1-асар, 24-саҳифа (1.24)
Ташқарида яна қор учқунлай бошлабди. Бегона шаҳарча. Нотаниш кўчалар. Марказий кўча ҳам Мадали яшаган туман маркази кўчаси каби унчалик катта эмас. Ўткинчилар соқоллари ўсиб қолган, юзлари ичига тортиб, кўзлари уйқусизликдан қизарган Мадалига қараб-қараб қўйишар, баъзи қариялар бир-бирларига нималарнидир уқтирган бўлишарди.
У одамларнинг ғайриоддий нигоҳларига эътибор бермай, юз метрлар наридаги автобус бекатига бориб турди. Мақсад битта. Тиқилинч автобусга ўтириб қайсидир бечоранинг чўнтагига тушиш-у, ўзининг чўнтагини қаппайтириб олиш. Шундан бўлак иложи ҳам йўқ. Ўзи учун ўзи қайғурмаса, тез кунда хароб бўлади ва курсантлар рўйхатидан ўчириб ташланади. Балки очликдан ўлиб ҳам кетар...
— Йўқ, - хаёлан фикрлай бошлади Мадали. — шарманда бўлгандан кўра, бировларнинг қўлида ўлиб кетган маъқул... Йўлга чиқдимми, охиригача боришим шарт...
Автобус узоқ кутдирмади. Шаҳарча кичик бўлишига қарамай, автобуслар ҳақиқатан тирбанд бўларкан.
Мадали олдиндаги шляпа кийиб, қўлида портфел ушлаб олган кекса бир эркакнинг ортидан базўр ичкарига кириб олди.
— Мана шундан бошлайман. - ўйлади у. — Галстук тақиб олибди. Ҳойнаҳой, яхшироқ жойда ишласа керак...
Қария тиқилинчда зўрға нафас олиб турар, кўринишидан орқадаги титкилашларни пайқай оладиган аҳволда эмасди...
Мадали курсда ўргатишганидек, икки бармоғини қариянинг плашчи чўнтагига солди. Ҳеч нарса топа олмагач, аста плашчнинг этагини кўтарди.
Бир муддат кутди. Қария ҳамон инқиллаганча кетиб борарди. Эҳтиёткорлик билан биринчи бармоғини шимининг чўнтагига юборди.
Воҳ!.. Бир даста пул!..
— Омадли эканимга ўзим ҳам шубҳа қилмасдим! - кўнглидан ўтказди Мадали ва пулларни жуда эҳтиёткорлик билан суғуриб олди...
Пуллар чўғига қараганда, ҳозирчалик харажатларга етгулик туюлди.
— Бўлди, - деди ўзига ўзи. — ҳозирча етади чамаси... Уф-ф... Бировнинг пулини олиш қанчалик қийин-а!.. Кечиринг, отахон!.. Агар имтиҳон топширмаётган бўлмасам, ҳаётда сиздай зиёли одамнинг кўнглини оғритмас эдим. Афсуски, шу тобда мажбурман!.. Ҳар қалай, сиз шу ерликсиз. Бир амаллаб уйингизга етиб олсангиз, бунақанги пулларнинг мингтасини топасиз. Мен бўлсам, шу пулларсиз очдан ўлишим тайин... Яна бир бор кечиринг!..
Автобус бекатлардан бирига келиб тўхтагач, Мадали эпчиллик билан пастга сакради ва ортга қайтди...
* * *
Каналга уланиш 👇
@akbarugli_aziz