ЭРКИН АЪЗАМНИНГ ИЖОД ТУТУМИАдабиётни, таъбир жоиз бўлса, одил судловга қиёлаш мумкин. Табиийки, одил судлов деганда адолатни фақат шиор қилиб олган-у бошқа бир идоранинг ёки қўли узун мансабдорнинг етовида ҳукм қиладиган эмас, Ҳақ ва ҳақиқатни устун биладиган, чинакам адолатга таянадиган тизим назарда тутиляпти. Бинобарин, одил судлов жиноят ва қабоҳат устидан қонуний ҳукм чиқарса, адабиёт жаҳолат ва ёлғон устидан бадиий-фалсафий ҳукм ўқийди. Одил судлов бир ёки бир гуруҳ жиноятчилар қилмишини тафтиш ва таҳлил қилиб, муносиб жазо тайинласа, адабиёт нафсу ҳаво қулига айланган алоҳида кимсаларгина эмас, ҳирсу ҳавас ботқоғига ботган нобоп жамият устидан ҳам бадиий-фалсафий ҳукм қилиш имконига эга. Одил судлов асосан ашёвий далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари билан иш кўрса, адабиёт инсоннинг ботин оламидаги қабоҳатни, руҳиятидаги сохталик ва шууридаги ёлғонни ҳам ҳақиқат тарозисига торта билади. Замонамизнинг машҳур адибларидан Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ижодиёти: роман ва қиссалари, ҳикоя ва бадиий публицистикаси адабиётнинг ана шу юксак мезонларига ҳар жиҳатдан мувофиқ келади. Адиб асарлари тадқиқи юзасидан айрим диссертациялар ҳимоя қилинаётгани-ю таҳлилий мақолалар чоп этилаётганини эътироф этган ҳолда, таъкидлаш керакки, адабиётшунослик Эркин Аъзам ижоди олдида қарздор. Жумладан, ёзувчи асарларидаги образлар тизими, қаҳрамонлар руҳияти, уларнинг ботин оламидаги тўфону талотўплар, тафаккуридаги эврилишу зиддиятлар, ички ва ташқи дунёсиаро муносабатлар каби масалалар ҳануз тадқиқотчиларини кутаётир. Адибнинг ижод тутуми (концепцияси) адабиётшуносликда ҳануз муносиб баҳосини олган эмас. Бадиий маҳорати сирлари, асарларининг тил ва услуб хусусиятлари, йўл-йўлакай билдирилган айрим фикру қарашларни истисно қилганда, чуқур таҳлил этилмаган. Ушбу мақола “Шоирнинг тўйи” қиссаси мисолида адибнинг ижод тутумини ўрганиш йўлидаги дастлабки уринишдир. Теран тадқиқотларни талаб этадиган ушбу илмий муаммони кичик бир мақола доирасида тўлақонли ҳал этиш имконсиз экани аён.
Давоми... Нурбой Жабборов