Сабоқ...
Дастухондаги аталани кўрган Нозимнинг ранг-рўйи ўзгарди.
- Янами? Мен атала емайман!
- Болажоним, (ялинчоқ оҳангда сўзлади она) онанг ўлсин, болам. Бундан ортиғига ҳозир кучим етмайди.
- Доим битта гапни қайтараверасиз! Ойи, айтинг қачон қурбимиз етади ўзи?
- Бир кун биз ҳам бойиб қолармиз.
- Қачон? Туянинг думи ерга теккандами?
- Шайтонга ҳай бер, болам! Кел, яхшиси, овқат еймиз.
- Мен атала емайман!
- Хўп, нима қил дейсан, болам? Фаррошнинг ойлиги билан рўзғор тебратиш осон эмас. Отанг тирик бўлганда, балки, яхшироқ яшармидик?
- Топиб олган гапингиз шу! Баридан тўйиб кетдим!
Она орқасига ўгирилиб, йиғлай бошлади. Бола аччиқ билан ўрнидан турди ва ташқарига отилди. У кўчада узоқ санғиди ва цирк олдидаги ўриндиққа чўкди. Унинг кайфияти йўқ эди. Гўё елкасида оғир юк бордай букчайиб бораётганди.
- Пойабзалингиз йиртилган экан, тикиб берайми? - сўради биров.
Шундагина Нозим ўриндиқ қаршисида ўтирган этикдўз болани кўрди.
- Пулим йўқ! - деди у дағал оҳангда.
- Пулини топганда берарсиз, барибир, қиладиган ишим йўқ, - деди болакай.
Нозим этикдўзнинг таклифига кўнди ва эски пойабзални унга тутқазди.
- Дунёнинг ташвиши бўйнингизга тушганга ўхшайди? Нега бунча ғамгинсиз?
Нозим биринчи марта унинг камбағаллигидан кулмайдиган ва уни камситмайдиган дўст топганидан суюнди. У дардларини айтиб, кўнгил чигилини ёзди.
- Мен ҳам сиз каби етимман, - деди этикдўз бола унинг гапларини эшитиб. - На онам бор, на отам. Бу шафқатсиз дунёда синглимдан бўлак яқиним йўқ. Эрталаб мактабга бораман. Дарсдан сўнг бу ерга келаман. Топганим рўзғорга учма-уч бўлади. Лекин шунисига ҳам шукр!
Нозим этикдўз боланинг гапларини эшитиб, ўз ҳолидан нолиганига уялди.
- Мана, пойабзалингиз, янгидай бўлди. Энди мен борай, синглим кўзлари тўрт бўлиб кутиб ўтиргандир? Бўтқа пиширишим керак. У ҳали кичкина, овқат қилишни билмайди…
Этикдўзнинг ортидан қараб қолган Нозим йиғлаб юборди. Бола оқсоқ эди...
Ҳар бир ўтаётган кунимиз учун Аллоҳга шукр қилиб яшайлик.
©
Нурой Нурли@kitobdanparcha