«Супер контракт» нархи қанча ва кимлар учун?
#abituriyent
Тест натижалари чиқишни бошлагач, абитуриентлардан қўшимча контракт (халқ тилида "супер контракт") ҳақида саволлар кўпайди. Шуларни инобатга олиб, қўшимча контракт ҳақидаги айрим саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламан.
• Қўшимча контракда ўқиш учун неча балл олиш керак?
Фарқи йўқ. Тестга кирган бўлса, кифоя. 1 балл олган бўлса ҳам, қўшимча контрактда ўқиши мумкин. Фақат нархи балига қараб фарқ қилади.
• Қўшимча контракда ўқишни хоҳлаганлар қачон ариза бериш керак?
Ўқишга кира олмаган абитуриентлар қўшимча контрактда ўқиш учун тест натижалари эълон қилингандан бошлаб 1 ой ичида ариза бериши керак.
• Ариза қаерга берилади?
Қўшимча контрактда ўқиш истагида бўлганлар ОТМ ректори номига ариза беради.
• Бешта йўналишдан қайси бирида ўқиш мумкин?
Ўтган йили исталган 3 та йўналишдан бирида супер-контрактда ўқишга рухсат берилганди. Жорий йилда ҳам исталган бешта йўналишдан бирида ўқишга рухсат берилса керак.
• Қўшимча контрактнинг нархи қанча?
Қўшимча тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:
•1-тоифа
Кириш чизиғига 4 балл етмаганлар нисбатан анча арзон контракт тўлайди. Жумладан:
1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар;
1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун - 2,0 баробар;
2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар;
3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар.
Масалан, кириш бали 140 бўлган дейлик. 139 балл тўплаган абитуриент контрактнинг 1,5 баробарини тўлайди. Масалан, асли 10 млн сўм контракт бўлса, 15 млн сўм тўласа кифоя.
138,9 балл олган абитуриент эса 2 баробарини тўлайди, яъни 20 млн сўм. Ва ҳ.к.
2-тоифа
56,7 баллдан кўп тўплаган, лекин кириш чизиғига 4 баллдан кўпроқ етмай қолган абитуриентлар контракт суммасининг 10 бараваридан ошиқ миқдорда тўлайди.
Масалан, яна ўша кириш 140 балл бўлган йўналишни мисол олсак, 135,9 баллдан кам 56,7 баллдан кўп тўплаганлар 2-тоифага тушади.
Жорий йилда 2-тоифа учун нархлар ҳали тасдиқланмади. Ўтган йилдаги нархларни қуйидаги манзилдан (
t.me/xushnudbek/3180) кўриб олишингиз мумкин. Шунингдек, жорий йилдан супер-контракт нархларини ОТМлар ўзлари белгилашади.
3-тоифа
56,7 баллдан кам тўплаганлар (масалан, 1 балл бўлса ҳам) 2-тоифадаги супер-контракт миқдорининг 2 баробарини тўлаб ўқишлари мумкин. Масалан, оддий супер-контракт 15 баробар бўлса, 56,7 баллдан кам тўплаганлар 30 баробар тўлаб, супер-мупер контрактда ўқиши мумкин.
• Қўшимча контракт ҳар йили тўланадими ёки бир марта?
Бир марта тўланади. 1-ўқув йилини тугатгандан сўнг кейинги йилларда эл қатори оддий контрактни тўлаб ўқишади.
• Магистратурада ҳам қўшимча қабул борми?
Ҳа, бор. Фақат магистратурада бакалаврга ўхшаб табақалаштирилган қиммат контракт тўланмайди, оддий контракт нархи қанча бўлса, қўшимча қабул қилинган магистрлар ҳам шунча тўлашади.
• Супер-контрактни бўлиб-бўлиб тўласа бўладими?
Ўтган йили супер-контрактни йил давомида иккига бўлиб ёки ҳаттоки ойларга бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилган эди. Жорий йилда ҳам берилса керак.
• Супер-контракт учун таълим кредити олса бўладими?
Йўқ, супер-контракт учун таълим кредити бериш амалдаги қонунчиликда белгиланмаган. Лекин банклар бозор нархларида ўз кредитларини таклиф этиши мумкин.
‼️ЭСЛАТМА: 10 ёки 20 баробар дегани бу энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан эмас, ўша йўналишдаги стипендиясиз контракт нархига нисбатан. Яъни стипендиясиз контракт 7 млн сўм бўлса, 10 баробар бўлганда қўшимча контракт учун 70 млн сўм тўланади.