Абдулла Ғозиев dan repost
НАМАНГАН ХАЛҚАРО ТИББИЁТ ФОРУМИГА
ТАРАДДУД КЎРИЛМОҚДА
2019 йил 13-14 сентябрь кунлари Наманган вилояти тарихидаги яна бир йирик халқаро анжуман – “ХХ1 асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожлантиришда инвестиция ва инновацияларнинг роли” мавзуига бағишланган тиббиёт форуми ўтказилади.
Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган Халқаро тиббиёт форумида вилоят тиббиёти ва фармацевтика саноатининг салоҳияти намоён этилади ҳамда ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазмаси ташкил қилинади.
Халқаро тиббиёт форумида жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлатидан, яъни Россия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Уммон, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия, Ҳиндистон, Миср, Исроил, Сингапур, Малайзия, Озарбайжон, Қозоғистон, Беларусь, Болгария, Саудия Арабистони, Туркманистон ва Украинадан 150 нафар хорижий компаниялар вакиллари ва тиббиёт соҳасинринг етук олимлари қатнашади.
Форумнинг тантанали очилиш маросими 13 сентябрь куни эрталаб Тўрақўрғон туманидаги “Ширинлик” маданият саройида бўлиб ўтади. Форум очилишида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмонов ҳамда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров нутқ сўзлайди. Қатор давлатларнинг таниқли олимлари, сармоядорлари ва мутахассислари маърузалар билан чиқадилар.
Куннинг иккинчи ярмида бешта йўналиш - эндокринология, кардиология, жарроҳлик, оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда фармацевтика бўйича секция йиғилишлари бошланади. “Қандли диабет ва юрак-қон томир касалликлари: даволаш ва диагностикасининг замонавий усуллари”, “Кардиология муаммолари ва юрак – қон томир касалликларининг рентгенэндоваскуляр жарроҳлик ва кардиожарроҳлик йўли билан даволаш”, “Хирургик хасталикларнинг юқори технологик даволаш ва ташхислаш усуллари”, “Оналик ва болалик соҳасида тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари. Оналик ва болаликда инновацияларнинг аҳамияти” ва “Фармацевтика тармоғи ривожига инновацияларни татбиқ этиш” мавзуларида кечадиган секция муҳокамаларида хорижлик ва ўзбекистонлик таниқли олимлар ҳамда мутахассисларнинг илмий маърузалари тингланади.
Форум доирасида хорижий тадбиркорлар билан фармацевтикага оид меморандумлар имзолаш тадбирлари ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, 14 сентябрь куни эрталабдан тиббиёт соҳасининг таниқли намояндалари иштирокида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят перинатал марказида ва вилоят кардиология марказида ҳамда “Анамед” ва “Ойдин шифо” хусусий клиникаларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
14 сентябрь куни соат 9.00 да Россия Федерацияси Урал давлат тиббиёт университетининг Наманган давлат университетида ташкил этилган қўшма тиббиёт факультетининг очилиш маросимини ўтказиш режалаштирилган.
Меҳмонлар вилоятимизнинг тарихий обидалари, янги барпо этилган иншоотлар ва муқаддас қадамжоларни бориб кўрадилар.
- Ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли бизнес режалари бўйича вилоятимизга инвестиция киритиш, янгидан-янги инновацияларни амалиётга татбиқ этиш, тиббиётда замонавий технологияларни қўллаш, фармацевтика саноатини тараққий эттириш форумнинг бош мақсадидир, - дейди Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўмиинов.
Ҳа, гуллар шаҳри сифатида довруғ қозонган Наманган яқин орада соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида ҳам ўз нуфузи ҳамда юксак салоҳияти билан жаҳонга танилиши шубҳасиз. Умид қиламизки, форум доирасидаги саъй-ҳаракатлар ва илмий анжуманлар пироварида эришилган натижалар ана шу эзгу мақсадга пойдевор вазифасини ўтайди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.