Muhammad Siddiq dan repost
ШОИР
Хоҳлаган рангимга бўяйман кунни,
ахир менам битта телба мусофир –
оппоқ қоғозларни қоралаб, тунни
ичиб кетаётган қоп-қора шоир.
Қайси маъшуқанинг кумуш тушидир
ҳалитдан тўкилган қора сочларим?
Юлдузлар ўшадир, уфқлар ўшадир –
алвон кафанларим, қон оғочларим.
Энди фаслларнинг нағмаси ёлғон,
тусланмам, сўнгунча зулмат пилиги!
Лойимга қорилган қоп-қора ёвғон,
қорайган қумғонда пишган илигим.
Ҳақнинг арконидан қувилган малак –
аёл кўкрагидан тошган азобман,
мен – аччиқ масаллар тўқиган малай,
қоядан ташланган ўша Эзопман.
Мунғайиб қайтади букри қушларим
кўлмакдаги ойнинг аксига қараб.
Балки бераётир сўйлоқ тишларим
ичимдаги шайтон турқидан дарак?
Тепамда таъқиқ бор, теграмда таъқиб,
ўқчиб талпинаман, ўпиб суяман!
Тонг отар мурдамни бурчакка сиқиб,
шунгами ориқман, қоқшол суякман.
Судрайман, қўйнимга қисилган шамол,
ухлайман бошимга булутни тўшаб.
Китоб орқалайман, юрагим – ҳаммол,
аммо ҳайдаб борар ўзимни эшак.
Ёки тошбақаман, косамдаги руҳ
Гулханий довотин қатлига тушган
ва ё осмон билан тузолмасдан сулҳ,
қафасда эзилган япалоққушман.
Исмимни унутиб, гоҳо шошилинч
жисмим тугагунча келади ечгим.
Тийра нигоҳимда оқарган илинж,
қора кўзларимга қаролмас ҳеч ким.
Салом, фаришталар, оқлар, ассалом!
Сизга нуқсим юқмас, олманг xавотир!
Бу дунё оппоқдир, мен эса ҳамон
қоп-қора шоирман, қоп-қора шоир.
Муҳаммад Сиддиқ
Хоҳлаган рангимга бўяйман кунни,
ахир менам битта телба мусофир –
оппоқ қоғозларни қоралаб, тунни
ичиб кетаётган қоп-қора шоир.
Қайси маъшуқанинг кумуш тушидир
ҳалитдан тўкилган қора сочларим?
Юлдузлар ўшадир, уфқлар ўшадир –
алвон кафанларим, қон оғочларим.
Энди фаслларнинг нағмаси ёлғон,
тусланмам, сўнгунча зулмат пилиги!
Лойимга қорилган қоп-қора ёвғон,
қорайган қумғонда пишган илигим.
Ҳақнинг арконидан қувилган малак –
аёл кўкрагидан тошган азобман,
мен – аччиқ масаллар тўқиган малай,
қоядан ташланган ўша Эзопман.
Мунғайиб қайтади букри қушларим
кўлмакдаги ойнинг аксига қараб.
Балки бераётир сўйлоқ тишларим
ичимдаги шайтон турқидан дарак?
Тепамда таъқиқ бор, теграмда таъқиб,
ўқчиб талпинаман, ўпиб суяман!
Тонг отар мурдамни бурчакка сиқиб,
шунгами ориқман, қоқшол суякман.
Судрайман, қўйнимга қисилган шамол,
ухлайман бошимга булутни тўшаб.
Китоб орқалайман, юрагим – ҳаммол,
аммо ҳайдаб борар ўзимни эшак.
Ёки тошбақаман, косамдаги руҳ
Гулханий довотин қатлига тушган
ва ё осмон билан тузолмасдан сулҳ,
қафасда эзилган япалоққушман.
Исмимни унутиб, гоҳо шошилинч
жисмим тугагунча келади ечгим.
Тийра нигоҳимда оқарган илинж,
қора кўзларимга қаролмас ҳеч ким.
Салом, фаришталар, оқлар, ассалом!
Сизга нуқсим юқмас, олманг xавотир!
Бу дунё оппоқдир, мен эса ҳамон
қоп-қора шоирман, қоп-қора шоир.
Муҳаммад Сиддиқ