Мусулмон киши бокс билан шуғулланиши жоизми?
Савол: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) курашаётган икки кишини кўриб, уларга юздан сақланмоғлик кераклиги тўғрисида хабар берганлар. Шунга биноан, мусулмон киши асосан юз қисмига зарба бериладиган спорт тури — бокс билан шуғулланиши жоизми?
Жавоб: Шариатнинг мақсадларидан бири – инсониятни турли ёмонликлардан муҳофаза этишдир. Зеро унда зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ. Шунингдек фиқҳий қоидага кўра, зарар кетказилади. Булар фиқҳнинг олтин қоидаларидандир.
Бокс танани кучайтирадиган, қуввватли қиладиган спорт тури бўлиб, боксчилар жисмоний жиҳатдан юксак ҳолатда бўладилар. Бу шариатда севилган ишдир. Зеро кучли мўмин, Аллоҳга заиф мўминдан яхшидир.
Аммо профессионал бокс ислом шариатида кариҳ кўрилгандир. Чунки у рақибга зарар бериш асосига қурилган. Шунингдек, у ҳар қандай озор бериш наҳий қилинган юзга уришга йўналтирилган. Шу билан бирга, инсон ҳурматини ерга урадиган, уни масхаралайдиган ҳолатлардан ҳоли эмас.
Ҳаваскор боксда эса барча ҳавфсизлик қоидалари кафолатлангани боис унинг фиқҳий ҳукми олдингисидан фарқланади.
Яъни, ислом таълимот ва қоидалари бокснинг юқоридаги кўринишини бир неча сабабларга кўра қоралайди:
1. Зарар кетказилади қоидасига кўра — кўп хатар ва зарар етказиш эҳтимоли борлиги боис бу спорт турининг шафқатсиз кўринишига барҳам бериш керак.
2. Боксда спортчининг юз қисмига берилган зарба тананинг бошқа қисмларига берилган зарбадан кўра баландроқ баҳоланади. Шу боис, ғалаба қозониш истагидаги боксчи рақибининг асосан юзига уришга ҳаракат қилади. Ваҳоланки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
“Агар бировингиз уришсангиз, юздан эҳтиёт бўлинг”, деганлар. (Имом Бухорий ривоятлари). Ҳофиз айтадилар:
“Бу наҳийга ҳад, таъзир ёки одоб бериш учун уришлар киради". Имом Абу Довуд Абу Бакра ва бошқалар (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисларида айтилишича, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) зино қилган аёл қиссасида уни тошбўрон қилишга буюра туриб:
“Отинглару, юздан қўрқинглар!”, дедилар. Демак, ҳалоки маълум аёл ҳақида шундай бўлгач, ундан бошқаларда юздан эҳтиёт бўлиш аъло тариқда лозим экан.
Имом Нававий айтадилар:
“Уламолар юзга уриш наҳий қилинишининг сабабини изоҳлаб шундай дейдилар: Чунки у гўзалликларни ўзига жамлаган нозик аъзодир. Идрок қилиш воситаларининг аксари унда жойлашган. Уни уришда ўша воситалар ишдан чиқиши, ҳунуклашиши мумкин. Юз ҳамиша кўриниб турганидан, унга берилган кучсиз зарба ҳам билиниб, ошкор бўлиб қолади". Шундан имом Муслим ривоят қилган ривоятда болани урган кишини кўрганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
“Кўриниш эҳтиромли эканини билмасмидинг?!”, дедилар.
Шундай экан, бокс юқоридаги иллатлардан холи ҳолдагина жоиз.
Аллоҳ янада билувчироқ.
#Мубашшир_Ахмад
@Diniysavollaruz 🌙