ХЎП ХЎП
Қайнона билан келин
Ногоҳ айтишиб қолиб,
Кетди ота уйига
Келин боласин олиб.
Жиринглади телефон
Олди йигит онаси,
Қўнғироқ қилаётган
Ўғилнинг қайнонаси:
“Ассалому алайкум,
Қудажоним, айланай,
Муллакамлар омонми?
Куёв ўғлоним қалай?
Болалар етиб келди,
Ўтиришибди, мана,
Гурунглашиб яйрардик,
Бирга келганингизда.
Набирангиз бир ширин,
Катта қилиб қўйибсиз,
Ёқимтойлигин кўринг,
Қуйиб қўйган ўзингиз.
Куёв боламга ўхшаб,
Ақл чиқар кўзидан,
Бобосига тортган-да,
Нур ёғилар юзидан.
Омон бўлинг бахтимга,
Раҳмат, сизга қудажон,
Қизингиз гул-гул яшнаб,
Сиздан келтирди салом.
Нега келганин билдим,
Қўлимда “адаб чўп”и,
Ҳар нарсаси бормиш-у,
Тугаб қопти “хўп-хўп”и.
“Хўп-хўп”сиз қолган бўлса,
Қийнагандур сизни ҳам,
Сал бўлмаса хижолат
Қилар экан бизни ҳам.
Яхшиям жўнатибсиз,
Тахминимиз чин чиқди,
Кўнглига қўл солгандик,
“Кибр” деган жин чиқди.
Ҳозир ўша жинини,
Бўғибгина ўлдирдик,
Қўйни-қўнжи, чўнтагин,
“Хўп-хўп” билан тўлдирдик.
Қиз узатган ҳовлида
Баланд-пастни кўрганмиз,
Томорқанинг барига,
“Хўп-хўп” экиб қўйганмиз.
Уй-жойимиз “хўп-хўп”дан,
“Хўп-хўп”дан сув, нонимиз,
Баъзида шу “хўп-хўп”нинг
Қўлидадир жонимиз.
Ғарам қилганмиз уйга,
Ўша “хўп хўп”ни териб,
Жўнатамиз қизларга,
Уч-тўрт тугунни бериб.
Болаларингизни ҳам,
Қудангиз олиб кетди,
Тўрт қоп “хўп бўлади”ни,
Мошинга солиб кетди.
Сиз – устоз, у – талаба,
Ҳар юмушни ўргатинг,
“Хўп хўп”и тугаб қолса,
Дарров менга жўнатинг.
Эй келин! “Хўп” деган сўз,
Уч ҳарфдан тузилган,
Аммо унинг важидан,
Қанча уйлар бузилган.
Доно бўлсанг “хўп-хўп”ни,
Бошингдаги “тож” деб бил,
Агар бахтли бўлмасанг
Марҳабо холанг кафил.
Марҳабо Каримова