МУНОЖОТ
Илоҳо, бандаман, бечорадурман,
Ҳавойи нафс ила оворадурман.
Эрурман барча нуқсонимға иқрор,
Мусулмон ўғли қилмас ишларим бор.
Эрурман бандаларни сарнигуни,
Тўлай ёру биродарлар забуни.
Манингдек осий бўлғайму жаҳонда,
Гуноҳим зоҳиримдан кўп ниҳонда.
Нетай, чун айни ақлим безиёдур,
Амал ҳам йўқ, агар қилсам риёдур.
Агарчи ман ёмон қул пой то фарқ,
Бўлибман маъсият дарёсиға ғарқ.
Вале содиқ эрурман бирлигингга,
Таёнибман Сани ғофирлигингга.
Лаҳадга кирса бу ёлғуз ғариб бош,
Ўгурса юз ҳама қавму қариндош.
Таҳаййур бўлса жони ғам сиришта,
Етушса сўрғали икки фаришта.
Сан осон этмасанг андоғ саволи,
Нечук кечгай ғариб бандангни ҳоли?
Деса: «ман роббук» икки абди даргоҳ,
Тилимга жорий қилғил: «Раббим —Оллоҳ!"
Агарчи осийдур, ё Раб, бу банда,
Ўзинг бандам дегил, «Раббим» деганда.
Агар сен қилмасанг қуллиқ отин жуд,
Манинг «қулман» дегонимдан нечук суд?
Илоҳо, лутф қил, мунда ва анда,
Мани банда этиб, беркит бу банда.
Агар чандики гўрсиз ўлса инсон,
Сўролур албатта бешакку нуқсон.
Агар дарёда ўлсун ё осилсун,
Азоб этса бани одам на билсун.
Даранда одам ўғлин қилса хўрок,
Гумон йўқдур сўрар қорнида, эй пок.
Агар банда муаззаб бўлса анда,
Қолур туймай бу ишни ул даранда.
Нечук қилса эрур Қодиру Носир,
Бу ерда бандасининг ақли қосир.
Наким айди Худойинг ё Паямбар,
Ани маҳкам тутиб, фикр этма дигар.
Сўфи Оллоҳёр раҳимаҳуллоҳ, "Саботул ожизин"дан.
====
Айрим сўзлар изоҳи:
Сарнигун - боши хам, эгик
Тўлай - барча
Забун - нотавон, хароб
Ниҳон - махфий, яширин
Айни ақлим - ақлим кўзи
Пой то фарқ - оёқдан бошгача
Таҳаййур - ҳайрат ва саросима
жони ғам сиришта - ғамга тўла, ғам аралашган жон
«ман роббук» - Раббинг ким?
икки абди даргоҳ - у даргоҳдаги икки банда (икки фаришта)
Жуд қилмасанг - бермасанг, саховат қилмасанг
Нечук суд? - нима фойда?
Даранда - дарранда, йиртқич
Мани банда этиб, беркит бу банда - мени банда қилиб, ўзингга қуллик этувчи қилиб, бу бандалик "банд"ига беркитгил
Муаззаб - азобга дучор этилган
Қосир - қисқа
На ким айди Худойинг ё паямбар - Худойинг ёки пайғамбар алайҳиссалом нимани айтса
Дигар - бошқа
Шайх Сайфуллоҳ Носир ҳафизаҳаллоҳ саҳифаларидан
@MuhammadAkbarAzim