НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАР ҚАНДАЙ ЛАВОЗИМЛАРДА ИШЛАШЛАРИ МУМКИН?
Бизга баъзан ногиронлиги бўлган инсонлар иш муаммосида ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Бандлик марказларига бориб рўйҳатдан ўтишни, улар расмий ишга кўмаклашувчи шахслар эканини айтсак, шундай қилишганини, лекин барибир ёрдам бўлмаётганини айтишади.
2022 йил 31 август куни Вазирлар Маҳкамаси “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 486-сонли қарори қабул қилган эди.
Мазкур қарорнинг иловалари билан
3 та муҳим ҳужжат тасдиқланган бўлиб, қуйида мазкур иловаларга қисқача назар ташлаб чиқамиз.
1. Ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган ишчи касблар ва хизмат лавозимларининг намунавий рўйхати (классификатори).
Ушбу рўйхатда
70 та меҳнат тури бўйича
700 га яқин касб ва мутахассисликлар акс эттирилган, улар орасида электр ва автотележка ҳайдовчиси, Президент Халқ қабулхонаси инспектори, шифокор-мутахассис, эксперт, товаршунос ва ҳоказолар мавжуд.
2. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг фаолият юритиши учун иш ўринлари ва касбларни мослаштириш бўйича тавсиялар.
Мазкур ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойларини аттестациядан ўтказиш, иш жойларидаги жиҳозлар ва меҳнат қуроллари бўйича тавсиялар, санитария-маиший ва махсус хоналарни ташкил этиш ва жиҳозлаш бўйича тавсиялар акс эттирилган.
Мисол учун, бино ичида ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланадиган эшикларни очиш-ёпиш мосламалари, горизонтал тутқичлар, дастаклар, жўмраклар, ускуналарни ишга солувчи тугмалар ва бошқа жиҳозлар баландлиги 1,1 метрдан ошмаган бўлиши лозим. Шунингдек, лифтлар, холлар, тамбурлари ва ҳожатхона кабиналарида “ташвиш” қўнғироқ тугмаси ва диспетчер (навбатчи) билан гаплашиш тузилмасини ўрнатиш тавсия этилади.
3.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг фаолият юритиши мумкин бўлган касблар ва лавозимлар рўйхати ҳамда меҳнат шароитлари бўйича тавсиялар.
Мисол учун, менингит, арахноидит, менингоэнцефалит G03,
энцефалит ёки энцефаломелит G05 касаллиги оқибатида ногиронлик орттирган шахслар тўқима мебеллар тўқувчи, техник-гидролог, тиббий рўйхатдан ўтказувчи, лифтчи сифатида ишлашлари мумкин. Бунда уларга енгил жисмоний зўриқиш, асаб-руҳий зўриқиш енгил ёки ўртача, юкнинг бир маротаба кўтариш оғирлиги
5 кг гача (эркаклар учун), 3 кг гача (аёллар учун) бўлган шароитларда ишлаш тавсия этилади.
Биз айтмоқчи бўлган фикр шундаки, жойлардаги (туман ва шаҳарлардаги) бандлик марказлари уларга иш сўраб мурожаат қилган ногиронлиги бўлган шахсларга йўлланмалар беришда юқорида тавсия этилган касб ва лавозимларни албатта инобатга олишлари лозим.
❗️
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 486-сонли қарори шуни куннинг ўзида кучга кирган.
Шерзод Толипов, меҳнат ҳуқуқи бўйича экспертимиз.