Картосарнинг бир ҳикояси бор: "Франциядаги бир хонимга мактуб". Андре хонимни ҳикоячининг ўзи кўрмаган, билмайди. Хоним сафар юзасидан Францияга жўнаган, ҳикоячи эса ҳар ой турар жойини ўзгартиради. Сабаб оддий -- кўнгли айнийди, миттигина, оппоқ қуёнча қусади (Кортасар рамзни боплайди). Ҳикоячининг айтишича, жараён ўз ўзидан кечади, ичида талотўп бошланиб, кўнгли айниркан, у оғзига икки қўлини солади ва қуёнчанинг пайдо бўлишини кутади. Сўнг митти қуёнчанинг қулоқларидан тутиб кафтига қўяди, олиб бориб токчадаги гултувакка туширади, ёнига беда ташлайди. Қуёнча жуда митти, у одатий ўлчамга келгунча бир ойлар вақт керак. Ҳикоячи эса уни йўқ қила олмайди, нима бўлганда ҳам шу бир ой ичида иккисининг бир ҳаётга боғланиб яшашини у ич ичидан ҳис этади. Тобора ўсиб бораётган қуёнчани охири ўша уй эгаларигами, ён қўшнидан бирортасигами тортиқ қилиб кетаверади. Қуёнча ва ҳикоячи шу ўринда ажралишади, тамом. Ўша қуёнчадан сўнг ҳикоячи тўрт ҳафтами, баъзида беш-олти ҳафталар ҳам бемалол ишини қилиб юраверади. Аммо бу сафар бошқача. Кетма-кет ўнта қуёнча қусади. Андре хоним тартибни, гўзалликни хуш кўрадиган аёл... Ўйинқароқ қуёнлар кечаси билан тинимсиз сакраб-ўйнайверади. Хонимнинг айрим жиҳозлари синиб, баъзи китоблар чайналди. Сўнг ўн биринчиси чиқди. Мана шу ерда ҳикоячининг асаби дош беролмайди: ўнта бошқа гап, дейди у, ўнтадан сўнг нуқта бор. Аммо ўн биринчидан кейин ўн иккинчи, ўн учинчи, ўн тўртинчи туғилиши мумкин. Улардан тезроқ қутилиш керак.
У қуёнчаларни боғга қўйиб юборадию, хаёли уларда, мактаб болаларидан чўчийди.
Қуёнчаларни нима деб аташ ўқувчининг ўзига; эҳтимол, уларни ҳикоялар дейиш мумкиндир. Бир ҳикояни дунёга келтириш, уни авайлаб оёққа турғизиш ва эркинликка қўйиб юборишга менгзаш тўғридир. Аммо асосий гап кўнгил айнашида, қусишда. Нега унинг кўнгли айнаб қусади? У қандай одам ўзи?