўқ, аниғини айт.
- Келаман.
- У ҳолда... Тўхта, эгнингдаги кийимларни еч!.. Кирланиб кетибди... Мен сенга бошқа кийим бераман...
Маруся кўз очиб-юмгунча Мадали учун шим ва эскириброқ қолган костюм олиб чиқиб берди.
- Совуқ еб қолмайсанми? - сўради у йигитнинг кенг елкаларига ҳавас билан боқиб.
- Йўқ, ўрганиб кетганман. Қолаверса, қалин кийимда ишлаш ноқулай.
- Отинг нима?..
Бу кутилмаган савол эди ...
Курсда тайинлашган.
"Ҳақиқий исмингдан одамлар орасида пайдо бўлганинг ҳамоно воз кеч! -дея буюрилган...
Мадали шошиб қолди.
Ахир, нима деб айтади исмини? Русча исм айтса ишонмайди...
- Б-ботир! - дея олди зўрға.
- Бу қайси миллатнинг исми?
- Ўзбекча.
- Ие, сен ўзбекмисан?
- Албатта.
- Оҳ, - Маруся хўрсиниб қўйди. - бир вақтлар мен бир ўзбек йигитини севиб қолгандим... Кейин... Кейин биз жанжаллашиб қолдик-у, у мени ташлаб кетди. Ўша-ўша уни кўрмадим...
Мадали индамади. Аниқроғи, эътибор бермади. Хаёлида фақат бир нарса - автобусларда кезиб ҳеч кимга сездирмаган ҳолда илк бор пул ўғирлаш...
Ўзига қолса-ку, бу ишдан ҳазар қилади.
Лекин... на илож? .. Имтиҳондан ўтолмай қолса, шарманда бўлади. Шунча чеккан азоблари, ҳаракатлари бир пул бўлади...
Маруся билан самимий хайрлашиб таваккал йўлга отланди...
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz