Кейинги пайтда айрим оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда ўзларини санъаткор, ижодкор, амалдор, ҳаттоки диндор санайдиган, шон-шуҳрат кетидан қувган мақтанчоқ, кибрли кимсалар пайдо бўлмоқдаки, қуйидаги сўзларимиз уларга қарата айтилган.
БИНО ҚЎЙМА
ЎЗИНГГА
Топганинг жуфт, балки тоқ,
Ўрикдирсан, балки қоқ,
Хоҳ дарё бўл, хоҳ ирмоқ,
Бино қўйма ўзингга.
Бошинг кўкка етса ҳам,
Қўлинг юлдуз тутса ҳам,
Чўлингда гул битса ҳам,
Бино қўйма ўзингга.
Эмасдирсан бергувчи,
Сен ҳам бир ризқ тергувчи,
Бўлма қошинг кергувчи,
Бино қўйма ўзингга.
Чинор балки савлатинг,
Минор балки давлатинг,
Унутмагин навбатинг,
Бино қўйма ўзингга.
Ҳар инсоннинг лойи бир,
Само, Қуёш, Ойи бир,
Охир борар жойи бир,
Бино қўйма ўзингга.
Том бўлмагин, фикр қил,
Шом бўлмагин, зикр қил,
Нафснинг кўзин сўқир қил,
Бино қўйма ўзингга.
Дард келмагай холангдан,
У ичдаги олангдан,
Тортадирсан болангдан,
Бино қўйма ўзингга.
Хушлаганинг балки май,
Балки булбул, балки най,
Охирингга тургин шай,
Бино қўйма ўзингга.
Ғанимат ёз-олов ҳам,
Ҳаттоки қиш-қиров ҳам,
Бир кун бўлар сўров ҳам,
Бино қўйма ўзингга.
Алиф қаддинг бўлмай дол,
Мақтов эмас, дуо ол,
Кор келмагай молу ҳол,
Бино қўйма ўзингга.
Токи борки танда жон,
Гувоҳ бўлсин ер, осмон,
Ҳакимжон дер: эй инсон,
Бино қўйма ўзингга.
Ҳакимжон СОДИҚОВ.