#tarjimalar
СЎЗЛАР АБАДИЙ, СЎЗЛАР ЎТКИНЧИ...
Илм ниҳоясиз кураш демакдир.
Ўзни танимоқ, энг буюк маърифатдир.
Мутолаа икки руҳ орасидаги ошиқона мулоқотдир.
Китобдан эмас, китобсизликдан қўрқинг.
Туйғуларнинг асолати таъсир кучи ва аниқлиги билан белгиланади.
Ҳар бир буюк инсон ўзи яшаган жамиятнинг ўгай ўғлидир.
Таржимон “мукаммал”ни қидирган телба, “фалсафа тоши”ни топишга бел боғлаган кимёгардир.
Ўз ҳақиқатини ўз сўзлари билан англатмоқ ҳар бир номусли қаламкашнинг виждоний бурчидир.
Дин – ташналик, абадият соғинчи... Билим эмас, ишқ...
Китоб истиқболга йўлланган мактубдир... Башанг кийинган ҳаяжон, мўмиёланган тафаккур...
Севги ғалати бир олов. Сўнмасин десанг, бор будингни унга ташлашинг керак: вақтингни, ғурурингни, шуурингни...
Ёруғликни қанчалик қидирмайлик, зеҳнимиздагидан ортиғини топишимиз маҳол.
Ўрмонни кўрмадинг, дарахтни кўрмадинг, шамол учириб оёғинг остига ташлаган бир ҳовуч қуриган япроқни инсон тафаккурининг жами деб ўйладинг...
Тушунча шубҳа билан бошланади.
Тушунча зидди билан бутундир. Зид фикрларга қулоқни беркитмоқ, ўзни хатоларга маҳкум этмоқдир.
Одамзод ёмон ўйинчоқлар пешидан югуришни тарк этмаган болага ўхшайди..
Мажҳулга очилган эшиклардир, китоблар. Эртакларга, сирларга, абадиятга...
Тарих – муҳри бузилмаган хазина.
Тарихнинг меъморидир исён: тақдирга, замонга, инсонга...
Буюк ёзувчи ичидан келган овозни тарошламай, қандай бўлса шундай ҳайқирган инсондир. Буюк ёзувчилар сўз қўллашда авом савияси билан ҳисоблашмайдилар.
Яшамоқ яраланмоқдир. Яраланмоқ ҳам гўзал.
Бир-бирини тўлиқ такрорлайдиган икки сўзни на бир тилда на икки фарқли тилда учратиш мумкин.
Сўзлар сенинг юлдузларингдир. Сўзлар... Сўйла, хиром айласин, олов сочларин ёйиб хаёлларнинг беадоқ боғида. Сўз ўрмонда ухлаб ётган дилбар. Шоир олислардан келган шаҳзода. Шундай севгинки, сўзларни. Сенга етсин улар. Юлдузлар Тангрига етганмикан? Сўзлар менинг сувдаги соям, силолмайман уларни, эркалолмайман. Давлатдир сўзлар, муҳташам ва муҳтарам. Кўнгилдан кўнгилга кўприк, асрдан асрга зина. Ўз аксимга маскан дарёдир сўзлар. Сўзлар абадий, сўзлар ўткинчи.
ЖЕМИЛ МЕРИЧ
Маъруфжон Йўлдошев таржимаси
Батафсил:
http://myuldashev.blogspot.com/2020/05/blog-post_17.html?m=1