СЕНСИЗ
Кунларни, тунларни қон каби кечиб
Яшаяпман вақтга қасдма-қасд,
сенга қасдма-қасд.
Сўзларни, ёшларни заҳардай ютиб
Яшаяпман ўтмишга қасдма-қасд,
кечмишга қасдма-қасд.
Энди тонглар отмоқда рангсиз,
Мен учун фарқсиз.
Энди юлдузлар мўлтирар исмсиз,
Мен учун фарқсиз.
Боқаман, юрагим — бетасвнр сурат,
Кўзларим куй эрур беоҳанг, бедард.
Оёғим соғинмай қўйган йўлларни
Алдайман юриб.
Нигоҳим изламай қўйган кўзларни
Алдайман кулиб.
Мен нафас оламан, дарахтлар хўрсинар,
Оғрийди ҳаво.
Мен бедор ётаман, майсалар туш кўрар,
Оғрийди хаёл.
Фақат баҳор абадий гўдаклик бўйларин пуркаб
Қуриган боғларни сархуш қилганда,
Ва шамол зумрад томчилардан муҳаббат элаб
Илиган кунларнн чўмилтирганда,
Вижир-вижир қалдирғочлар олис юртлар суратин
Нилий кўзларига чизиб келганда,
Бир зум тўхтайман.
Ортимга қарайман.
Кечиролмайман.
Кечолмайман.
Кетаман
Кунларни, тунларни қон каби кечиб...
Азиз Саид
@vaqt_manzili