Юртим, туркийларнинг ватанисан сен,
Тарихинг туташган Битиктошларга.
Ёфаснинг нафаси,Турнинг наъраси,
Недан дарс ўтмайсан бугун ёшларга?!
Бори ёвни енгган битта чўпонинг,
Широққа ватансан,эй қалби ёвқур,
Недан кесилгандек бугун забонинг,
Йиқилма, тарқама, Она Турон, тур.
Қўлида қиличи Тумарис қизинг,
Мешга тиқар ёвнинг қонхўр бошини.
Фарзанд доғин ютар оқлаш-чун тузинг,
Қиличга суртади кўзин ёшини.
Кубролар қўлига олсин байроғинг,
Адолат қиличин Темурлар тутсин.
Алпомиш улғайтсин ҳар битта боғинг,
Ҳар алпинг вафодар Барчинлар кутсин.
Эсла, Она Турон! Тарқама, бирлаш,
Сендан гўзал юрт йўқ ёруғ жаҳонда.
Довруғинг аслида кўкларга туташ,
Ботирлар туғилсин яна Туронда.
Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА