Бугун юртимизда барча соҳалар, жумладан, таълим соҳасидаги олиб борилаётган ишларнинг натижадорлиги, қабул қилинаётган халқчил қарор ва фармонларнинг жойлардаги ижросини самарали ташкил этиш, бир сўз билан айтганда халққа нафи тегадиган, кундалик ҳаётимизда, ишлаётган меҳнат жамоамиз, истиқомат қилаётган маҳалламиз, хонадонимизда ижобий ўзгаришларни кўриб, сезиб, шундан фойдаланиб яшашимизга сабабчи бўладиган кадрлар, ўз ишининг устаси бўлган, билимли, шижоатли ва ватанпарвар, ҳалол, пок мутахассисларга боғлиқ, албатта. Бундай кадрларни топиш эса ҳар доим ҳам осон бўлмаган. Вилоятда халқ таълими тизимида ҳам кадрлар муаммоси, уларнинг қўнимсизлиги энг оғриқли масалалардан бири экан. Бугунги кунда 8 та шаҳар ва туман халқ таълими бўлими мудири лавозимлари ҳамда 103 та умумтаълим мактабларининг директори лавозимлари вакант бўлиб турибди. Мазкур лавозимларга энг муносиб номзодлар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан очиқлик, шаффофлик ва рақобат асосида ўтказиладиган танлов орқали қабул қилиниши режалаштирилган. Бугун вилоят халқ таълими бошқармасида танловнинг биринчи, тест босқичидан муваффақиятли ўтган Бекобод ва Оҳангарон шаҳарлари ҳамда Бўка, Қибрай туманлари халқ таълими бўлими мудирлигига номзодлар билан суҳбат ўтказилди. (Суҳбат жараёни тўлиқ видеотасвирга ёзиб олинди.) Суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодларнинг ҳужжатлари ЎЗбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тавсия этилди. 103 та умумтаълим мактаблари директорлигига номзодларнинг ҳужжатлари белгиланган тартибда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида кўриб чиқиш учун киритилган. Вилоятда халқ таълими тизимидаги вакант лавозимларда танловда иштирок этиш истагидаги малакали мутахассисларни танловга таклиф этамиз.