* * *
Сен ёнимга тушдинг тонг пайти, эй ой,
Сен қошимга келдинг саҳарда, моҳим.
Мени деб ердасан... баланд маснадинг
Бундан-да баландроқ бўлсин, илоҳим.
Тилим калимага келмас. Титрайман.
Ёниб турган андуҳ азоби жонда.
Висол соатлари ўтади бир-бир,
Юрагим — қўлингда, бошим — осмонда.
Билмагандек, ҳолин сўрайверасан
Лабларимда кулгу, кўзда ёшимнинг.
Оғриқлари билан нима ишим бор
Осмон-осмонларда юрган бошимнинг.
Яхшиси, сўрагил, сарвиқоматим,
Яхшиси, сўрагил, нозик ниҳолим.
Шундоққина қўлингда, шундоқ кафтингда
Типирчилаб турган юракнинг ҳолин.
Мангу бир дийдорга эришмак, ахир,
Насиб бўлмагайдир на сен, на менга...
Қошимни бир кун тарк этганингдан сўнг
Ботиб-ботиб кетгай бошим заминга.
Хавфсинма. Биз ҳам бир ишқибозлармиз.
Шундайдир даврнинг ялпи ҳолати.
Билмаган ишқ дейди... билганлар эса
Мийиғида кулиб қўя қолади.
© Матназар АБДУЛҲАКИМ
@M_Abdulhakim