Muhammad Yusuf izdoshlari


Гео и язык канала: не указан, не указан
Категория: не указана


Muhammad Yusuf izdoshlari

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
не указан, не указан
Категория
не указана
Статистика
Фильтр публикаций


ОЛТИН КУЗ



Шамол куй чалади, силкиб дарахтни,
Япроқлар сахнада тушар рақсга.
Одамлар қалбида орттириб завқни,
Борлиқ кириб борар тилло ранг тусга.

Қуёш чекинади бироз ортига,
Ердан кўтарилар саротон тафти.
Фасллар кўнишиб кузнинг шартига.
Кириб келар аста мезоннинг вақти.


Булутлар тўнини тескари кияр,
Ёмғир томчилайди, секин шивирлаб.
Гўё-ки инсонни сехрлаб қўяр,
Кузнинг таровати дилни ўғирлаб.


Турналар саф бўлиб, олисга учар,
Олтин куз қиш томон очади қулоч.
Замин хазонларни эркалаб қучар,
Дарахтлар либоссиз қолар яланғоч. . Норбек РАЖАБ. @Muhammadyusufizdoshlari 👈 Муҳаммад Юсуф издошлари


Эҳтимол, ўлдирар бир куни кўрлар,
Томирингда олов қонинг бўламан.
Жонбахш қучоғингга жимгина синган
Бир ҳалол қурбонинг бўламан.

Отамдай рози бўл,
онамдай севгин,
Мен ҳам сеникиман, ўксик қизингман.
Бағрингда минг йиллик тошлар тўсиғин
Ёриб чиқаётган бир илдизингман.

Ҳайқирмадим пасту баландда туриб
Аммо тола нурдек ўтаркан ёдим,
Кўкка олиб учар озод Руҳимни
Кўксимни қиличдай кесгай фарёдим!..

Яшайман энг сўнгсиз дардларинг билан,
Ҳеч ким юрагимга бўлолмас қози!
ҳали мудраб ётган дунёларингни,
Ўйғотиб учади руҳим овози!

Мен кимман?
Ғамингга ғамдош бўлмасам,
Оғримасам ёруғ қийноқларингдан?
Бошига осмонни кўтарган тоғдек
Ўсиб чиқолмасам тупроқларингдан?

Узоқ-узоқларга қараб англадим:
Қайданман, қаёнман ва кимникиман?
Кўнглимники эдим ва бир кун билдим,
Ундан ҳам олдинроқ раббимникиман.

Ҳукм эт, шаҳидинг бўлмоғим учун
Жаннат боғларини ташлаб келурман.
Чорласанг. отимдан бутун бир халқни
Ҳисор тоғаридек бошлаб келурман.

Севмасанг ҳам қаттиқ севавераман,
Чидайман орларнинг таъна тошига.
Шунчаки ўлмайман,
Шунча ишқ билан
Кўтариб ўлурман сени бошимга!

Бир оз кўнглимники бўлдим-ўксиган,
Раббимники эдим, шубҳасиз, бироқ
Борим-йўғим билан сеники эдим,
Сеники бўлурман, эй она тупроқ!..

@Zebo_Mirzo @Muhammadyusufizdoshlari


Репост из: Шаҳло Аҳророва
ЎГИТ
Устоз уз шогирдларидан суради:
- Нимага одамлар жахллари чикканда бакиришга тушадилар?
- Чунки улар узларини йукотишади, - деди бири.
- Лекин нима учун бакирадилар, агар бошка одам уларнинг енгинасида турса хам? Паст овозда гаплашса булмайдими? Агар газаблансангиз нега бакириш керак?, - устоз яна суради.
Шогирдлар уз жавобларини айта бошлашди…
Лекин хеч бир жавоб устозни кониктирмади.
Охир окибат устоз саволига узи жавоб беришга мажбур булди:
- Одамлар бир-бири билан урушиб, жанжал чикканда, уларнинг калблари узоклашади.
Ушбу масофани коплаш ва бир-бирларини эшитиш учун улар кичкиришади.
Газаблари канчалар каттик булса, шунча баланд бакиришади.
- Одам севиб колсачи, нима булади?
Улар бакирмайдилар, аксинча улар охиста, секин гаплашадилар.
Чунки уларнинг калблари жуда якин булади, - дея устоз давом эттирди.
- Агар улар жуда каттик севиб колсаларчи?, - суради бир шогирд.
- Улар бир карашнинг узида бир-бирларини "калбларидагини" укий оладилар…, - деб жавоб берди устоз.
@AdabGavhari дан олинди.
https://telegram.me/Shaxlo_Axrorova


Репост из: Шаҳло Аҳророва
ОНА ТИЛИМ
Илк кўз очганимда онам сўз очиб,
Шу тилда бағрига олган , болам, деб.
Илк қадамларимга ёнғоқлар сочиб,
Шу тил мени йўлга солган, болам, деб

Меҳрнинг ўзбекча рангин кўрсатиб,
Онам юрагимга аллалар қуйган.
Момом чаккасига райҳонлар тақиб,
Мени тонг суйса ҳам, ўзбекча суйган.

Эҳтимол, "ая"дир, илк бор деганим,
Балки "дада" сўзин айтганман, холос.
Бироқ, мен ягона - шудир билганим:
Мен илк бор ўзбекча сўйлаганим рост.

Ўзбекча жилмаяр менга қуёш ҳам,
Юлдузга ўзбекча сўйлаяпман мен.
Жон болам, деган сўз - бунча хуш калом!
Бахт ҳақда ўзбекча ўйлаяпман мен.

Жон тилим, онамдан қолган меросим,
Момолардан келган достонларимсан.
Навоий десам гар, мангу баёзим,
Гар Улуғбек, десам, осмонларимсан!

Минглаб асрларнинг қаъридан келгай,
Ҳар айтарим, ҳар бир сўзим томири.
Ҳей, десам, овозим кўкка ёйилгай,
Ҳар сўзим - Ўзлигим, Ўзим томири!

Кетсам, эл топмасман, одам топсам ҳам,
Шу эл меҳрин, қўмсаб қайтавераман.
Ўзбек туғиларкан то бу заминда,
Мен ўзбекча алла айтавераман!

https://telegram.me/Shaxlo_Axrorova


МЕНИНГ КЕМАМ

Менинг кемам...
елканлари оқ,
Мовий денгиз қўйнида илкис
Тебранади,
сокин сузади,
Йўл бошлайди илоҳий бир ҳис.

Оҳ ирмоқлар,
оҳ жилғачалар,
Йўлин тўсмоқ истайди бари...
Денгиз учун очилган елкан,
Кетмоқ лозим денгизга сари.

Чайқалади.
Тўлқинлар майин,
Аллалайди тонг-қучоғида.
Шу елканлар қанотларини
Ўтдай ёқар шафақ чўғида.

Менинг кемам,
елканлари оқ,
атрофида бари ранго-ранг.
Турфа ранглар
сочганда жило-
Оқ елканни қутқардим аранг.

Келди яна илоҳий бир тонг,
Илоҳий нур,
илоҳий бир сас.
Қатъий,
денгиз томон боради,
Ирмоқларда-денгизга ҳавас.

Тўфонлар-у келди бўронлар,
Ортга қайтди кемалар неча.
Бир кема бор денгиз қўйнида,
Нурга етган,
оқ ойдин кеча.

Менинг кемам...
Елканлари оқ!

Шодиёна Аҳророва : @Muhammadyusufizdoshlari


У КУНЛАР

Бир кун кулиб қилдилар имо,
Курсдош қизлар – ҳуснобод қизлар:
Бу кунларни шеър қилинг, Мирзо,
Қўшиқ қилиб айтайлик бизлар“.

У кунларда… Ҳув йироқлардан,
Яшил-зангор нафас келарди.
Садаларнинг бутоқларидан,
Инқилобий бир сас келарди.

Савр эди, ҳаво – намзада,
Кулги истаб турмас эдик тинч.
Тинмас эди тунлар Ҳамза“да,
Келинларнинг қўзғолони ҳеч.

Соқолларни қирганча чала,
Кундуз шошиб, андак оғриниб,
Тинглар эдик, топиб ҳафсала,
Доцентларнинг сабоқларини.

Ётоқхона орти – бозорча,
Қоп-қоп майиз, олмаю ёнғоқ…
Вақти келар бизга… Ҳозирча,
Пиёз беринг, холажон, бир боғ“.

У кунларда… Қобуллик толиб
Қодир бир кун келди ётоққа,
Ватанида инқилоб бўлиб,
Афғон эли қалқмиш ёққа.

У куларди… Қарардим ҳайрон,
Кўзидаги йилтироқ ёшга:
Қувонч десам, йиғига ўхшар,
Йиғи десам, ўхшар қувончга…

Сўнг шеър ўқиб ҳайқирдик чунон,
Бедардларга бўлсак ҳам кулги.
Сенда ҳамма – шоир, онажон,
Ўзбекистон, шеърият мулки!

Ғиштин бино – бағрига босган,
Барча айбу гуноҳларимни.
Туриб-туриб кўнглим қўмсайди,
Талабалик ётоқларини.

Мана, адл садалар… Жавзо…
Япроқларда титрайди сўзлар:
Бу кунларни шеър қилинг, Мирзо,
Қўшиқ қилиб айтайлик бизлар“.

У кунларда, дайдиб, гувраниб,
Қайда эдинг, мажнун овозим?!
Ўшал учқур-учқур кунларнинг,
Шиддатида қолди қасосим!

У кунлардан камёб омадим,
Кўз остида қолдирди излар.
У кунларни шеър қилолмадим,
Қўшиқ қилиб айтмади қизлар…

Мирзо Кенжабек


ЭҲТИМОЛ

Юлдузлар тўзони ичра бир учқун
Гоҳ ёниб-ўчади, милт-милт қилади.
Ёғду тезлигидан хаёлим учқур –
Коинот баҳрида елади.

Нима у? Ёритқич ёки сайёра,
Ёки Аторуддан кўчган тошмикин?
Ё ўзга оламдан элчи – тайёра,
Ёхуд айро тушган бир йўлдошмикин?

Балки куррамизнинг эгизаги у,
Еҳтимол унда ҳам қайнайди ҳаёт.
Унда ҳам гуркираб яшнайди орзу,
Унда ҳам янграйди алёр ва баёт.

Ким билар, Дилрабо деган бир қизча,
Йўл қараб, ўйларга толиб тургандир.
Ким билсин – кўзида порлаб юлдузча
Севгисини шеърга солиб тургандир.

Эҳтимол у менга ўхшар жудаям,
У ҳам яхшиликни соғинар доим.
Истагим, у ҳечам чекмасин алам,
Тилагим, у бахтли бўлсин, илойим!

© Дилрабо Норқулова

@Muhammadyusufizdoshlari 👈 Муҳаммад Юсуф издошлари канали


ОДАМ БЎЛ, ДЕБ КУЙИНМАНГ...

Англолмайман ўзимни гоҳо,
Бўғзим ичра ёнар нимадир.
Чегарасиз юрак кўкида
Қалдирғочлар учар қайгадир...
Тупроқларга бераман бағир,
Капалаклар кетмас қошимдан.
Одамзотга ётдайман,
Балки
Бойчечакка қариндошдирман?
Балки тоғлар менинг оғамдир,
Синглиммикан атиргул – гулгун.
Суярманми мунглиғ чинорни
Отамдай бўп қолгани учун?..
Ҳар гиёҳда, ҳар баргда – ўзим,
Замин узра кетдим сочилиб.
Одам бўл, деб куйинманг, Она,
Қайга ҳам борардим шошилиб!
Табиатнинг ҳар қисми – тилсим,
Худо кўринар ҳар қадамда...
Одам бўлиб нима топдим мен –
Худо борми ҳар бир одамда?!
Англолмадим неча йил, мана –
Кўксимдаги муштдай оламни.
...Она,
Худо кечирармикин
Гул бўлгиси келган одамни?..


​​КУЗ ПОРТРЕТЛАРИ

1
Кўзларимда хира тортади осмон,
Анҳоридан кўнгли совийди сувнинг.
Нигоҳи бағримни юборар тилиб
Боққа кириб олган сариқсоч мунгнинг.
Совуқ хайрлашар ёз билан шамол,
Саратонни осон унутар қуёш.
Атиргул титраниб таслим этар жон
Қаттиқ жўякларга қўйганича бош...
Хафаҳол борлиққа тикилиб маъюс
Худонинг ҳукмига этади сабр –
Ёзни севиб қолган қўрс дунё билан
Келишиб яшашга маҳкум сентябр.

2
Қўлидаги сўнгги япроқни
Ерга отиб юборар терак.
Тирнаб ўтар кўксимни шамол,
Ич-этимни ғижимлар юрак.
Оғироёқ қирларга боқиб
Сарғаяди безовта осмон.
...Юзига лой сачраган гулнинг
Энди тозармоғи даргумон.
Сийрак сочли бошини эгиб
Мажнунтол тин олади оғир.
Нафасини ютган дарёга
Чўмилгани келмоқда ёмғир...

3
Изғиринга қилмайди тоқат –
Жонин олиб қочади қушлар.
Хушрўй кузги гуллар
Чорасиз
Қарғаларнинг кўнглини хушлар.
Сертаъна,
Серзарда дунёдан
Совиб борар қуёшнинг кўнгли.
Ўчоқларда олар аланга
Дарахтларнинг кесилган қўли...
Совуқ тунда
Йўлин йўқотиб,
Кўлмакларни кечиб юрар ой.
Манзилини тополмайди бахт –
Бунда ҳамма остоналар лой...

4
Ўчиб қолди осмоннинг шами,
Япроқ сўнгги шеърин тамомлар.
Қизларини солди бозорга
Бели букик, қари ишкомлар.
Не қиларин билмайди шамол
Кўриб кўкси очиқ гулларни...
Кунботарга кетмоқда қушлар,
Раббим,
Ўзинг асра уларни!
Хазонлардан тутар дарддаста
Кетаётиб
Заъфарон бахтлар.
Хайрлашар кўзи жовдираб
Мен белини қучган дарахтлар...
Худо,
Оғир бўларми шунча
Кечирмоқлик видо фаслини?
Унутолмай яшайман энди
Борлиқнинг шу қиёфасини...


Дилфуза КОМИЛ


BAYRAMINGIZ MUBORAK BO'LSIN, AZIZ USTOZ-MURABBIYLAR!

УЛУҒ ЗОТ
Меҳр излар инсон мудом даҳр ичра,
Сеҳр излар саховатли самоватдан.
Гар маърифат ёрдир нурли эрур чеҳра,
Юракда жо бўлса агар илму урфон.

Кимни қандай ташвиш ўртар,
Кўнгилни дард,
Бир илиқ сўз айтмоқ жоиз, келмай малол,
Ғанимат бу умр уммонидан абад
Ишқ булоғин излаб ўтгаймиз эҳтимол?

Аммо бир зот борки, унга қодир Аллоҳ
Туҳфа этмиш бор меҳр ва саховатни,
Ҳар дам сенинг дардинг ила бедор, огоҳ,
Миннат билмас,
Ўйламас ҳеч ҳаловатни.

Сенинг юксак камолингни ўйлаб яшар,
Бору йўғи, инояти – илму зиё,
Минг эҳтиром, таъзим бажо айлар башар,
Унинг минг бир хислатидан пойдор дунё.

Устоздир ул самолардан юксак бағир,
Устоздир ул замин ичра улуғ калом.
Ул зот сабаб даҳоларни кўрмиш даҳр,
Ул зот сабаб камолотга ёр бу олам.

Ватан янглиғ азиз, юртдек муқаддас, деб,
Дил тўрида асрагаймиз устоз, номинг,
Ҳар он сенинг бир корингга ярар дастдек,
Кўз нурида асрагаймиз устоз, номинг!

Қутламоқда бу кун Ватан шараф-шонинг.

✍ XURSHIDA

@xurshidabonuvahobjonqizi


Millatni tarbiya qiladi ustoz!

O‘z-o‘zidan bunyod bo‘lmas hech bino,
Qay donish yaralgan olmasdan ta’lim.
Dunyoni nurlarga to‘ldirmoq uchun,
Ilm chirog‘ini yoqar, muallim.

Yurakdan joy olib har bitta so‘zi,
Ezgulik urug‘in sochar muttasil.
Kundan kun bo‘y cho‘zar kichik nihollar-
Ziyo bog‘bonidan olganda taxsil.

Yaxshilikka undar qilgan ishlari,
Odobi mujassam kulishida ham.
Sabr va matonat ko‘rinar, qarang,
Hatto sukut saqlab turishida ham.

Yaqin bo‘lganiday kipriklar ko‘zga,
Shogirdin farzandday qiladi e’zoz.
Pok qalbi-yu toza vijdoni bilan,
Millatni tarbiya qiladi ustoz!


IMRONBEK (FAYZULLO YAHYOYEV)


Муқимжон НУРБОЕВ:
Муқимжон НУРБОЕВ:
Меҳр тўла зиёси бор
Тунларининг зиёси бор.
Найнинг майин навоси бор
Онам айтган алласида.

Ҳар бобида бир ҳикоя
Янги мавзу, янги ғоя.
Ҳикматлари бениҳоя
Онам айтган алласида.

Орзулари бўлиб гавжум,
Ҳадя этар хуш табассум.
Қут, барака уюм-уюм
Онам айтган алласида.

Оҳангида порлар қуёш
Тоғу тошлар ҳамдард, сирдош.
Селдек оқар ҳар бағритош
Онам айтган алласида.

Бедорликка чора излар
Мурғаккина жонни сизлар.
Қиздек яшар, "ой-юлдузлар"
Онам айтган алласида.

Тоғлар оша янграр садо
Навосига жоним фидо.
Тарихимиз яшар гўё
Онам айтган алласида.

ҚОБУЛОВА АЗИЗА.
(ИНТИЗОР) . @muhammadyusufizdoshlari 👈 Муҳаммад Юсуф издошлари канали. Уланинг, улашинг!


Репост из: Shavkatjon Ochilov
"Lola qizg'aldoq"
✍Muhlammadl Yusuf
🎤Shahina Shavkat qizi (4 yosh) & Shavkatjon Ochilov


УВОЛИ ТУТСИН
Яхшиларнинг умри бўлсин зиёда,
Шафқат тиланмасин ишонч риёдан,
Макру хиёнатга тўла дунёда,
Баднафсни дилларнинг уволи тутсин!

Лафзида турмаса эр йигитлар гар,
Ёғдуларин сочмай қўйгуси ахтар,
Чаманзор бағрига жойласа хатар,
Хазонгир гулларнинг уволи тутсин!

Мунофиқнинг тоза иймони бўлмас,
Боши хам, юзлари сомони бўлмас,
Ҳис-туйғуси, ишқи, армони бўлмас,
Алданган йўлларнинг уволи тутсин!

Ё Аллоҳ, боримга шукр қилмасам,
Уқбо, озорингга шукр қилмасам,
Охир мозоримга шукр қилмасам,
Гуноҳкор йилларнинг уволи тутсин!

ХУРШИДА
2018 йил 28 май

@xurshidabonuvahobjonqizi


ОПА

Нималар қилмадим бегоналарга,
Ука бўлиб Сизга нима қилолдим?
Тақлид қилиб машҳур девоналарга
Бугун ўзимга ҳам ёт бўлиб қолдим.

Ҳамон кўз олдимдан ўтади бир-бир
Анорзор, теракзор... дадамнинг боғи...
Эгилиб, ҳассага таянган анжир...
Ўша дамлар ҳидин туяман гоҳи...

Оёғимни тилса бехос чўкиртак
Опош бўлсин, дея ўпган опамсиз.
Кўчада тўп тепиб юрсам мен тентак
Мен учун ҳам ерлар чопган опамсиз.

Шунчалар ҳам яхши бўларми одам?
Мерос қолмайдими бизга меҳрлар?
Чорбоғдан жилмайиб чиқади дадам
Ва сизга тутқазар олтин беҳилар!

Кимгаям айтардим сизга айтмасам,
Юрагим анордек ёргим келади.
Бу дунё дадамни соғинтирган дам
Сизнинг ёнингизга боргим келади.

Соғ-омон бўлсинлар аям, ишқилиб!
Юрсам ҳам, турсам ҳам дуо ўқийман.
Аямни пошшодай эҳтиёт қилиб,
Фақат хушхабарли гаплар тўқийман.

Опажон, кўзингиз жиқ тўла қайғу,
Жиянлар кўзида тоғага ҳавас.
Шеъримда дунёга бахт тилайман-у,
Сизни бахтли қилиш қўлимдан келмас...

Сизни меҳнат учун яратган Қаҳҳор
Мени саёқ қилиб яратмиш, нетай?
Уловим ҳамиша сафарга тайёр,
Кузатишга доим рафиқам ҳам шай...

Гоҳо Сурхондами, ё Самарқандда
Қадрдон чеҳралар учрар йўлимда.
Сиз каби синиққан, сиздайин содда,
Дағал бармоқларин тафти қўлимда.

Зийнатлари – ҳаё, энг ноёб безак,
Усту бошларига беролмаслар зеб.
Сизни эслайману айтаман, демак,
Буларнинг укаси шеър ёзади деб...

Ўзимнинг опам-а, жафокаш опам,
Билмайсиз ранжишни, хафа бўлишни.
Менга ўхшамасин ўғиллар ҳечам,
Қизим сиздан олсин опа бўлишни!

Иқбол МИРЗО @Muhammadyusufizdoshlari Муҳаммад Юсуф издошлари


ОТА ЮРТ

Падарсан, хизматингга
қобил бўлиб борарман,
тамом икки дунёдан
ғофил бўлиб борарман.

Гўрўғлихон, Алпомиш
ботир бўлиб борарман.
Широқ каби ҳийлагар,
моҳир бўлиб борарман.

Зуҳромсан, кўзимда ишқ
зоҳир бўлиб борарман,
лайло кўзларинг ҳаққи,
тоҳир бўлиб борарман.

Қушдайин сабук бўлиб,
шамолдай чобук бўлиб,
ёв бошига харсангдай
оғир бўлиб борарман.

Борарман Кубро бўлиб,
хунгарми саҳро бўлиб,
Темур комраво бўлиб,
Бобур бўлиб борарман.

Қодир бўлиб борарман,
ботир бўлиб борарман,
ё ватан деб, ё ҳақ деб,
зокир бўлиб борарман.

Ватанни севмоқ, магар,
иймондан, демасмилар;
Ҳақ қошига мен нечук
кофир бўлиб борарман?!

Мансур ЖУМАЕВ

@Muhammadyusufizdoshlari Муҳаммад Юсуф издошлари.


ОНА ЭЛИМГА

Дўпписида қуёш рамзи
Қалби қуёш она элим.
Мадҳинг куйлаш олий қарзим 
Эй қора қош она элим.
Мозийларнинг туб-тубига
Етиб борар илдизларинг
Фазоларда чақнаб турар
Неча ёрқин юлдузларинг.* 
Бир ажойиб урфларинг бор
Хислатингга хислат қўшган.
Табиатнинг ўзи сенинг
Санъатингга санъат қўшган.
Беқасамда баҳор фаслин
Чиройининг акси бордир.
Хонатласу адрасларда
Камалакнинг рақси бордир.
Оқ яктагинг дарак берар
Кўксингдаги оқ юракдан.
Дўппи кийиб ғоз юрганда
Қаддинг баланд бойтеракдан.
Гар чаккангга тақиб олиб
Гулу райҳон баргларини.
Пайров айтсанг унутаман
Бу дунёнинг дардларини.
Офтоб ҳатто сени суяр
Сен оламнинг боғбонисан.
Хоксор ҳамда камтаринсан
Она замин ўғлонисан.
Амир Темур шиддатидан
Борлигингни билди жаҳон.
Алишеру Мирзо Бобур
Довруғига тўлди жаҳон.
Шеъриятнинг осмонида
Мангу сўнмас Чўлпонинг бор.
Абдулла* ва Усмон Носир
Янглиғ битмас достонинг бор.
Римга ҳатто алишмаган
Бедапоя, далаларинг.
Сенга жонин фидо этар
Муҳаммад*дек болаларинг.
Дўпписида қуёш рамзи
Қалби қуёш она элим.
Мадҳинг куйлаш олий қарзим 
Эй қора қош она элим.
Мен ҳам сенинг фарзандингман
Болангман, жигарбандингман.
Ғойибона шеърлар ёзган
Ғурбатдаги дилбандингман. . *-бугунги кунда коинотда Улуғбек, Хоразмий, Ўзбекистон,
Самарқанд, Беруний ва Авиценна номли сайёралар мавжуд .   *-Абдулла Қодирий ва Муҳаммад Юсуф назарда тутилган.
Ҳасанбой  Ғойиб. Тожикистон. . @muhammadyusufizdoshlari 👈 Муҳаммад Юсуф издошлари канали адабиётимизнинг севимли канали!


Янги бӯй кўтарган майса софлигин,
Қуёш илиқлигин сенга илиндим.
Хуш бўйларингдан маст қилиб мени
Бағримга бир гулдек тўла қол,синглим.

Менинг хам ташвишим елкангга илма,
Ҳеч кимда тўлиқмас,ҳаммада бир кам,
Опангга муҳтожлик сезиб қолсанг гар,
Сен учун эшигим очиқдир , укам.

Меҳрингиз дарёдек тошиб келади,
Ўша меҳрга зор ташна юракка.
Вақтида холингиз сўраёлмайман,
Сизга лойиқ сингил бўлдимми, ака ?..

Сени соғинганда ичим ёнади,
Мунча ҳам дунёнинг ташвиши кӯп а...
Бирам кўргим келди ,онамга ўхшаш
Ойдек юзларингни мунисам , опа! . Фаридахон Абдураимова. Қирғизистон. . @muhammadyusufizdoshlari 👈 Муҳаммад Юсуф издошлари канали! Уланинг, дўстларингизга ҳам улашинг!


Ўзбекистон халқ шоири ЭРКИН ВОҲИДОВ
(Шеър Совет даврида ёзилган)

ВАТАН ИСТАГИ


Бу ватанда бир ватан
Қурмоқни истайдир кўнгил,
Ўзни озод қуш каби,
Кўрмоқни истайдир кўнгил.


Бу ватан тимсоли бўлса
Тонг қуёши шуълавор,
Шуълалар қўйнида чарх
Урмоқни истайдир кўнгил.


Бу ватанга байроқ— инсоф,
Туғи сарҳад муҳри— меҳр,
Сарҳад узра соқчидек
Турмоқни истайдир кўнгил.


Ким бу тупроқ қадрини истар
Айламоқ тупроққа тенг,
Кўзига тупроқ билан
Урмоқни истайдир кўнгил.


Ул ватан елканларини—
Маърифат уммонида
Қиблаи имон сари
Бурмоқни истайдир кўнгил.


Бас, етар ёлғон саодат,
Ёлғон эрк, ёлғон ватан,
Ҳуррият завқини чин
Сурмоқни истайдир кўнгил.


Қутлуғ истиқлол кунида
Эй ватан, бағрингда шод,
Эркин ўғлонинг бўлиб
Юрмоқни истайдир кўнгил.

Эркин Воҳидовнинг ушбу орзу шеъри мустақиллигимиздан аввал ёзилган. @Muhammadyusufizdoshlari 👈 Муҳаммад Юсуф издошлари телеграмда адабиётимизнинг севимли канали. Уланинг, дўстларингизга ҳам улашинг!


Муқимжон НУРБОЕВ:
Аё, ишқ, сен менинг баҳримдан ўтгил,
Чиқиб кет қалбимнинг қат- қатларидан.
Ҳалос этиб кетгил ёлғонлар заҳри,
Ҳамда ҳиёнатнинг нафратларидан!

Аё, ишқ, томирлаб кетдинг танамга,
Қилдек жонимга ҳам қолдирмадинг жой.
Қўшилдинг шариллаб оққан қонимга,
Суяк-суягимга сингдинг, ҳойнаҳой!

Аё, ишқ! Қасдингдан қийин қийноқлар,
Нафас йўлларимга тошлар тиқилди.
Ҳастадек сарғайди алвон яноқлар,
Сарвдек қоматларим етти букилди!

Аё, ишқ! Шунчалар тотли каломинг,
Фироғинг тузалмас дарднинг ташҳиси.
Ҳушим олган эди берган саломинг,
Энди видоларинг қотилнинг иши!

Ризоман, кетарга кўрсанг тараддуд,
Бесўроқ боғлаган ришталаринг уз!
Ҳатто пинак бузмас осмоний ҳудуд,
Бағридан ситилиб кетса бир юлдуз!

Аё, ишқ! Оҳ, бунча ўткир ифоринг.
Сарҳуш кўзларимнинг гавҳарлари қон.
Мени ҳаддан зиёд қийнаб юбординг,
Ишон, унутмайман сени ҳеч қачон!

Илло кечолмасанг мамлакатингдан,
Боримла бож тўлаб ўтгум умрбод!
Мен кечдим! Мен кечдим мурувватингдан,
ҚАСАМЁД! ҚАСАМЁД! ҚАСАМЁД!

Малика Салимова
@muhammadyusufizdoshlari 👈 Муҳаммад Юсуф издошлари канали севимли канал


Gulbahor Jumayeva:
ШЕВАМ...

(К,ашк,адаре'мнинг Китоб тумани шеваси х,ак,ида....)

К,ани кетдик,шевам,у'лай у'зингдан,
Дилдан су'злашайлик,ку'здан панага.
"Тутта нонимниям гидди куйибди,
Уннок,-муннок,"-дема,урма шонага

Шундок,х,ам бу дуне' куюк-масхара
Куляпман, ку'зимнинг е'шини ичиб
"Боддим,келлим,ту'ллим' кунимга яраб,
Фак,ат сен кетмадинг бир мендан кечиб.

"Р"ларим ичимда, "Д" ларим дод дер,
Бувамни к,умсасам,ку'зим сог'ар е'ш.
Юр, кеттик,тутуннинг х,идига ту'йиб,
Ок,даре' гиддига бир к,у'яйлик бош.

"Хунгурупта" дерди онам е'монни,
Каттам кулса,йиг'лаб-йиг'лаб куларди.
"У'лайда,сеннан"-деб боласиз опам
У'пкаси ту'ларди,бирам ту'ларди.

Мусофир к,иллима мангина у'лай,
Сок,ов дейдилар мен ичингга кирсам,
"Вотти "дее'лмадим, "Япти" деяпман,
К,анийди "Опти" ни к,учок,лаб у'лсам!

Не к,илай,"БУВА",- деб йиг'лагим келса,
Х,ижрон,баг'рим уйган сен-к,ора-куям!
Худонинг олдига кетар маха, лим
Калимамни айттир, азизим,шевам!

Биламан,шеьримга керак таржимон,
Ватан к,ай шевада бу'лса Ватанда
Дадамни ,бувамни ,каттам ,апамни,
Опичиб е'тибсан, оппок,кафанда!

Дадам-ОТАМ, Бувам-ОНАМ,Каттам-МОМОМдир,
КИТОБ- ту'рт томони-гирди-шонаси
Пичирлаб-пичирлаб,шеьрлар туг'иб бер,
ШЕВАМ -шеваларнинг катта онаси!...

ГУЛБАХОР ЖУМАЕВА

26- июнь. 2018- йил. @muhammadyusufizdoshlari 👈 Муҳаммад Юсуф издошлари канали севимли канал

Показано 20 последних публикаций.

274

подписчиков
Статистика канала