НИЛУФАР ТОҲИРОВА ШЕЪРЛАРИ


Kanal geosi va tili: ko‘rsatilmagan, ko‘rsatilmagan


Сўз топиб кимнидир агар қилсанг шод,
Ғам эзган юракка бўлсанг ё малҳам.
Токи тирикдирсан айлагинки ёд,
Демак кимларгадир кераксан сен ҳам.
Н. Тоҳирова

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
ko‘rsatilmagan, ko‘rsatilmagan
Statistika
Postlar filtri


Илон чақди билинмади,
Чаён чақди билинмади,
Дўстим нишин урган куни,
Кўзга уйқу илинмади.

.... Нилуфар Тоҳирова




ПОЙТАХТ МУСОФИРЛАРИГА

Бухоро, Навоий, Қарши, Самарқанд,
Ҳу деса эшитгай пойтахт овозин.
Шукурлар қилинг сиз ҳаётингиз қанд,
Сиз билан бошлангай омад парвози.

Мусофирман деманг, мусофир асли
Соғинчга сабридан қаср қурганлар.
Бир чечак кўрмасдан гул баҳор фасли,
Қор кечиб, ҳадикда ризқин терганлар.

Ижара уйларнинг гунг деворлари,
Қанча асрорларни ютиб чарчаган.
Тошдан тош бошларнинг кўз ёшларини,
Кўрсатмай муз бағрин тутиб чарчаган.

Онасин қайтишин соатлар эмас,
Жажжи бармоқчалар ойлаб санагай.
Аллалар тинглашни қилганча ҳавас,
Соғинчлар бағрида йиғлаб тунагай.

Мусофирманг деманг довонлар ошиб,
Йироқлар чангида қолмас зорингиз.
Ҳар саҳар янги завқ, ҳайратлар қўшиб,
Она юрт кўк этар ғурур орингиз.

Кўзингиз ойнасин яшнатар ҳар кун,
Меҳрнинг нурида чизилган дийдор.
Бахтнинг қучоғида уйғонар мамнун,
Умидлар ниҳоли кўрмасдан озор.

Байрамлар ўтмайди ташрифингизсиз,
Қадрдон уйларнинг азиз тўрида,
Ҳар фасл бўлсада оларсиз кувват,
Меҳрибон бағрлар оташ қўридан.

Дунё бозорида саналган умр,
Ўлчанган ризқ учун нолимоқ гуноҳ.
Қаерда бўлмасин яқинми йироқ,
Ватан фарзандларин асрасин Оллоҳ!

Мусофирманг деманг пойтахт ҳурлари.
Номингиз таралган бутун жаҳонга.
Келгинди эмассиз, шукрона айтинг,
Сизни болам деган Ўзбекистонга!

НИЛУФАР ТОҲИРОВА

https://t.me/cavsar




СЕНСИЗ

Ишқ энди йўқ оғриғи бор дил тўрида,
Яна кўнгил унсиз йиғлар дард зўрида,
Муҳаббатнинг кўзларида топган меҳрим,
Куйдиришин билмас эдим тафт-қўрида.

Дардим билан камол топган сенсизлигим,
Яна ўсди қалбга солиб ҳижронингни,
Наҳот сенга билинмайди менсизлигим,
Наҳот дилдан ололмадим армонингни.

Қийналаман,киприкларим қотиб қолган,
Тинмай оққан кўз ёшимнинг шўрлигидан,
Айрилиқ ҳам дармонини топиб олган,
Юрагимнинг гўдак каби ғўрлигидан.

Тонг отади,оппоқ олам таровати,
Билинмайди,кўринмайди қароғимга,
Яна қанча давом этар синоати?
Етарманми бир кун умр фароғимга?

Хаёлимнинг ҳуввиллаган кўчасида,
Тентирайди етим қолган орзуларим,
Айрилиқнинг базми-жамшид кечасида,
Юрагимни осиб қўйди қайғуларим.

Ҳаёт ширин,жон қарзимни бергим келмас,
Умидворлик ҳисларимнинг халоскори,
Беҳудага қийногига лойиқ билмас,
Демак яна қайтиб келар ишқ баҳори.

Овинаман тушкунликнинг тўрин йиртиб,
Хаёлимда ишқ суратин чизиб такрор,
Ёдинг билан кетсин майли умрим ўтиб,
Агар сенсиз қайтиб келса яна баҳор.

НИЛУФАР ТОҲИРОВА

https://t.me/cavsar








ҚОРЛИ ОҚШОМ

Қорли оқшом хаёлларимнинг,
Овозини тинглайди юрак.
Ёлғиз эмас, демак ёлғизлик,
Кимсасиз ҳам кимгадир керак.

Қорли оқшом унсиз ойнанинг,
Кўзларида суратим зоҳир.
Қалам, бўёқ керакмас унга
Буюк рассом-Эгамдир моҳир.

Санъатидан севиб, севдириб,
Телбасига бир чимдим берган.
Ҳижронида чунон куйдириб,
Ўз ишқини раволар кўрган.

Қорли оқшом, ёнган болишим
Оловидан бошдан оёқ сув.
Мижжа қоқмай бемор нолишим,
Оқ қоғозга тўкилди дув-дув.

Юлдузларни ўпиб бирма-бир,
Руҳ талпинди ой ҳузурига.
Оний туҳфа бағишлаб роҳат,
Айланади кўнгил дурига.

Далли бўлиб соғинар соғинч,
Юрагимнинг қат-қатларини.
Сўз васлидан яйраган илинж,
Чўзар дийдор соатларини.

Қорли оқшом, то саҳаргача
Шукурларга тўлди дил хонам.
Қулим дея ҳар кун, ҳар кеча,
Назаридан қўймасин Эгам!

НИЛУФАР ТОҲИРОВА

https://t.me/cavsar


ҲАР КУНИ

Ҳар куни битта йўл,
Бир хил ҳаракат.
Автобус кутгандан яёв юрган соз.
Ҳар куни мингта ўй, жонинг минг ҳалак,
Ҳаётинг ўтмоқда чиқармай овоз.

Қадамлар сасидан қувнайсан баъзан,
Шукрким ҳеч кимга бўлмагансан юк.
Сокинлик ўзгача таратар оҳанг,
Ёлғизлик Худога айлаган суюк.

Ҳар куни кимгадир ёрдаминг тегар,
Дуолар бағишлар дилингга сурур.
Мусофир юртда ҳам омадинг берар,
Руҳингни кўтарар шижоат, ғурур.

Аслини йўқотар нозик қўлларинг,
Кунларинг улғайиб борар меҳнатдан.
Тиканли бўлса ҳам майли йўлларинг,
Яратган асрасин фақат миннатдан.

Ҳалолдан топилган насиба--роҳат,
Оппоқ орзуларда сузар туйғулар.
Юракда бор экан сабр-қаноат.
Бир куни тарк этар майда қайғулар.

Телефон жаранги,азиз овозлар--
Умид ниҳолига тушиб турган нур.
Ҳислар маржонидан яшнар қоғозлар,
Ювилган ойнадек кўнгил ҳам биллур.

Ҳар куни битта ғам--соғинч, ортидан,
Ўн қувонч яшайди хаёлда беун.
Юксалиб  яшайсан, қуёш юртида,
Жонингдай азизлар кутгани учун.

Ҳар куни битта йўл, бир хил ҳаракат,
Шукрким ҳеч кимга бўлмагансан юк...

                   НИЛУФАР ТОҲИРОВА
                      
https://t.me/cavsar






ОНАМ МАКТУБИ

Ҳар куни хаёлдан суратинг ўтар,
Ҳар туни дуолар тўрида ўзинг,
Дилимни соғинчлар қачон тарк этар?
Жон қизим порласин омад юлдузинг.

Қайтишинг кутяпман соатлар санаб,
Ҳижроннинг лабида юрагим қони,
Кўп каби мени ҳам бермаган боғлаб,
Банданинг ҳар лаҳза омонат жони.

Биламан ишлайсан югуриб-елиб,
Рўзнинг ғорларини тўлдирмоқ учун,
Яшадинг гул умринг йироққа бериб,
Фарзандинг бахтини кулдирмоқ учун.

Ўйлайман,қолганда ҳаволар совиб,
Кўзларим илинмас тун-кечаларда,
Кетмаса бўлдийди оёғинг тойиб,
Эҳтиёт бўлиб юр тош кўчаларда.

На баҳор гулларин тўйиб ҳидладинг,
На кузнинг мевасин кўргансан тотиб,
Ёзда ҳам ҳаловат нима билмадинг,
Соғиндим кел болам ишингдан ортиб.

Телефон қиласан шукр,ҳар саҳар,
Дийдоринг ўрнини босолмас сасинг,
Дунёда борлигинг олтину гавҳар,
Қалбимнинг ороми олган нафасинг.

Кўзимнинг қораси дастёрим боланг,
У билан бағрим бут,кўнглим нурафшон,
Лек сенинг жойингни босолмас онанг,
Йўлингга теримилиб кун санар ҳамон.

Елкандан дуёнинг ташвишин отиб,
Қайт болам ортингга кўзимнинг нури,
Соғинчинг дардида қолмайин ётиб,
Дийдоринг қалбимнинг дармон,ҳузури.

                   НИЛУФАР ТОҲИРОВА
                         21.05.2019й
 




Кўзларингни қувнатиб,
Юрагингни яйратиб,
Ҳисларингни ўйнатиб,
Ёғаяпти оппоқ қор.

Нилуфар Тоҳирова




ХАЙР КУЗ

Хайр куз, яхши бор,баҳорни кўрсанг,
Саломим айтиб қўй, шивирлаб секин,
Мен уни жуда ҳам соғиндим билсанг,
Изҳорим айтолмай ҳалакман лекин.

Ўрик гулларидек ёғаяпти қор,
Дераза ортидан қарайман маюс,
Фироқлар сенга ҳам бердими озор,
Не учун бунча тез кетаяпсан куз?

Дўст бўлиб олгандим хазонлар билан,
Яшил дардларимни бағрига сочиб,
Кўнглимдек кимсасиз хиёбонларда,
Энди ким кутади қучоғин очиб.

Ёқтириб қолмадим мана неча йил,
Мени ҳам хуш кўрмас аёз фаслини,
Соғинчлар касридан озурда кўнгил,
Унитиб қўймаса бўлди аслини.

Юрагим суянган дош деворини,
Йиқитиб билмади ҳасрат ханжари,
Аммо мен зор кутган бахт баҳорини,
Бир бор йўлатмади фироқ аждари.

Ашкимдай тўкилган сариқ япроқлар,
Кўринмай жим ётар замин бағрида,
Кечиргин агарда етмаган бўлсам,
Сен билан ўтказган вақтнинг қадрига.

Дардларим дастурхон қилдим сўнги бор,
Кўзимнинг ёшларин ичимга ютиб,
Олтин куз,ёдда тут такрор ва такрор,
Яшайман мен сени баҳордай кутиб.


                  НИЛУФАР ТОҲИРОВА
                     30.11.2018й
 https://t.me/cavsar







20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.

109

obunachilar
Kanal statistikasi