ОНА
Йўлга чиққан бўлсанг орзулар томон,
Толе ҳузурига талпинган бўлсанг,
Онадан бошлангай бари бегумон,
Онадан ҳеч бири аввалмас, билсанг!
Шу бир сўз юракка илоҳий малҳам,
Атрофи самовий мушк-ла ўралган:
Ҳаттоки ярқироқ «бахт» деган сўз ҳам
«Она» деган сўздан кейин яралган.
Шу қадар қутлуғ бир таъриф ўсганки,
Бари Ҳавводан сўнг бошланган бўлса
Ва Одам бобомиз келган масканки,
Волида пойига тўшалган бўлса,
Мен нетдим бошқа бир улуғвор сўзни,
Зотан шу калим-ла Дилни йўқлайман.
Онамга қаратиб нам тўла кўзни,
Жимгина йиғлайман, бахтли йиғлайман!
@Xayrulla_Hamidov_adabiyot