Nazmiy Guliston


Гео и язык канала: не указан, не указан
Категория: не указана



Гео и язык канала
не указан, не указан
Категория
не указана
Статистика
Фильтр публикаций


Репост из: Feruza Umrzakova
ОНАМГА

Топиларми айт яна фурсат
Қайсар кўнгил кетаркан тона.
Беролдимми меҳрли давлат?
Қай қизингдан розисан она?

Сўзни қучдим
ашъорни қучдим
Кўрсатмадим
ҳизрдек ҳиммат.
Қалдирғоч қиз уйингдан учди
Меҳр экан
ҳар недан қиммат.

Ер юзини айланди шукуҳ
Ўн саккиз минг оламсан ўзинг.
Гоҳ қуш бўлиб чирқиллар андуҳ
Қай ғамингдан асролди қизинг.

Мен қизманми,
қушман онажон
Дард дарага ёлғизлаб кетган.
Вужудингда яшар ҳадик жон
Соғинчингман сени тарк этган.

Қаламимдан қоғозга кўчар
Ўз дардига ошно сўзларим.
Юрак яна ўзидан кечар
Бордими айт
дийдор қизларинг.

Жаннатим деб эркалайсан гоҳ
Кўнглим яна ўксинар тона.
Юрагимда ўзинг ғам нигоҳ
Жаннат учун арзимам она

Жаннат бермоқ қарзим бор она.

✍Дилфуза Иззатулло
https://t.me/gazeta_xalq_ovozi


Aқл чексиз фазога ҳоким,
Aқл ҳоким олам юзига.
Борлиқ унга бўйсунар,
Лекин
Юрак кирмас унинг сўзига.

©Эркин Воҳидов

@nazmiy_guliston


Сурат нима?! Бир парча қоғоз,
Сарғаяди, эскиради у.
Фақат дўстлик расми бўлса рост,
Муҳрланар қалбларга мангу...

©Нодир Жонузоқ

@nazmiy_guliston


УНУТИБ ҚЎЙГАНДИМ...

Мажнундек кезиблар дунёни,
Инсоний ҳаётдан тўйгандим.
Ҳақиқат ҳисоблаб рўёни,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Аллоҳим, ўзингга қайтдим-ку,
Мийсоқ калимасин айтдим-ку,
Асли бу меҳрингдан қайтим-ку,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Ўтмишда бир қўрқинч туш бўлди,
Гуноҳлар кўнгилга хуш бўлди,
Иймоний ҳужралар бўш бўлди,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Отамни танибман туғилиб,
Онамни ҳис қилдим бир кулиб,
Кўз ёшим кўл бўлди йиғилиб,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Осмонга қараблар кулардим,
Майсада тулпор от бўлардим,
Исмимни сўрсалар, билардим,
Лек сени унутиб қўйгандим.

Ёд олдим турфа хил куйларни,
Тарк этмай қатнадим тўйларни,
Ёдимда сақладим ўйларни,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Табиат деб солдим жар йиғлаб,
Тушимда ёр кўрдим бир ухлаб...
Шеър ёздим қизларни улуғлаб,
Мен сени унутиб қўйгандим.

Дафтарлар қон бўлди севги деб,
Даҳрийлар туйғуси берди зеб,
Виждонни бир ямлаб қўйдим еб
Мен сени унутиб қўйгандим.

Улғайдим кўзимда кулди тонг,
Қалбимда нимадир урди бонг,
Ҳар неки балога ишлар онг...
Лек сени унутиб қўйгандим.

Севардим китобни, қаламни,
Кенг кўрай деб турфа оламни,
Ҳидлардим эркалаб боламни...
Лек сени унутиб қўйгандим.

Дўстликка иймон деб қарардим,
Ҳар замон кунига ярардим,
Дўст деса ўлимга борардим,
Лек сени унутиб қўйгандим.

Ўрганиб хилқатнинг қисмини,
Англадим энг мушкул жисмини...
Ёдладим даҳолар исмини,
Лек сени унутиб қўйгандим.

Бир кимса мени ғўр демасди,
Илмда ташвишим емасди.
Номаълум ерлар сир эмасди,
Лек сени унутиб қўйгандим.

Бироқ...
Сен мени кузатдинг ҳар дамда,
Изингни кўрсатдинг қадамда,
Борингга ишорат оламда
Мен сени унутиб қўйгандим.

Эрта тонг уйғондим бир ғалат,
Тушимга кирибди қиёмат,
Эвоҳким, ўнгимда надомат
Мен сени унутиб қўйгандим.

Ё раббий, қайтяпман, бўл гувоҳ,
Ваъданг бор, кечгайсан тоғ гуноҳ,
Бундан буёғига бўл паноҳ...
Мен сени унутиб қўйгандим.

© Хайрулла Ҳамидов

@nazmiy_guliston


"Элим"

Хайрулла Ҳамидов ШЕЬРИ

@nazmiy_guliston


Боғларга намозгар салқини тушди,
Мени асрларга асир эт, ё Рабб.
Қазолар юзидан юрак увушди,
Шомнинг қуёшида илисин бу қалб.

Хуфтонсиз дилимни этмагин хуфтон,
Субҳи содиқларда бергин садоқат.
Зуҳрда ўн бора ҳузурлансин жон,
Бутун бир умримга зикринг ҳаловат...

© Ўткирбек Муҳаммадсобир

@nazmiy_guliston


БОШПАНА

Кўзингни тиқма, бу менинг бошпанам,
Пойгакдан мўлтайма, асло қўймайман,
Юрак деб аталган қизил офтобдан
Ўзим қон ичгайман, сенга қуймайман.

Бармоғинг ниқтама, менинг бошпанам
Хати тирноғинг-ла ёзилмагандир.
Мен билан Худонинг ўртасида ҳам,
Ариқлари сен-ла қазилмагандир.

Юзинг буриштирма, менинг бу юзим,
Қирилган гоҳ кишан, гоҳ тиканлардан.
Кўтардим қилт этмай ҳайрат қимизин,
Эзилдим эзилиб эзилганлардан.

Меники бу ғавғо, керакмас даллол,
Дафтарим варақлаб ўқий олмайсан.
Агарки, борлиғим йиртсалар, алҳол,
Менга бошқа борлиқ тўқий олмайсан.

Йўлу йўриғингга юрмасман зинҳор.
Эшит, фарёд чиқар ўпган тошимдан,
Илоё, бошингни тешмасин дўл-қор,
Илоё, ёрилма еган ошингдан.

© Абдували Қутбиддин

@nazmiy_guliston


Бир авлиё ўтган екан қадимда
Ҳақ зикридан тамом кўнглида сурур.
Ичида бир ўт бир еканки тунда
Гапирса оғзидан чиқар екан нур.
Сен ҳам авлиёга ўхшайсан ошнам,
Билмадим ичингда нечук бир ўтин,
Кун-у тун гапирсанг, гапирмасанг ҳам
Оғзингдан бурқираб чиқади тутун.

©Жамол Камол

@nazmiy_guliston


Mиллат юзи

Дилимда наштардай бир саволим бор
(Безиён саволлар қатма-қат, лим-лим):
Миллатнинг юзини босмасми ғубор,
Кўча супуришга чиқса муаллим? 

Не ҳол бу, мактабда йўқми ё иши?
Ё қора меҳнатга тушганми ишқи?
Наҳотки қайтара олмас ҳеч киши,
Кўча супуришга чиқса муаллим. 

Жовдираб термилар зиёли кўзи,
Довдираб ўрда ҳам, қирда ҳам ўзи,
Ҳатто жужуқларга ўтмайди сўзи,
Кўча супуришга чиқса муаллим.

“Юртга нафи тегса нима қипти, хўш?!
Омборлар тўлади - сен ҳам улуш қўш…”
Фақат, болаларнинг мияси бўм-бўш,
Кўча супуришга чиқса муаллим.

Кўзлари тўрт бўлиб кутгай бўш синф,
Умиди бўрдай мўрт - тўкилар синиб.
Дарсини хаёлда ўтар хўрсиниб,
Кўча супуришга чиқса муаллим. 

Ҳолбуки, алқайди зангор қутилар,
Ялтироқ сўзларга зеб бериб қутлар...
Оҳ, наҳот бир куни ўлиб қутулар,
Кўча супуришга чиқса муаллим?!

Минг узр, сўзларим туйилса аччиқ,
Не қилай, кўксимда заҳарли санчиқ,
Жонимни “Камаз”лар эзғилар янчиб,
Кўча супуришга чиқса муаллим. 

Сиз-ку бир четдасиз… Яқинроқ келинг,
Шогирдсиз - заҳматин теппа-тенг бўлинг.
Қўлида супурги, хокандоз бўлинг,
Кўча супуришга чиқса муаллим! 

Нодир Жонузоқ

@nazmiy_guliston


Матназар АБДУЛҲАКИМ

ДАРСДАН СЎНГ

Кимнидир койиди чеккани учун.
Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.
Машқ дафтарларини йиғди-да, сўнгра
Бир-бир санаб кўрди. Етти дафтар кам.

«Ҳар гал шундай аҳвол. Уялмайсизми?
Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.
Бу сафар ҳам икки қўймай тураман,
Эртага қолганлар топширсинлар. Хайр».

Қиш куни — бир тутам. Қорайганди қош.
Иккиланди. Ўтмак керак, ахир, қирдан.
Эри ҳам келмади олиб кетишга
«Кўнгли совидими...» — ваҳм этди бирдан.

Ҳамкасб дугонаси қистовга тутиб,
«Тунаб кетинг, — деди . — Кеч бўлиб қолди»
Кўнмади. Қўлтиқлаб машқ дафтарларни
Уйга ёлғиз ўзи яёв йўл олди.

Овул тугаб, энди қирга чиққанда
Оқшом қуюқ эди, атроф сим-сиёҳ.
Йўлдан қайтмоқчи ҳам бўлди бир ўйи.
«Ўғлим хасталаниб қолдимикан ё...»

Юрагини баттар ваҳима босди,
Қамради тундан ҳам баттар бир қўрқув.
Ўнқирми, чўнқирми, ўрми, қир демай
Яна кетаверди, кетаверди у.

Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,
Разм солса қашқир. Қиларди таъқиб,
Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,
Изига бир дафтар ташлади ёқиб.

Қашқир тўхтаб қолди. Сўнг — яна, яна,
Муаллима омон топган бу олов
Йиртқичга берарди иложсиз сабр.
Йўловчи — ёқарди, қашқир — тўхтарди,
Тин оларди икков ҳар дафтарда бир.

Йўл узоқ, тун қаро, қашқир эса оч,
Оч йиртқич биларми надир садоқат.
Уйга яқин қолган вақтда тугади
Муаллимда дафтар, қашқирда — тоқат.

Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,
Замин аза очди, замон йиғлади.
Дафтар топширмаган етти ўқувчи
Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.

Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,
На олим, на фозил, на сўз пириман.
Ўз вақтида дафтар топшира олмай
Қолган болаларнинг бириман.

Мен яхши биламан, тумор қилмайди
Ёзган шеърларимни ошиқлар.
Мен яхши биламан, қўшиқларим жўн,
Биламан, булар бир оддий машқлар.

Лекин... кетмакдасан келажак сари
Тап тортмай қисматнинг дашт, қирларидан.
Ўзимча асрагим келади сени
Ёвузлик, хиёнат қашқирларидан.

Мен машқ бажараман, ёзаман ҳар кун
Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.
... Сен йўл бўйи ёқиб ташлаб кетавер
Қашқирлар қўрққувчи китобларимни...

@nazmiy_guliston


Англамоқ истадим сирин дунёнинг,
Нега у унақа, нега шу шундай?
Масалан, оламнинг охири недир?
Буни билмасликка мен қандай чидай?

Ногоҳ кўзим тушди - бегона хилқат,
Гуё илк бор кўрдим икки кўзимни.
Кўзгудан боқарди буюк ҳақиқат,
Ахир билмайманку, тўлиқ ўзимни...

© Хайрулла Ҳамидов

@nazmiy_guliston


«Жанозага борсам негадир
Кўзим қувнаб бўлурман беҳол.
Фақат шундоқ ўхшайди ахир
Эр эркакка, аёлга аёл.

Бир дард ўртаб юборди дилни,
Ёзарканман титратиб қўлим:
Ўз аслига қайтарса элни,
Ўлим бўлсин ҳар куни, ўлим.»

© Аъзам Ўктам

@nazmiy_guliston


Sen, ey sen, she’riyat, bo`lding
Ki qaydin oshino menga,
Keturding ham safo menga,
Yeturding ham jafo menga.

© Erkin Vohidov

@nazmiy_guliston

Показано 13 последних публикаций.

8

подписчиков
Статистика канала