Онамнинг доимо қовоғи солиқ, сочлари пахмоқ, кўзлари уйқусизликдан шишган эди. Тинимсиз уй ичида уёқдан буёққа юрарди. Телефон гўшагини елкаси билан қулоғига қистириб ким биландир гаплашарди. "Онажон, менга қаранг, қорним очди".
"Бўлди қил қизим, жим ўтирсанг-чи!" деган жавоб эшитаман. Уч дақиқа ичида апил-тапил қайнатилган макаронни олдимга қўяди: - Ол, е, буни!
- Ойи, қаранг, расм чиздим.
- Ҳмм, яхши,- деб қўяди бепарвогина. Орқамни совунламайди. Кечаги кун роса йиғладим, сабабини сўрамади ҳам. Қувноқ юрсам ҳам нима бўлди, дея сўрамайди. Фақат ўтирадиган хонамиздан туриб менга гапиради:
- Хонангни йиғиштир! Уни олиб кел, буни олиб кел.
- Ойи, кайфиятим жуда ёмон, имтиҳондан яхши ўтмадим,- дейман йиғламсираб.
- Тайёрланмабсанда...
- Ойи, тиззангизда ётсам бўладими?
- Ҳозир ишим кўп, кейин ухлаймиз.
- Қорним оғрияпти.
- Шамоллагандирсан, қалин кийингин. Нима қилай...
- Ойи, кўйлагимни ювмадингизми?
- Бошқасини кий, кейин юварман.
Аввалига онамни роса айбладим. Лекин она бўлиб тушундим ҳаммасини. Онам бахтсиз эди. Онам дадамдан меҳр-эътибор кутарди. Аммо кутганини ололмасди. Ота-онасидан меҳр-эътибор кутарди, лекин кўрмасди. Ойнада ўзини ҳатто кўролмаган онам мени ҳам кўрмасди. Оналар бахтли бўлмаса сояси ҳам бўлмас экан. Оналарни бахтиёр қилган жамият бус бутун бахтиёрдир. Зеро, бахтли она- бахтли эр, бахтли боладир.
✍️
@umidaaziz — ҳаловат маскани