“O’zLiDeP PRESS KLUBI” энди НамангандаМамлакатимизда пандемия даврида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тиклашга кўмаклашиш бўйича Президентимизнинг қарор ва фармонларига асосан берилаётган имтиёз ва имкониятларни O’zLiDeP электоратига батафсил етказилишини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан онлайн мулоқот ўтказиш орқали уларнинг муаммоли масалаларига ойдинлик киритиш ва ечимини топиш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг ташаббуси билан ташкил этилган “O’zLiDeP PRESS KLUBI”нинг навбатдаги сони илк бора ҳудудларда ўтказилди.
27 октябр куни “O’zLiDeP PRESS KLUBI” нинг 8-сони Наманган вилоятининг Наманган шаҳрида жойлашган “Akhsikent Hotel” меҳмонхонасининг конференциялар залида бўлиб ўтди.
Унда 22 нафарга яқин вазирлик ва давлат ташкилотлари вакиллари, спикерлар Zoom дастури орқали онлайн иштирок этишди. Марказий студияда эса ҳудудий партия ташкилотлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар тўғридан-тўғри қатнашдилар.
“PRESS KLUB” ўзининг галдаги мавзуси этиб, Наманган вилояти мисолида 2021 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўналишларига доир вазифани белгилаб олди.
Ушбу мавзунинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 октябрдаги ПҚ-4864-сонли “Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан белгиланган топшириқлар ижросини сўзсиз ва сифатли бажарилишини таъминлашда Маҳаллий Кенгаш депутатлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хамкорлигини кенгайтиришдан иборат.
“PRESS KLUB” кўтарган мавзудан келиб чиқиб, сўзга чиқган Наманган вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари, саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжаликлари масалалари бўйича ўринбосари С.Султанов, Наманган вилоят иқтисодий тараққиёт ва қамбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари И.Турғунов, Наманган вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ж.Ризаев, Наманган вилоят молия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари З.Мўминовлар муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 16 октябрдаги ПҚ-4864-сонли қароридан келиб чиқиб, ҳудудларни ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини тегишли соҳа вакиллари ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлигида шакллантирилаётганини таъкидлаб, бу эса ўз-ўзидан ҳудудларни ободонлаштириш ишларига жуда катта имконият яратиб бераётганини билдиришди. Тадбир давомида ўртага ташланган талаб ва таклифлар муҳокама этилди ҳамда мавзу юзасидан йўлланган савол ва мунозаралар ечимини топди.
O’zLiDeP Наманган вилоят кенгаши бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири Э.Аҳмедходжаев.