Жамоатчилик назоратини суиистеъмол қилувчиларгаЖорий йилнинг 2 апрель куни Фарғона вилоятининг Қува тумани Қалинпўстин маҳалласи бўйлаб пиёда кетаётган 2001 йилда туғилган фуқаро А.А., бирдан соғлиғи ёмонлашганлиги туфайли шифохонага олиб борилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, фуқаро А.А. шу куни вафот этган.
Бирламчи ташхисга кўра фуқаро А.А.нинг ўлимига ўткир юрак-ўпка етишмовчилиги, юракни ишемик касаллиги, икки томонлама буйраклар поликистози сабаб бўлган.
Вафот этган фуқаронинг оила аъзоларига ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Маълум бўлишича, шу йилнинг 31 март куни Қува тумани ИИБ профилактика инспекторлари, хозирда марҳум, фуқаро А.А. билан отаси Х.Ё. иштирокида карантин қоидаларини бузганли ҳолати бўйича профилактик суҳбат ўтказиб, расмий огоҳлантиришган.
Мазкур ҳолат айни вақтда ИИБ биносида фуқарога жароҳат етказилганлиги сифатида ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Ёлғон маълумотни тарқатган ижтимоий тармоқ фаолининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Бу ўринда бир савол туғилади, ижтимоий тармоқ фаолининг Ўзбекистон Республикаси “Жамоат назорати тўғрисида”ги қонуни талаблари ҳақида билими бўлмаслиги мумкин, лекин, ушбу маълумотни “миш-миш” сифатида тарқатаётганлардан биронтаси, наҳотки бу маълумотни текшириб кўриш хақида ўйламаган бўлса.
Барча ижтимоий тармоқ фаолларини ҳамда журналистларни, келиб тушган маълумотларни холислигини текшириб, сўнг жамоатга тарқатишларига чақирамиз.
ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов