Аввало, бир ривоят:
Абдураҳим исмли бир йигитнинг гўзал отига Маҳмуд исмли йигит ишқибоз эди, «сотгин», деб кўп ялинарди, аммо Абдураҳим унинг илтимосларини рад этарди. Охири Маҳмуд отга макр хийла билан эга чиқишни ихтиёр қилди. Кекса ва хаста одам қиёфасига кириб Абдураҳимнинг йўлини пойлади. Сўнг гўзал отга миниб ўтаётган йигит қаршисига чиқиб ялинди: -Эй марҳаматли ўғлим, мен манзилимга етолмай қолдим, қарагин, эҳтимол яна озгина юрсам жон таслим қиларман, менга раҳм қилиб, отингга мингаштириб ол. Ҳаққингга дуолар қилай.
Абдураҳим унинг макрини англамай, отига миндирди. Маҳмуд эса отни чоптириб қочди. Сал нари боргач, тўхтаб, манманлик билан деди: -Эй нодон, сен мени танимадинг, мен - Маҳмудман! Отингни сот, деб қанча ялиндим, сотмадинг. Ана энди отингдан умидингни уз!
Абдураҳим унинг гапини эшитиб, дебди: -Майли, отни сенга бердим, лекин бу қилган ишингни бировга айта кўрма. Чунки бу алдамчилигинг, хийла-найрангинг халқ орасида тарқалса, кўп кишилар сенинг ярамас йўлингга кириб кетишлари мумкин. У вақтда биров-бировнинг ҳолига раҳм этмайди. Халқимиз орасида шафқат, марҳамат, мурувват каби гўзал хислатлар йўқолади. Алдамчилик, муғомбирлик ва
инсофсизлик каби ярамас иллатлар авж олади. Ўтинаман, қилган ишингни ҳеч кимга айтма, мен ҳам яширин тутаман.
Бу хитоб Маҳмудга таъсир қилиб, изига қайтибди, узр айтибди. Абдураҳим эса отни унга сотишга рози бўлиб, ораларида дўстлик қарор топибди.
Қиссадан ҳисса: ҳар биримиз қандай ишни қилмайлик, кимгадир ўрнак бўлишимиз эҳтимоли борлигини унутмаслигимиз керак. Ўтмиш жамиятда, динга қарши хуруж бошлаганида энг биринчи зиёлиларни ишга солишган эди. Зиёлилар диндан чиқиб, ёмонлик намунаси билан оммага ўрнак бўлишганди. Шу боис айниқса жамиятдаги таниқли одамлар ҳар бир гапларини ўйлаб гапиришлари, ҳар бир қадамларини ўйлаб босишлари тақозо этилади. Агар кимса залолат сари қадам ташладими, билсинким, фақат ўзи гуноҳлар олами сари кетмаяпти, қайси бир оми ҳам унга эргашяптиким, унинг гуноҳи ҳам зиммасидадир.
Одамийлик мулки. Тоҳир Малик
https://t.me/zukko_ayol