Кишилар миллий қадрият, анъана ва удумларни сақлашга, ҳурмат қилишга мажбурми?
Масалан, оила Шарқ жамиятидаги энг асосий қадриятлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳамма оила қуришга мажбурми? Жавоб – йўқ. Конституцияга асосан ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Яъни инсон истаса, оила қуради, истамаса тоқ ўтади ва бу кишининг муҳокама қилиниши керак ҳам бўлмаган фундаментал ҳуқуқи ҳисобланади, худди шундай, бокиралик, болали бўлиши ёки бўлмаслик ва шу сингари бошқа нозик масалалар ҳам. Аммо бу ерда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳат – бундай қарорга кишини ўзининг ва бошқаларнинг муносабати.
Масалан, блогер (умуман, исталган шахс) ўз саҳифасида “Наврўз оташпарастларнинг байрами эканлиги ҳамда уни нишонловчи ҳар қандай киши кофир ва хоин эканлиги” тўғрисида материал жойлаштириб, ушбу байрамни нишонлаётган кишилар, жамият ва давлат тўғрисидаги фикрини беодоблик билан ифодалади. Ёки “замонавий қиз идеалини тавсифлай туриб, никоҳга қадар бокиралигини сақлаб келадиган қизлар қолоқ”ликда айбланди.
Ҳуқуқий жиҳатдан айтадиган бўлса, кишилар ўзгаларнинг ахлоқий қарашлари, қадриятлари ва ҳаёт тарзини маъқуллаши, қўшилиши шарт эмас, бироқ уни ҳурмат қилишга мажбур. Бунда ҳурмат қилиш кишининг қарашларини одатий ва табиий қабул қилишни эмас, балки қарама-қарши фикрларга нисбатан толерант бўлишни ва бундай қарашдаги кишилар шаъни ва қадр-қимматини ерга урмаслик кераклигини англатади.
Юқорида келтирилгандек, ҳар бири эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Аммо Конституцияга кўра, кишилар ҳуқуқ ва эркинлигини амалга оширишда бошқа кишилар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига путур етмазмаслиги керак. Яъни бошқанинг ҳуқуқи бошланган жойда кишининг ҳуқуқлари, шу жумладан, ахборот тарқатиш ҳуқуқи тугайди. Кишилар бошқаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур.
Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, фуқаролар миллий қадрият, анъана ва удумларни сақлаш ва риоя қилишни ўзлари учун ўзлари ҳал қилсалар-да, уларни ҳурмат қилишга мажбурдирлар. Бу мажбурият, ўз навбатида, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборот ёки жамиятга, давлатга ҳурматсизликни намоён этувчи, шу жумладан, беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатишни ҳам тақиқлайди.
Яна шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, жамият кайфиятидаги ўзгаришлар, жумладан, аёллар ва эркаклар ўртасидаги ижтимоий муносабатларга нисбатан радикал қарашларни юмшатиш ва кишиларнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовузларнинг олдини олиш мақсадида айрим тоифадаги ахборотни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган. Масалан, қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришларга кўра, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни тарқатиш эндиликда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шунга қарамай, қонун конструктив танқидни тақиқламайди. Жамики, масалалар юзасидан фикр билдириш мумкин, фақатгина фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказмаслик, жамият ва давлатга ҳурматсизлик қилмаслик шарти билан.