“Сопи ўзимиздан” ёхуд нега Наманганда журналист фаолиятига тўсиқ қўйилмоқда?
“Сопи ўзимиздан” ёхуд нега Наманганда журналист фаолиятига тўсиқ қўйилмоқда?
Мамлакатимизда кейинги пайтларда ОАВга кучли фуқаролик жамияти қуриш, ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтириш, инсон манфаатларини ҳимоялашнинг муҳим мезонларидан бири сифатида қаралмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев журналистлар фаолияти ҳақида гапириб: “Бугун биз дунёдаги узоқ-яқин давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, юртимиздаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга интилар эканмиз, бошқа соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тушунамиз. Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз талаби”, – деб таъкидлаган эди.
Бугун журналистикада ахборот олиш имкониятлари мисли кўрилмаган даражада ривожланган даврда баландпарвоз гаплар ёки қуруқ сафсата ўтмайди. Ёлғонга, маддоҳликка, нохолисликка ва буюртмага асосланган журналистиканинг умри қисқа. Фикримизча, бугун журналистларимиз ҳам ўзининг ишига, касбга бўлган муносабатини ва умуман, ёндашувини ўзгартириши керак. Акс ҳолда одамлар бизнинг мақоламизни ўқимайди, радиомизни эшитмайди, кўрсатувимизни кўрмайди, сайтимизга кирмайди. Бу нарсалар ҳаммаси осмондан олиб ёзилгандай бўлади. Натижада одамларимизнинг онгида ахборот бўшлиғи пайдо бўлади. Бу бўшлиқни бошқа ёқдан тўлдиришга эҳтиёж туғилади. Оқибатда биз билиб билмай, ўз миллий ахборот маконимизни, ўз позициямизни турли мақсадларни кўзлаган чет эл ОАВгабериб қўямиз!
Бугунги кунда Президентимизнинг ўзи ҳам журналистларни очиқ бўлишга, рўй-рост гапиришга ундаяпти. Ўзлари ташаббус билан чиқаяпти. Бунақа имконият қачон бўлган? Шундай имкониятдан фойдаланмасликни ношукурлик деб аташ керакми ё журъатсизлик?
Аслида, бу ҳолат фақат бизнинг соҳага тааллуқли эмас. Жойимизда депсиниб тураверсак, ҳеч қачон олдинга силжимаймиз. Бир қадам ёки ярим қадам бўлса ҳам фақат олдинга ҳаракат қилиш керак. Айниқса, жамият кўзгуси вазифасини бажариши лозим бўлган матбуот соҳаси бошқалардан бир қадам олдинда юриши даркор. Чунки жамият ҳаёти тез илдамлаб кетяпти. Мен бир расмий газетанинг бош муҳаррири сифатида тўлиқ масъулият билан айта оламанки, бугун журналистларга ҳеч қандай чекловлар ёки тақиқлар йўқ. Ҳар қандай мавзу бўлса, уни қонун доирасида ва умумманфаат йўлида бемалол кўтариб чиқишимиз мумкин, фақат холислик ва ишончли фактларга асосланилган бўлса, бас!
Тан олиш керак, кейинги даврда босма ва электрон ОАВда танқидий, таҳлилий мақолалар кўлами кенгайди. Бундай мақолалар ва чиқишлар кенг жамоатчилик орасида, ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Баҳсларнинг аҳамияти жуда катта. Чунки кучли фуқаролик жамияти шундай баҳсларда, муҳокамаларда шаклланади ва ривожланади. Кучли фуқаролик жамиятисиз ислоҳотларни амалга ошириш қийин.
Оммавий ахборот воситалари том маънода эркин бўлиши жамиятнинг тараққиётига туртки бўлади. Бу инкор этиб бўлмайдиган қоида!Журналистлар, блогерлар ҳақиқий сўз эркинлигининг қарор топиши, жамиятдаги турли қонун бузилишларни, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари поймол этилиши, ислоҳотлар жараёнидаги турли камчиликлар ва кўзбўямачиликлар каби ҳолатларини фош қилиб, давлат органлари билан халқ ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаяпти. Журналистнинг вазифаси бирон бир танқидий, таҳлилий мақола орқали кимнидир тарбиялаш, яхши ва ёмонни ажратиб бериш ёки ҳукм чиқаришдан иборат эмас, аксинча, бўлаётган воқеликни холисона ёритиб унга кўзгудаги аксини кўрсатишдир.У бу муаммони кўтариб, ечимини топишни ва айбдорларга тегишли чора кўришни, хулоса чиқаришни масъул мутасаддилар ва жамоатчилик эътиборига ҳавола қилади. Шу боис амалдорлар ҳеч қачон журналистларни ўзларига хавф ёки душман сифатида кўрмаслиги керак. Ҳар ҳолда мазкур давлат хизматчиси ҳалол ишласа, у журналистлардан қўрқмаса ҳам бўлади.