3. Албатта, Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнг аршни эгаллаган Аллоҳдир. У ишнинг тадбирини қиладир. Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинглар. Эсламайсизларми?!Кофирлар Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан бирига ваҳий юбориши мумкинлигига ишонмай, турли гап-сўзлар қилишмоқда. Аммо эслаб кўрсалар, фикр юритсалар, ҳар қадамларида Аллоҳ не-не катта ишларни вужудга келтириб қўйганини англайдилар. Мисол учун, осмонлару ерга қарасинлар. Уларни Аллоҳ таоло яратган.
«Албатта, Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган»,Агар кофирларда бунга ҳам эътирозлар бўлса, ўзларининг ҳақ эканликларини исбот қилсинлар. Аллоҳ таоло Ўзининг Робблик–тарбиякунандалик сифати ила осмонлару ерни олти кунда яратган. Бу олти куннинг ҳақиқатини–кайфиятини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо бизнинг тушунчамиздаги «кун» маъносида эмаслиги маълум. Чунки бизнинг тушунчамиздаги «кун» осмонлару ер яратилгандан сўнг ерга муносиб бўлган вақт билан чегараланади. Бу оятдаги «кун» эса, осмонлару ер яратилишидан олдинги замонга тегишли вақтни англатмоқда.
«…сўнг аршни эгаллаган Аллоҳдир». Аллоҳ, ана ўша Робб–тарбиякунандалик сифати ила осмонлару ерни яратиб бўлгандан сўнг Аршни эгаллаган зотдир. Аллоҳ таолонинг Аршни эгаллаши ҳақидаги масала ҳам уламолар орасида кўплаб тортишувларга сабаб бўлган бу ҳақда олдин келган шунга ўхшаш оятлар тафсирида батафсил сўз юритилгандир.
«У ишнинг тадбирини қиладир».Бу дунёда нима иш бўлса, ҳаммасининг тадбирини Аллоҳ қилади. Ҳар бир ишнинг аввали ҳам, охири ҳам, фойдаси ҳам, зарари ҳам, бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам–ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқдир. Ана шу сифатларга эга бўлган зот бандаларидан биттасига ваҳий юборса, ажабланарлими? Эсламайсизларми?!
«Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас».Мушриклар Аллоҳни инкор этишмас, аксинча, Унинг борлигини эътироф қилар эдилар. Лекин Унинг амрига бўйсунмай, ўзларича иш тутардилар. Аллоҳнинг элчисини, унга келган ваҳийни инкор этиб, ибодат йўлини ўзларича топмоқчи бўлардилар. Ўзлари сиғинаётган бут ва санамларни, Аллоҳнинг олдида шафоатчи бўлади, деб эътиқод қилардилар. Уларнинг бу эътиқодлари нотўғри эканлиги ушбу оятда баён этилмоқда. Аввало, у дунёда ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлади, биров бировга шафоат қилиб, уни қутқариб қолиши жуда қийин. Қолаверса, Аллоҳнинг изнисиз ҳеч ким шафоатчи бўла олмайди. Ўзига шерик қилинган буту санамларга шафоатчилик қилишга Аллоҳ изн бермаслиги яна ҳам аниқ. Шунинг учун ҳам инсон ўзича тахминга берилиб, турли йўлларга бошини ургандан кўра, Аллоҳнинг Пайғамбарига келган ваҳийга ишониб, унга эргашиб қўйгани афзал эмасми? Эсламайсизларми?!
«Ана ўша Аллоҳ, Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинглар».Юқорида зикр қилинган васфларга эга бўлган зот сизнинг Роббингиздир, эй одамлар. Бас, шундай экан, фақат Унгагина ибодат қилинг. Яъни, фақат Унинг айтганига амал қилиб яшанг. Ҳаётингизнинг ҳар бир соҳаси, ҳар бир лаҳзаси унинг кўрсатмасига мувофиқ бўлсин.
«Эсламайсизларми?!» Ахир:
@mehrob_uz