ЗИЁРАТ
Фаришталар кўнглимни нурга ўраб қўйдилар,
Осонгина уйғондим қушлар азон айтганда.
Мени қутлаб дарахтлар оппоқ либос кийдилар,
Кўкка учган ҳисларим мужда олиб қайтганда.
Иссиққина бағримда эриб кетди ушбу тун,
Қарамасам, юлдузлар нега қовоқ солгайлар?
Капалак қанотида йўлга отландим бугун,
Мени кўҳна саройда гуллар кутиб олгайлар.
Тошдан қаттиқ бошимни ёролмади тош кунлар,
Йиқилсам ҳам, тўзсам ҳам манзилимга етяпман.
Йўлларимдан қочинглар, ҳой, меҳри йўқ мошинлар,
Мен Онамнинг олдига – зиёратга кетяпман!
Сафаримда сарғаймай, яшнаб борай қошига,
Кипригимга етмасдан тўкилмоқда чанг йиллар.
Эргаштириб тоғларни бошлаб борай қошига,
Онасининг пойида подшоҳ бўлгай ўғиллар...
2007
ҚАЙТИШ
Қандай тоза, қандай оқ эдим,
От чопардим Қуёшни ушлаб.
Бу ерларга Бахт излаб келдим,
Унда Онам – бахтимни ташлаб.
Учиб кетди ранго-ранг йиллар
Баргдай заиф қилиб ҳолимни.
Ортга қайтмас бу қайсар йиллар
Қайга олиб борар жонимни?
Тоғу тошни куйлатиб чунон,
Қайнар эдим булоқлар билан.
Олисларда юрибман сарсон
Хира тортган чироқлар билан.
Гуллар кутди бағрин қон қилиб,
Дил олдида қолдим уятга.
Бир бахтиёр капалак бўлиб
Учгим келар ўша жаннатга.
Чақмоқлари бошимни ёрса...
Омонат бир ўгай жойдаман.
Осмон мени қўйиб юборса,
Ёмғир бўлиб сизга қайтаман.
Хушхабарни етказсин бехос,
Дарахтларга бериб қўйдим хат.
Шу довондан ўтиб олсам, бас,
Шу довондан у ёғи – жаннат!..
2007
© Беҳзод Фазлиддин
@Behzod_Fazliddin#Сен_қачон_гуллайсан китобидан