Тарихни ўрганинг, жамиятдаги барча муаммоларнинг ечими тарихда мавжуд. Тарихни билмасангиз, сизга ҳар қандай инсон раҳбарлик қилиши мумкин!
КАТТА МАНСАБЛАР, 17 ҚОП ОЛТИН ВА АЯНЧЛИ ЎЛИММанғитлар сулоласининг сўнгги вакили – амир Саид Олимхон (1881–1944) Россияда таҳсил олган ҳарбий бўлса-да, ХХ асрнинг бошларидаги дунёда кечаётган жараёнларга бефарқ қаради. Амирликда ислоҳот ўтказиш, «ёш бухороликлар» билан муросага бориш ўрнига саройда маишат билан шуғулланди, жадидларни таъқиб қилди. Атрофига эса ўзига садоқатли бўлиб туюлган, аслида фосиқ ва золим амалдорларни тўплади.
Шундай тоифа амалдорлардан бири – хазиначи Имомқул эди. Ўша вақтда амирлик хазинаси дунёдаги энг бой молиявий маскан бўлиб, Имомқул ихтиёрида 40 нафар хазиначи бўлган.
Имомқул амир Абдулаҳад даврида саройдаги энг паст даражали ходим бўлиб, шаҳзода Олимхоннинг ишларига ёрдам бериш билан машғул эди. 1910 йилда отасининг ўрнига тахтга чиққан Саид Олимхон ишончини қозонган, маишатпарастликда айнан ўзига ўхшаш бўлган Имомқулни дастлаб Қаршига ҳоким этиб тайинлади.
Қаршининг сулув қизларини, халқ бойликларини солиқ йиғиш баҳонасида Бухорога жўнатиб турган (табиийки, ўз улушини олиб қолган ҳолда) Имомқул кўп ўтмай, саройга ишга олинди. Энди у кимсан – худайчи ва хазиначи лавозимини эгаллаган эди.
Фитратнинг ёзишига кўра,
«Бу жоҳил ва беҳаё киши фақат хазиначилик вазифаси билан қаноатланмади. У Олимхоннинг нодонлиги ва иродасизлигидан фойдаланиб, мамлакатнинг барча ишларига ўзининг ифлос қўлини чўзди. У катта-катта мансаб ва амалларни тақсимлар, амирнинг инъом ва эҳсонлар рўйхатини тузар, қозихона ва шариат ишларига аралашарди. Имомқул амалдор ва ҳокимлардан ҳисоб талаб қилар, амирнинг айш-ишрат, турфа хил мажлисларини ташкил этар, ҳарбий ишларга ҳам аралашиб, ҳатто, уруш режасини ҳам тузарди».Ана шундай фисқу фасодлар эвазига бойиган Имомқул ва унинг олампаноҳи Олимхонга тўпланган молу мулки насиб этмади. 1920 йилнинг сентябридаги большевиклар зарбасидан сўнг таназзулга учраган амирлик интиҳосига етди. Амир ва амалдорлар, хусусан, Имомқулга хазинадан ҳам кўра жон ширин туюлиб, Афғонистонга қочиб, ўша ердан паноҳ топишди. Улар Афғон заминига атиги 17 қоп тилланигина олиб кетишди, бошқаси эса большевиклар қўлида қолди.
Дабдабали қўш лавозими, улкан хазинасидан асар ҳам қолмаган Имомқул Афғонистонда ҳам Олимхоннинг пинжига кириб ҳаётини маишат билан ўтказа бошлади.
Аммо, Бухоро халқининг бойликларини талаган, золимлиги эвазига Жаллодбек лақабини олган Имомқулга Яратганнинг ўзи жазо тайинлаб қўйган экан. 1925 йилга келиб, у оғир дард – заҳм касалига чалинди. Беш йил олдин амир саройида гердайиб юрган Имомқул озиб-тўзиб, аъзои баданини яра босиб кетди. Унинг танасидан йиринг оқар, ҳатто, энг яқин одамлари, хотини ва фарзандлари ҳам Имомқулдан ирганиб, қиё боқмай қўйишди.
Олампаноҳи Олимхоннинг ҳам кўзига ишратбоз хазиначиси аянчли кўринганидан уни йўқлаб ҳам чақиртирмади. Шу тахлит амирликнинг Жаллодбек лақабли амалдори ёт элларда аянчли тарзда 50 ёшга ҳам етмай вафот этди.
Умид БЕКМУҲАММАД,тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
@ommaviy_gap