Бундан бир неча ой аввал ёш шоирлар мушоираси саҳифасида Мажнунанинг бир неча шеъри билан таништирган бўлсам, бугун унинг катта шеърий туркумини тақдим этмоқдаман. Бу шеърларда ўз йўлини топишга уринаётган ҳар бир ёш ижодкорга хос бўлган, йиллар ва изланишлар таъсирида камайиб борадиган камчиликлар: таҳрирга муҳтож сатрлар, тимсоллару мавзуларнинг такрорийлиги, маромига етмаган оҳанглар ҳам учрайди. Бу шеърлар ҳали бугунги ҳаётдан қониқмаган, ёнида далда берувчи, маслаҳатлашадиган ижодкор муаллимлару тенгдош сафдошлар йўқлигидан қийналаётган, балки шунинг учун турмушда шодликдан кўра қайғуни кўпроқ кўраётган ва айниқса, муҳаббат синовларидан кўнгли нола чекаётган таъсирчан қиз руҳияти манзараларидир.
Мажнунанинг шеърида дард кўп. Биламан, бу дунёда дардсиз қалб йўқ. Дардсиз шеърият йўқ. Ҳазрат Навоийнинг ҳар бир сатрида буюк Дард бор. Аммо, Дард тушкун кайфиятдан, ишончсизликдан эмас, ҳаётга, Инсонга муҳаббатдан туғилиши керак, деб ўйлайман. Айни шу сабабдан, Мажнунанинг ишқ қайғуси тўлдирган юрагида умидли қувонч шами пирпираб ёниб турганини кўриб қувонаман. Зеро, асл Шоир ғамгинларга ҳамдард бўлмоғи керак. У ўз ғамини изҳор қилиш баробарида бошқалар ғамига шерик бўлгувчи, уларнинг дардини аритгувчи малҳам тутмоғи лозим.
Айтмасам бўлмайдиган яна бир гап: шоиранинг аксарият шеърларида ўлим ҳақидаги сатрларни ўқиш мумкин (Мен уларнинг кўпини туркумдан олиб қўйдим). Бундай ҳолат ёш ижодкор учун жуда хавфли эканини қатъий айтишим керак. Буни англаш учун адабиёт тарихига кўз ташлаш кифоя. Устоз Эркин Воҳидов бир мақоласида шундай ёзган эди: Халқимизда бир ҳикмат бор, яхши ниятга ҳам, ёмон ниятга ҳам фаришталар омин дейдилар! Мен, ижодкор дўстларимга мурожаат қилиб айтгим келади: Яхши ният қилинг, шоирлар!..» Менинг бу сўзларимни Мажнуна тўғри тушунишини истайман. Зеро, унинг шеърларини ўқир эканман, унинг юрагида жуда катта Дард билан баробар улкан Бахт уммони мавжланиб турганини илғадим. Йигирма ёшли инсон ҳали ҳаёт денгизи соҳилидан унча узоқлашмаган, олдинда нималар кутаётгани эса ёлғиз Яратганга маълум. Умидим шулки, Мажнуна Бахтини кўзлаб, ундан тирикликка ёдгор бўлиб қолажак Сўзини излаб олға сузсин. Қайғу билан Шодлик икки елкани бўлсин.
Бир шеърида «Машрабнинг дардини дилга солиб шарт, Биз кириб боряпмиз адабиётга…» дея, яна бир шеърида «Қани етармикан бардошлари деб, Кўкдан Усмон Носир қараб турибди», дея Сўз олдидаги масъулиятини англаган ёш ижодкор қизимга муваффақиятлар тилайман.
Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири