Mиллат юзи
Дилимда наштардай бир саволим бор
(Безиён саволлар қатма-қат, лим-лим):
Миллатнинг юзини босмасми ғубор,
Кўча супуришга чиқса муаллим?
Не ҳол бу, мактабда йўқми ё иши?
Ё қора меҳнатга тушганми ишқи?
Наҳотки қайтара олмас ҳеч киши,
Кўча супуришга чиқса муаллим.
Жовдираб термилар зиёли кўзи,
Довдираб ўрда ҳам, қирда ҳам ўзи,
Ҳатто жужуқларга ўтмайди сўзи,
Кўча супуришга чиқса муаллим.
“Юртга нафи тегса нима қипти, хўш?!
Омборлар тўлади - сен ҳам улуш қўш…”
Фақат, болаларнинг мияси бўм-бўш,
Кўча супуришга чиқса муаллим.
Кўзлари тўрт бўлиб кутгай бўш синф,
Умиди бўрдай мўрт - тўкилар синиб.
Дарсини хаёлда ўтар хўрсиниб,
Кўча супуришга чиқса муаллим.
Ҳолбуки, алқайди зангор қутилар,
Ялтироқ сўзларга зеб бериб қутлар...
Оҳ, наҳот бир куни ўлиб қутулар,
Кўча супуришга чиқса муаллим?!
Минг узр, сўзларим туйилса аччиқ,
Не қилай, кўксимда заҳарли санчиқ,
Жонимни “Камаз”лар эзғилар янчиб,
Кўча супуришга чиқса муаллим.
Сиз-ку бир четдасиз… Яқинроқ келинг,
Шогирдсиз - заҳматин теппа-тенг бўлинг.
Қўлида супурги, хокандоз бўлинг,
Кўча супуришга чиқса муаллим!
Нодир Жонузоқ
@nazmiy_guliston
Дилимда наштардай бир саволим бор
(Безиён саволлар қатма-қат, лим-лим):
Миллатнинг юзини босмасми ғубор,
Кўча супуришга чиқса муаллим?
Не ҳол бу, мактабда йўқми ё иши?
Ё қора меҳнатга тушганми ишқи?
Наҳотки қайтара олмас ҳеч киши,
Кўча супуришга чиқса муаллим.
Жовдираб термилар зиёли кўзи,
Довдираб ўрда ҳам, қирда ҳам ўзи,
Ҳатто жужуқларга ўтмайди сўзи,
Кўча супуришга чиқса муаллим.
“Юртга нафи тегса нима қипти, хўш?!
Омборлар тўлади - сен ҳам улуш қўш…”
Фақат, болаларнинг мияси бўм-бўш,
Кўча супуришга чиқса муаллим.
Кўзлари тўрт бўлиб кутгай бўш синф,
Умиди бўрдай мўрт - тўкилар синиб.
Дарсини хаёлда ўтар хўрсиниб,
Кўча супуришга чиқса муаллим.
Ҳолбуки, алқайди зангор қутилар,
Ялтироқ сўзларга зеб бериб қутлар...
Оҳ, наҳот бир куни ўлиб қутулар,
Кўча супуришга чиқса муаллим?!
Минг узр, сўзларим туйилса аччиқ,
Не қилай, кўксимда заҳарли санчиқ,
Жонимни “Камаз”лар эзғилар янчиб,
Кўча супуришга чиқса муаллим.
Сиз-ку бир четдасиз… Яқинроқ келинг,
Шогирдсиз - заҳматин теппа-тенг бўлинг.
Қўлида супурги, хокандоз бўлинг,
Кўча супуришга чиқса муаллим!
Нодир Жонузоқ
@nazmiy_guliston