AYOLLAR.UZ


Kanal geosi va tili: ko‘rsatilmagan, ko‘rsatilmagan
Toifa: ko‘rsatilmagan


O’zbekistonda gender tengligi

Связанные каналы

Kanal geosi va tili
ko‘rsatilmagan, ko‘rsatilmagan
Toifa
ko‘rsatilmagan
Statistika
Postlar filtri




Умид - сахарда уйғонишимизни билмасак-да, қўнғироқли соатни ҳозирлаб ухламоқ демак..✨






Ўлсам…
Қабримга қўядиган гулингиз ҳам,
Кўз ёшингиз ҳам керакмас.
Бор-йўғи “Алвидо!” дейиш учун одамларнинг узоқдан етиб келишига ҳеч керак йўқ!

Агар мени севсангиз - нимани кутаяпсиз?
Менга ҳозирнинг ўзида гул юборинг,
Ҳозироқ келинг ёнимга.
Бироқ ўлишимни кутманг!








Мен - бошингдан кечган сирли можароман, эҳтимол; Англатилмас бир қисса, битмас яраман..

Унуттира олмас мени -
Сен панох топган сохиллар;
Мен сенинг юрагингдаги буюк бўронман...

Атилла Илҳан




"Дунёдаги барча тонгларда ИШҚ бор.
Агар юрагингнинг Қуёшини кўра олсанг."

Рабиндранат Тагор


Танасини иккига бўлолмаяпти – қанийди, бир қисми Туркияда пул топса-ю, иккинчи қисми боласини қучоқласа...
Ҳеч бўлмаганда, сен уларни қучоғингга ол, Ватан! Малика оиласида қолсин, эри ишласин. Малоҳатлар, сабиналар, раъноларни собиқ эрлари уй-жой билан таъминласин; уларга ва фарзандларига етарли маблағ ажратсин; “онаси ўпмаган”ига уйланиб кетавермасин; эркакларимиз ҳам бироз масъулиятни елкасига олсин!
Буларни ҳукуматга уқтир, Ватан!

#никохшартномаси
#оилакодекси
Сабоҳат Раҳмон


Авваллари 1 ёки 2 йиллик муддатга бериладиган яшаш рухсатномалари бундан кейин фақат 6 ойга бериладиган бўлди ва рухсатнома эгаси давлат банкларидан бирида ҳисоб очиб, унга Асгари ужрет (Туркиядаги энг кам иш хақи)нинг 1,5 баробари миқдори (25.503 TL – тахминан 10.000.000 сўм)да пул қўйиши ва бу пулдан ўз эҳтиёжлари учун фойдалангани ҳақидаги маълумотлар (чеклар)ни GÖÇ идорасига ҳар ой тақдим этиши шарт қилиб қўйилди (Мен билган меҳнат муҳожирлари ойда бунча пулни ўзлари учун сарф этмайди. Маошларини олишлари билан дарҳол юртга – оиласига жўнатиб, ўзи учун арзимаган чақаларни олиб қоладиганларнинг кўпини кўрдим бу ерда: Муаллиф).

“Туркияда нима бор? Ўз юртингда ишлаб, пул топиб, болаларингга едир, ҳам ёнида бўласан”, - дейди ижтимоий тармоқлар орқали кўпчилик эркаклар ва ҳатто айрим аёллар ҳам. Юртда бирор касб ё ҳунар эгаллай олмаган минглаб аёлларимиз ойига 8-12 млн. сўмлик маош учун қатор-қатор бўлиб Туркияга кетаётганининг сабаби нима, сизнингча? Улар сиз ўйлагандек, фоҳиша эмас, балки ўз боласи, оиласи учун тиш-тирноғи билан тиришиб-тирмашаётган, бировларнинг хизматини қилиб бўлса ҳам, ҳалол пул топаётган жабрдийда аёллардир.
Муҳожир аёлларнинг дардига даво бўла олмаётганимизга яраша, уларга бироз тиргак бўлиб, хотин-қизларимизни бу чорасизликдан қутқара оладиган имконларни яратсак бўлмасмикан? Ахир гулдек ўзбек аёлларимиз қачонгача хорижда хизматкорлик қилади? Дунёни илм-фан, касб-ҳунар орқали забт этиш қачон насиб бўлади миллатимизга? Агар “Никоҳ шартномаси” аёлларимизни ҳимоя қилишга қаратилса, ўзбекойимлар болалари ёнида бўлса, юрт келажаги бўлган авлоднинг қадамлари шаҳдам, мағзи тўқ, юрагида ишонч билан Ватаннинг эртасини фахрга тўлдирарди, эҳтимол.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг “Эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби” деб номланган 6-боби, 29-36-моддаларида “Никоҳ шартномаси” тартиби акс этган. Унга кўра, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси, деб ҳисобланади.
Бизнинг мамлакатда “Никоҳ шартномаси” ихтиёрийдир. Бу тартиб ҳар бир оила учун мажбур қилиб қўйилсагина, ажрашиб, уйсиз-жойсиз, маблағсиз қолган аёллар муҳожирликка кетмасдан, “Никоҳ шартномаси” талабига кўра, собиқ эри томонидан тақдим этиладиган уй-жойга эга бўлиб, болаларини ёлғиз ўзи боқиш мажбуриятидан ҳам қутуларди, ҳам фарзандларининг ёнида қоларди.

Истанбулга ишлаш учун келаётган муҳожир аёлларимиз бу шаҳарни севади, шу ерда ишлаётганидан фахрланади ҳам. Аммо бу маконни қизғиш-олтингранг тусга чулғаб отгувчи тонгини, соҳилини бижирлаган кўпикларга кўма-кўма пишқиргувчи денгизини, бир-бирига ўхшамас, зариф-у қаландар каби айро кўчаларини томоша қилишга уларнинг фурсатлари-да, имконлари-да йўқ. Чунки бу жабрдийда аёллар азим шаҳарга ишлагани, оиласининг тирикчилигини ўтказиб, рўзғор камчилигини тўлдиришга келишган. Нозик қўлларини, ҳатто ўз болалари ирганадиган кекса ва хаста қарияларнинг нажасига ботириб, ювиб-тараб, оҳорлаб, парваришлайдиган, ҳафтада бир кун ташқарига чиқиб, бир қўлида кулчанон-у иккинчисида чойи билан тоза ҳаводан нафас олиб туриб, ўзини бахтли ҳис этадиган, сўнгра ҳамон Оқсаройга бориб, бирор кишининг номидан (ўзи рухсатномасиз ишлайди) қўлидаги бор пулини унга кўз тикиб турган оиласига – Ўзбекистонга юбориши керак бўлган ўзбекнинг виждонли муҳожир аёли...
Хоразмлик Малика каби Туркиядаги мушфиқ, меҳнаткаш аёлларимиз ўз меҳнатлари, топган пуллари билан юртнинг дардига дармон, белига қувват бўляпти. Давлат келажаги бўлган фарзандларини едириб-ичиряпти, ўқитяпти, кийинтиряпти, контрактини тўлаяпти, уй олаяпти, боласини уйлаб-жойлаяпти. Қайси тарафдан қарасангиз-қаранг, юртга кириб келаётган пуллардан давлатимиз ҳар томонлама манфаат кўряпти. Аммо шунда ҳам бу бели букри, сочи супурги бўлаётган ўзбек аёлларимиз қадрсизлигича қолмоқда, туҳмат ва иғволар эса дўл каби уларнинг бошидан ёғилади. Ёлғиз айби: болаларининг ёнида бўлолмаяпти бу аёллар.


МУХОЖИР АЁЛЛАРГА ҚУЧОҒИНГНИ ОЧ, ВАТАН!

Хоразмлик Малика – меҳнат муҳожири. У 7 йилдан бери Туркияда. Аввалига Измир, Самсун, Бурса вилоятларида ишлади. 3 йил аввал эса Истанбулга кўчиб ўтди. Уни Туркияда илк қабул қилган оила отурма изни (яшаш рухсатномаси) қилдириб берганди. Ҳар йили отурма изни пулини тўлаб, чўздириб юрди. Аммо сўнгги йилларда бир ойлик маошига тенг тўлов унга оғирлик қила бошлади. Натижада ноқонуний ишлаётган муҳожирга айланди. Масалани ҳал этиш учун у интернет орқали бир шахс билан танишди. У Маликанинг яшаш рухсатномасини арзон нархда янгилаб беришини айтди. Малика айтилган пул ва муддати ўтган кимлигини топшиб, бир ҳафта ўтар-ўтмас янги кимлик (отурма изни рухсатномаси)ни қўлига олди. Орадан яна 6 ой ўтгач, қўлидаги янги кимлик билан Ўзбекистонга бориб келмоқчи бўлиб, аэропортга келди. Ҳужжатнинг сохта экани шу ерда маълум бўлди. Маликани 5 йилга депорт қилишди. Аммо у ишлаши лозим. Уйда ишсиз эри ва 3 боласи унинг қўлига қараб ўтирибди. У танишлари орқали Туркиядан бир ширкат топди, 1200 АҚШ доллари эвазига Маликанинг 5 йиллик депортини очиш (жарималарни тўлаш орқали) ва бир ой ичида ишчи виза билан уни Истанбулга чақириб олишларини айтишди. Ҳозирча Малика ширкатга айтилган миқдордаги пулнинг ярмини жўнатди. Қолганини борганда бермоқчи.
-Ишлаб топган пулимнинг бир қисмини иш учун беришга мажбур бўлдим. Наилож. Қолган қисмини Истанбулга борганимда ишлаб тўлайман.

Бугунги кунда Туркияда сертармоқ ширкатлар бўлиб, улар одамлар меҳнати савдоси билан шуғулланишади. Уларнинг бош офиси Истанбул ёки Анқарада жойлашган бўлса, шўъбалари Ўзбекистон, Қирғизистон каби давлатларда ҳам бор. Бир киши учун хизмат нархи 1200-1500 АҚШ долларига тенг. Ишчи Туркиядаги ширкатнинг Ўзбекистондаги шўъбасига оид бўлган “боқимга муҳтож бўлган кекса ва хаста кишиларни парваришлаш” каби ишда ўз мамлакати ҳудудида бир неча ой давомида ишлайди. Сўнгра бош офис уни ишчи виза орқали Истанбул ёки Анқарага чақириб олади, мижоз боқувчилик ишини энди Туркияда давом эттиради.
Истанбуллик Меҳметбейнинг шундай ширкати Кадикўйда ишлаб турибди. Бу каби ширкатлар тўпламидан иборат 4 қаватли бинони Меҳметбей ва у каби бир нечта турк ватандошлари ижарага олишган.
-Биз бу тизимни турмуш ўртоғим билан бирга бошлаганмиз, у ҳам ўзбекистонлик. Бизнинг қилаётган ишимиз фақат пул ишлашдангина иборат эмас. Биз юртингиздан келаётган муҳожирларга ишчи визаси олишлари учун шартномалар тайёрлаяпмиз ва улар эндиликда қонуний йўл билан Туркияда бемалол ишлай олишади. Биласиз, сўнгги 2 йилда Туркия меҳнат муҳожирлари учун отурма изни (яшаш рухсатномаси) бермаяпти, муддати узайтирилаётган визаларнинг бир қисми ҳам турли сабабларга кўра бекор қилинмоқда. Менга Туркияда депортга тушиб, ҳозирда Ўзбекистонда қолаётган ўнлаб ватандошларингиз ёрдам сўраб ҳар куни қўнғироқ қилишади.

Ўзбек аёлларининг асосий қисми эса чет элда тирикчилик учун хужжатсиз, ҳақ-ҳуқуқсиз, қора ишларда ишламоқда. Ҳар қанча чиранмайлик, бу фактдан кўз юма олмаймиз. Истанбулда эканман, юзлаб эмас, минглаб ўзбек аёлларини кўрдим, ҳатто кўча-кўйда, унда-бунда Ўзбекистондан эканим ҳақидаги эътирофдан сўнгра туркларнинг менга берадиган ягона саволи “Bakıcı mısın?” (“Қарияларга қарайсанми?” демоқчи)дан иборат бўларди. Бирор киши мендан “Саёҳат қиляпсанми, туристмисан?” деб сўрамади. Ўзбекларни кексаларга қаровчи сифатидагина кўряпти Туркия!

Жорий йилнинг 15-май куни Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳамкорликка оид 7 та муҳим қонун, битим ва протоколлар қабул қилинган бўлиб, улар орасида “Туркиядаги мигрантлар ва уларнинг оила-аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим” ҳам ўрин олган эди. Бу хабардан руҳланган Туркиядаги меҳнат муҳожирлари умидландилар, қонун доирасида ўзлари учун енгилликлар берилишини интиқлик билан кутдилар. Аммо GÖÇ идоралари (миграция марказлари)даги сўнгги ўзгаришлар Туркияда мигрантларга нисбатан қонунларнинг бирмунча мураккаблашганини кўрсатиб турибди.




-Афсусланган пайтларим бўлади. Туркиядаги 1000 долларлик иш бу – 24 соат танангни сиқиб турган корсет тақиб юришдек бир гап. Айтилган ишларнинг ҳеч бирини унутмасдан, оёқ учида юриб сассизча ўрни-ўрнида бажариш, юзингга отилган кир кийимларни йиғиб олиб ювиш, дазмоллаш, баъзан кечалари ётган жойингдан туриб, уй эгаларининг истакларига кўра, бирор ичимлик олиб бориб бериш ёки касал бўлса унга қараш, тонгга яқин бир оз мизғиб олгач, яна ишга тушиб кетиш... Баъзан ўз шаҳримдаги касалхонада қандай қилиб жаррохлик амалиётларини ўтказганларимни эслайман ва ҳатто ўзимни ҳақиқий операцияда каби ҳис қила бошлайман.. Аммо мен аллақачон ўз танловимни қилиб бўлганман. Ҳозир Истанбулдаман.
Баъзан ғалати фикрлар келади ақлимга. Гўё мен икки ҳаётни яшагандекман. Бу ерга келсам, Ўзбекистондаги оилам мендан узоқлашади. Ўзбекистонга борсам, бу ерни унутгандек, худди Туркияда ҳеч ҳам яшамагандек бўламан... Ҳар гал Ўзбекистонга борганимда, фарзандларим анча улғайиб қолган бўлади, гўё ўз болаларим ўрнига бировнинг болаларини келтириб қўйишгандек туюлади. Ўнғайсизланаман. Уларга фақат Пинарим ҳақида гапираман. Бир куни катта ўғлим: “Ойи, ростини айтинг, Пинар бизнинг синглимизми?” – деди. Қотиб қолдим.
-Пинар ҳақида гапирганингиз каби менинг ўқишим, ҳаётим ҳақида сўрасангиз, хурсанд бўлардим, ойи, сиз мен ҳақимда ҳеч нарса билмайсиз-ку? Илтимос, янаги сафар келганингизда Пинарни ўша ерга “ташлаб” келинг!
Ўғлим билан бўлган ўша кунги суҳбат мен учун ҳаётимдаги энг катта дарс бўлди. Шунча пул топдим, болалар қийналмасин дедим, уларнинг истаганини сотиб олдим, ўқитдим, кийдирдим, едирдим, аммо буларнинг ҳеч бири болаларим учун муҳим бўлмаган экан, фарзандингиз улар билан бирга кечирадиган вақтнигина қадрлар экан, холос.
Суҳбатимиз шу ерга келганда, Нодира кетишга чоғланди.
-Уйга тезроқ етиб олайин. Бироздан бу ерларда полис назорати бошланади. Яшаш рухсатномамнинг муддати тугаган, ҳалигача чўздирганим йўқ. Ушлаб олишса, депорт марказига жўнатиб юборишади. Бу ерда ишлаш қийин бўлиб қолди, қонунлар ўзгарди. Балки тез орада уйга қайтишимга тўғри келиб қолар. Ким билади дейсиз.
Нодира шошганча мен билан хайрлашди ва бир маротаба ҳам ортига ўгирилиб қарамасдан тор кўчалардан бирида кўздан йўқолди.
Ватанда туриб муҳожирлик қисматини тасаввур қилиш қийин. Баъзан интернетда айрим қусурсиз эркакларимизнинг муҳожир-аёллар ҳақидаги истеҳзоли постларини ўқиб қоламан. Ўз халқи аёли, Онасига берилган баҳо каби туюлади улар менга. Ҳар ким ўз бошига тушганларни ўзи тортади, бошқалар бу юкнинг не қадар оғир эканини ҳис қилолмайдилар. Туркияда ишлаб юрган ўзбекистонлик аёлларнинг ҳам бошларидаги юк – оила, фарзандлар масъулияти жуда ҳам оғир. Бу юкни баъзан ҳаттоки ўша – муҳожир-аёллар ҳақида пост қўяётган айрим эркаклар ҳам кўтара олмаслиги мумкин.
Сабоҳат Раҳмон


-Сизнинг жарроҳ-доктор эканингизни сиз хизмат қиладиган оиладагилар билишармиди?
-Албатта. Балки шунинг учун ҳам мени ишга олишгандир. Орадан кўп ўтмай, Меҳри (ҳомиладор аёлнинг исми)нинг кўзи ёриди. Қизи жуда ширин эди, мен уни туғилгандан бошлаб, то 8 ёшга киргунча ўз қизим каби парваришладим. Уни жуда яхши кўраман, у ҳам мени севиб “Анне” деб чақиради. Аммо шу йил Меҳри менинг ёрдамимга ортиқ эҳтиёжи қолмаганини айтгач, у ердан кетдим. Ҳозир бошқа оилада ишлаяпман. Аммо изн кунлари (ҳафтада бир кунлик дам олиш) бу оиладан чиқиб, Меҳриникига учиб бораман, унинг қизини – ўзим боққан Пинарни кўрмасдан яшолмайман.
-Ахир сизнинг ўз фарзандларингиз ҳам бор-ку? – дея оҳиста сўрайман, - Уларни-чи? Уларни ҳам соғинасизми?
-Албатта соғинаман. Аммо мени бир қиз ва икки ўғлим мендан кўра кўпроқ дадалари билан бўлгани учун хўжайинни яхши кўришади. Мен эса Пинарни...
Туркларнинг ҳар тўрттасидан бири ё фарзанди, ё қари ота-онаси учун ўша уйда қолиб ишлайдиган боқувчи тута олади. Яшаш шароити нисбатан ўрта бўлган оилаларда ҳам хаста ёки ёши ўтган отаси, онаси учун ёллайдиган боқувчига тўланадиган пулни фарзандлар ўртада бўлиб тўлашади. Ўртаҳол туркларнинг ҳар учтадан бири эса хорижлик тозаловчи (фаррош) хизматидан, ҳеч бўлмаганда, ойда 1-2 марта фойдаланади. Туркияда “боқувчи”, “ёрдамчи”, “ошчи”, “тозаловчи” каби атамалар билан уйларида 1, 2 ва ҳатто 3-4 тагача хизматчини ишлатиш табиий ҳол.
Мен ишлаган пулларни тўпладик, хўжайинникини рўзғорга сарфладик. 4 йил деганда яхши бир уй олдик, сўнгра эримга машина. Болаларимизни ўқитдик, қизимни турмушга узатдик, яқинда катта ўғлимни уйладик. Агар мен Туркияга келиб ишламаганимда, ҳалиям ойликка ишлаб, ижара уйда ўтирган бўлардик. Яхшиям келдим. Бундан ҳеч ҳам афсусда эмасман. Болаларимни яхши едириб-ичирдик, кийдирдик, ҳеч нарсага зориқтирмадик. Тўғри, мен болаларимнинг ёнида бўлолмадим, 1-1,5 йилда бир бориб-келиб юрдим. Қизимга яхши сеп қилдим. Энди яна 2-3 йил ишласам, ўғлимга алоҳида уй оламиз, ана ундан кейин бемалол Ўзбекистонга қайтсам бўлади. Ҳозир 48 ёшдаман. 51-52 ёшгача ишласам етади...
-Меҳрининг уйида нафақат Пинарга, шунингдек, оиладагиларнинг барчасига докторлик қилдим. Бунинг учун ойлик маошимга қўшимча беришмасди, аммо кўпинча чарчаб қолардим. Шунинг учун ҳозирги ишлаётган янги оиламдагилар менинг доктор эканимни билишмайди, айтишга ҳам уяламан.
-Шундай яхши касбингиз бор, Туркияда доктор бўлиб ишлаш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмадингизми?
-Ўйладим, албатта. Фақат бу узоқ давом этадиган жараён. Шунинг учун жиддий киришмадим. Оилам, болаларимни ўйлаб, ўз касбимдан воз кечиб, бегона юртда бировларнинг оиласида хизматкорлик қилдим ва қиляпман. Аммо омадим келиб, яхши одамларга учрадим-ки, улар мени ўз қардоши, опаси, синглиси каби кўрдилар, асло хизматкор сифатида эмас.
Дархақиқат, Туркияда доктор бўлиб ишлаш узоқ вақт оладиган жараён. Бундан ташқари, тиббиётда ўқиган турк ватандошлари учун ҳам иш топиш амримаҳол – касалхона, медпункт, поликлиникалар докторлар билан тўла. Нафақага чиқадиганларни кута-кута йиллар ўтиши мумкин. Шунинг учун ёш кадрларнинг кўпчилиги Европа, АҚШ ва Канада, Австралия каби давлатларга ишлаш учун кетишмоқда. Мен таниган туркиялик тиш докторлари Аҳмет ва Самия турмуш қуришгач, Германияга кетишни мўлжаллашяпти. Сабаби оддий: 6 ойки, Истанбулдан дурустроқ иш тополмадилар, топганлари ҳам 1,5 йилга қадар стажёр бўлиб ишлари лозим эди. Германияда эса уларни тайёр иш, уй ва етарли шарт-шароит, ижтимоий хизматлар тўплами кутмоқда.
-Севган касбингизни ташлаб, бу ерларда хизматчилик қилганингиздан афсусландингизми? Бирор марта бўлса-да...


ИСТАНБУЛДА ХИЗМАТКОРЛИК ҚИЛАЁТГАН ЖАРРОҲ АЁЛ

Нодира оилали, 3 фарзанднинг онаси. Бундан 20 йилча аввал Тиббиёт институтини тамомлагач, Сирдарёдаги касалхоналардан бирида жарроҳ бўлиб ишлай бошлади.
-Маошлар жуда оз эди. Турмуш ўртоғим ҳам ишлар, аммо уч болага етказолмасдик. 2016 йили хўжайинимнинг ишхонаси томонидан берилган Туркияга оилавий саёҳат йўлланмаси билан Истанбулга келдик. Мен бу шаҳарни жудаям севдим. Эримга “агар иш топсам, шу ерда қолсам майлими? Болаларга сиз қараб турасиз, мен бу ерда ишлаб, пул жўнатиб тураман. Йиғиб-йиғиб, уй оламиз”, - дедим. Ўша пайтлар чиндан ҳам уйимиз йўқ, ижарада яшардик. Болаларимизнинг каттаси 14-15 ёшларда эди. Хўжайиним иш топишимга ишонмади, чоғи, майли деди. Бир хафталик саёҳат ниҳоясига етиб, эртага кетамиз деб турган кунимиз тонг саҳарда денгиз бўйига ёлғиз ўзим айлангани чиқдим, соҳилда ўтирган бир турк аёли билан танишиб қолдим, у ҳомиладор эди. Гапдан-гап чиқиб, “агар иш топсам, мен шу ерда қолмоқчиман”, - дедим, “меникига кел, фарзандим эрта-индин туғилади, унга қарайсан. Эрим ишбилармон, яхши топади. Сенга ойига 1000 доллар маош берамиз”, - деди. Буни эшитиб, дарров рози бўлдим, чунки бу маошни мен Ўзбекистонда бир неча ой ишлаб ҳам тополмасдим. Меҳмонхонага келиб, эримга қароримни айтдим:” Мен қоламан!”
Эрим Ўзбекистонга ёлғиз ўзи қайтди...
Хорижлик уй хизматчиларининг барчаси ҳам бир деб ўйлайдиганлар хато қилади. Уларнинг келган мамлакатига мувофиқ рейтинги бор. Масалан, кўпчилик турклар фарзандлари учун филиппинликларни, сўнгра Африка ва Марказий Осиёнинг айрим давлатларидан келган энагаларни маъқул кўришади, шунинг учун бу рейтингда энг юқори ўринни улар эгаллаган. Ва албатта улар бошқа хизматчиларга қараганда энг юқори ойлик олади. Чунки Филиппин, Эфиопия, Гана, Уганда, Марокаш, Тунис, Индонезия, Непал каби мамлакатлар энагалари инглизча гаплашишади ва бу тилни болага кичкиналигидан ўргатади. Бундан ташқари, улар тартибли ва қаттиққўлликлари туфайли эркатой турк болаларига яхши таъсир кўрсатади, бу аёллар ўқимишли (олий маълумот назарда тутилмаяпти), зукко ва мисли кўрилмаган қизиқарли ўтмишдан бохабар, эртак ва афсоналарга бой тарихни жуда яхши билганликлари учун болаларнинг дунёқарашини шакллантиришда ҳам муҳим рол ўйнар экан. Ўзбекистонлик боқувчилар бу рўйхатдан жой олмаган бўлсалар-да, улар болаларга қарамайди деган хулоса келиб чиқмайди. Ўзбекистонлик аёллар Туркияда кўпроқ хаста ва кекса ёшдагиларнинг боқувчиси сифатида салмоқли ўрин тутишади ва уларни бу ерда қадрлашади. Ахир бизнинг аёллар “йўқ” дейишни билмайдиган, очиқ юзли, меҳнаткаш ва ўз мамлакатида онасининг қўлида “қайнона-қайнотангнинг дуосини ол” деган принцип асосида улғайган итоаткор фарзанддир...


Избосканлик Ҳалима Анқарадаги бир оилада хизмат қилади. Келганига 6-7 йил бўлган. Эри ва уч нафар боласи Ўзбекистонда. Эри ишламайди, хотин юборган пулни чойхонама-чойхона совуриб юради. Камига хотинига: «сен енгилоёқсан, у ерда нима ишлар қилиб юрганингни биламан. Шукур қил, сени у ерда ишлатиб қўйганимга», – деб дўқлаб туради, аёлни 4-5 ойдан бери биламан. Айтишича, Анқара аэропортига келиб қўнгач, танишиникигача борадиган автобус учун ҳам пули бўлмаган. Беш соат ўтирган аэропортда оч-наҳор, сувсиз. Бировдан телефон сўраб танишига қўнғироқ қилай деса туркчани билмайди. Охири йўловчилар унинг оғир аҳволини кўриб ёрдам кўрсатишди: 400 лира (150 минг сўм) пул йиғиб беришди қўлига, бири телефонидан танишига қўнғироқ қилди. Амира исмли аёл (таниши) 1 соатларда келиб уни олиб кетди. Уч кундан сўнгра шу оилада хизматчиликни бошлади.
Беш кишилик оиланинг уч қаватли уйида кунига 12-14 соатдан ишлайди: овқат қилади, уй тозалайди, кир ювади, дазмол қилади. Хуллас, ярим тунда 3 метрлик ертўла каби хонасига кириб борганида бармоқларини қимирлатгани ҳоли қолмаган бўлади. Ҳафтада бир марта бериладиган дам олиш кунини ҳам ухлаб ўтказади. Шу меҳнатлари орқасидан топган пулига оиласини боқиш билан бирга Ўзбекистондан 3 хонали (аввал ижарада яшашган) уй сотиб олди, уни жиҳозлади. Ўғлини ўқитди, уйлантирди. Ўғли институтни битирди ва янги ишга жойлашди. Аёлнинг умиди шу ўғлидан. Энди яна пул тўплаб, ўғлига бошқа уй олишга ёрдам бермоқчи. «Менинг бошқа чорам ҳам, танловим ҳам йўқ. Бу ердан кетсам, оилам оч қолади», – дейди Ҳалима. Зеро, чора ҳар замон топилишини тушинтира олмадим.
 Шу ўринда Туркияда яшаётган ва ишлаётган аёлларни жуда кўп кузатганим боис баъзи бир нарсаларни алоҳида эслатгим келди: Туркияга ишлаш учун келаётганингизда ёнингизда захира маблағингиз бўлсин. Шунда ҳеч кимга сарғаймайсиз, қоладиган жойингиз учун тўлашга лойиқ пулингиз ва муносиб иш топишга етарли вақтингиз бўлади. Дуч келган ишни дарҳол қабул қилманг, бошқаларини ҳам кўринг, солиштиринг, улар орасидан энг маъқулини тангланг. Ҳеч ким сизни зўрлаб ишлатмайди – буни унутманг. Илк ишни кўрмасданоқ «тамом,  менга бўлаверади. Тезроқ пул ишлаб, оиламга жўнатишим керак», – деб эмас, «Йўқ, бу иш менга тўғри келмайди. Мен бундан кўра яхшироғини топа оламан!, – дея турк иш берувчиларига ўзбек аёллари учун пулдан кўра қадри муҳимлигини  кўрсатиб қўйинг.
Дилафруз тандирхонадан чиққан қайноққина нонларни сотибгина қолмасдан, харидорларнинг таъбига кўра, сарёғ, қиём, пишлоқдан чиройли қилиб ёғли кулча ҳам тайёрлаб беради.
Лаззатли нонларни ширин каломи билан мижозларга икром этаётган Дилафруз Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйламайди. Чунки ватанда уни кутаётганлар йўқ. Балки бордир-ку Дилафруз билмас бу ҳақда? Аммо оиласи, бола-чақасини Ўзбекистонга ташлаб, ўзлари Туркияда ишлаётган Шоҳидалар, Ҳалималар, Наргизалар учун Она Ватан ҳамиша азиздир. Чунки бу аёлларнинг омонатлари қолган юртда. Бола-чақаси муштоқ бўлиб кутади уларни. Жорий йилнинг 15 май куни Туркия ва Ўзбекистон ўртасида айрим муҳим хамкорликка оид қонунлар, битимлар ва протоколлар қабул қилинди. Улар орасидан 7508-сонли «меҳнат мухожирлари ва уларнинг оила-аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг ҳам ўрин олиши ўзбек муҳожирлари учун айни муддао бўлди. Умид қиламизки, Туркияда ҳалол меҳнатлари билан пул топиб, Ўзбекистондаги фарзандларини вояга етказаётган, ўқитаётган, кийинтираётган меҳнаткаш аёлларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари, асосийси, қадр-қиммати тикланишига умид қиламиз.

Сабоҳат Раҳмон


Истанбулнинг Фатиҳ тумани ўзбеклар ҳудуди ҳисобланади, дўкон эгаларини ҳисобламаганда, сотувчи ҳам, олувчи ҳам, йўловчи-ю ҳайдовчи – ҳамма-ҳаммаси ўзбеклар. Ўзингизни худди ўзбек маҳалласида юргандек ҳис қиласиз. Атрофдаги ошхона номлари ҳам ўзбекча: «Қўқон таомлари», «Жиззах ошхонаси», «Ўзбек миллий таомлари»...
Бугунги суҳбатдошим Дилафруз Фатиҳдаги нон дўконларидан бирида ишлайди.
– Туркияга бундан 2 йил олдин маҳалламдаги Мумтоз опанинг ортидан келганман. Улар ҳам шу дўкон цехида ишлайди –  бу ердаги 18 киши билан бирга 20 дан ортиқ турдаги нон маҳсулотларини пиширишади, мен ва туркманистонлик яна бир аёл уларни шу ернинг ўзида сотамиз, бир қисмини эса ошхона ва кафе, магазинларга сотгани олиб кетишади, — дейди у.
Туркияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари сони расмий маълумотларда 70 мингдан зиёд деб кўрсатилган. Аммо ноқонуний ишлаб юрган юртдошларимиз ундан ҳам кўп. Истанбулда мен суҳбатлашган ҳар 10 муҳожирнинг 8 нафарида ҳужжатлар жойида эмас: ё яшаш, ёки ишлаш рухсатномаси йўқ.
Асли намаганлик бўлган Дилафруз – 55 ёшда. У ўғли, келини ва 2 набираси билан Истанбулдаги ижара уйда яшайди. Айтишича, узоқ ўтмишда эри «ишлаб келаман», дея Россияга кетгани бўйича қайтиб келмаган экан. Кейинроқ билса, ўша ёқларда бошқасига уйланиб олибди...
– «Майли, жони соғ бўлсин», – деганман. Нима ҳам қилардим. Мажбурлаб бўлмаса. Сўнгра ёлғиз ўғлим билан қолавердик. Ишладим. Ўғлимни катта қилдим. Уйлантирдим. Бирор марта йўқлаб келмади дадаси...
Дилафрузни кўрсангиз, унинг бамаъни, камсуқум, ҳалол аёл эканини дарҳол сезасиз. Дўконга келганларни очиқ чеҳра билан қарши олади.
– Ўғлим меҳмонхонада ишлайди, келиним 2 боласи билан яқинда келди Истанбулга, шу атрофдаги бир тикув цехига ишга ҳам кирди, ҳозирча 2 набирамдан бирини мен, иккинчисини келиним иш ерига олиб кетиб турибмиз. Ишхонамиздаги бошлиқларимиз инсофли, бир нарса дейишмаяпти. Турклар болапарвар халқ бўлгани учунми, 3 ва 5 ёшдаги болаларимизни халақит бераяпти, дейишмаяпти. Шу яқин кунларда уларни боғчага жойлаймиз.
Эри ташлаб кетгач, ёлғиз фарзанди билан қолган Дилафруз бошқа турмуш қурмади: «Нима кераги бор яна турмуш қилишни, деб ўйладим. Биттаси ўғлимнинг отасими – ғам-андуҳда кечди ҳаётим. Ҳозир эса ҳузурим бор, ўғлимнинг оиласи билан роҳат-фароғатда яшаяпман. Чарчасам – дам оламан, зериксам – ўғлим билан денгиз бўйида айланиб келамиз ё истироҳат боғларига борамиз».
Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ажралишлар кўрсаткичи 76 фоизга ошган. Ажралишларнинг асосий сабаби эса маиший зўравонлик деб кўрсатилмоқда.
– Истанбулда ишлаётган бошқа ўзбек аёллари билан мулоқот қилиб турасизми? – дея сўрайман Дилафруздан.
– Албатта. Фатиҳда ўзбеклар жуда кўп. Ҳар куни мендан нон олувчи бир қанча ўзбек хотин-қизлар орасида кўз таниш бўлиб қолганлар ҳам, қадрдондек бўлиб кетганлари ҳам бор. Икки йил ичида юзлаб ҳамюртларим билан танишдим, аммо бирор марта ахлоқсиз, тарбиясиз, ёмон ишлар қилиб юрганларини учратмадим. Бизнинг аёллар меҳнаткаш, уйим-жойим деб бу ерга келишган. Тиш-тирноғи билан қазиб-кавлаб пул топишади, топишадию дарҳол бор пулини Ўзбекистонга – оиласи, болаларига юборишади. Мен ўзим интернетдан фойдаланишни унча яхши билмайман, аммо бу ерга келганлар билан гаплашганимда ижтимоий тармоқлар орқали Туркияда ишлаётган аёлларни ёмон сўзлар билан, кўпчилик эркаклар томонидан ҳақорат қилишаётганини айтиб қолишади. Жудаям хафа бўлиб кетаман. Илтимос, шу гапимни етказиб қўйинг! Юртда қолган эркаклар бу ерда ҳалол пул топиб, узоқдаги боласини боқаётган, ўқитаётган, уйли-жойли қилаётган ўзбек аёлларининг шаънини ерга урмасин. Яхшиси, аёлларга тиргак бўлишсин: эри, акалари, укалари, оталари...
Водийлик аёллар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида етакчилик қилмоқда. Расмий маълумотларга таянадиган бўлсак, улар сони 150 мингдан зиёд. Аёлларимиз, асосан, Туркия, Россия ва Қозоғистонда ишлаб келишмоқда. Шахсан ўзим Туркияда ишлаётган юртдошларим билан гаплашганимда, уларнинг кўпчилиги ё андижонлик, ё марғилонлик, қўқонлик ёки наманганлик эканликларига гувоҳ бўлдим. Самарқанд, Қашқадарё, Тошкентдан келганлар ҳам учраб туради.

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.

24

obunachilar
Kanal statistikasi