Давлатимиз мақсади-мустаҳкам оила, баркамол авлод
Фарзандларимиз – келажагимиз, уларни ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишига биринчи галда давлат, жамият масъул десак муболаға бўлмайди. Шундай экан ўз келажаги муҳофазаси борасида ҳар бир давлат, жамият кенг кўламли, ҳуқуқий, илмий, маърифий изланишларни олиб бориши, шулар асосида амалга жорий этилиши лозим бўлган тартиб-таомилларни ишлаб чиқиши, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар стратегиясини ҳаётга тадбиқ этиши лозим. Қайд этиш жоизки, айни дамда мамлакатимизда бў йўналишда қатор илмий-амалий тадбирлар олиб бориляпти.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш, Маҳалла ва оилани қўллаб - қувватлаш, Адлия, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ёшлар иттифоқи, Олий суд мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар масаласи таҳлил қилинди.
Таҳлил натижаси асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 13.07.2020 йилдаги Қарори билан эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича 2020 – 2021 йилларга мўлжалланган комплекс чора - тадбирлар дастури тасдиқланди.
Дастурда умумий ўрта таълим мактаби, академик лицей ва касб - ҳунар коллежи ўқувчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштириш масаласи, унда ўқувчиларни ҳар йили 2 маротаба тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини белгилаш, комиссия таркибига тор доирадаги мутахассисларни жалб қилиш, тиббий кўрик жараёнида касаллик аниқланган ўқувчиларни соғломлаштириш тартибини белгилаш;
– вояга етмаган шахсларни ёши, психологик ва жисмоний хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг оилалари билан яқин ҳамкорликда репродуктив саломатлик, шу жумладан, жинсий тарбия масалалари бўйича махсус ўқув дастурларни ишлаб чиқиш;
– оммавий ахборот воситалари орқали ўсмир қизлар орасида эрта турмуш ва эрта туғруқнинг салбий оқибатлари, шунингдек оилавий ажралишларнинг фарзанд тарбиясига таъсирини аҳоли ўртасида кенг ёритишга қаратилган ахборот - тарғибот ишларини олиб бориш каби муҳим вазифалар белгиланган.
👉
@uzbprokuratura