Ҳа, десак, муаллиф тақиқланган, дейишди. Боёқишлар XV-XVI асрларда яшаган шоирни замонавий мухолифатчи қаламкашга чоғиштириб юборишибди. На кулишни биласиз, на куйишни... Биз эса китоблар ичидаги “КПСС”, “СССР”, “Совет” деган ёзувларни ўчиришдек бемаъни, зерикарли жазога мустаҳиқ этилдик. Ана шундай қочди-қувдиларда ҳам талай китоблар йўқолди. "Китоб ўғирлаш гуноҳ эмаслигига" ишонтирмоқчи бўлсалар-да, биронта китоб олмадим — "Энг катта ўғрилик — китоб ўғрилиги" дедим ўз-ўзимга.
Кейин жавонлари сийраклашиб қолган бўлса-да, хийла бой саналган шаҳар кутубхонасига қатнадим. Зах хоналари, хира деразалари ҳали-ҳали тушларимга кириб туради.
1998-1999 йилларда республика "Китобхон" танловида қатнашгани Тошкентга сафар қилдик. Ўша пайтлар Навоий кўчасида икки-учта катта китоб дўкони бўларди. Нархи жуда арзон эди. Дадам ишлатгани берган ҳамма пулга 40-50 тадан китоб олиб кетдим.
Талабалик мени китобларга янада яқинлаштирди. Ҳозирги сенат биноси ўрнида жойлашган эски Алишер Навоий кутубхонасининг ўзгача файзи, бетакрор муҳити бор эди.
1-2-курсларда ижара жойим эгалари билан “Тезиковка” бозорига чиқардик: уларнинг юкини ташишиб берардим. Бозорда баъзида ноёб китоблар ҳам чиқиб қолар, уларни хазина топгандек қувониб сотиб олардим. Шаҳарда эски китоб дўконлари, букинистлар ҳам бир қанча эди. Шунақа дўконларни айланиб, ноёб китобларни қидиришни хуш кўрардим. Ҳозир бунақа дўконлар бармоқ билан санарли қолган.
“Бедананинг уйи йўқ, қайга борса битбилдиқ” дегандек, талабанинг дарди — ижара жой. Гоҳ у ерга кўчасиз, гоҳ бу ерга. Енгил кўрпа-ёстиқ, бир халта кийим — бор-будим шу. Асосий оғир юк доим китоблар бўларди. Ахийри Марғилондан бирон таниш машинада келса, китобларни уйга берворадиган бўлдим.
Университетдан кейин бир қанча хориж давлатларига сафар қилиш насиб этди. Оғир келса-да, қиммат бўлса-да, у ерлардан ҳам асосан китоб келтирдим (кейинчалик айнан ўша китобларнинг катта фойдаси тегди).
Китоблар кўпайгани сари уларни тартиблаш, олди-бердисини назорат қилиш ҳам қийинлашаркан. Бошпана топиш жараёни талаба дўстларимникида қолиб кетган баъзи китобларим "ғойиб бўлди". Болаликдаги сотиб олинган ва ўқилган китоблар ҳақидаги китобнома – "китоб дафтари" ҳам тўлиб бўлган.
Даставвал, компьютерда полиграфия дизайнини ўрганганим боис, шахсий кутубхонам белгисини ишлаб чиқдим ва ёпишқоқ қоғозга чиқариб, китобларимга ёпиштириб қўядиган бўлдим. Вақт ўтиши билан бу қоғоз кўчиб кетаверди. Кейин муҳр қилдириб босадиган бўлдим.
Шахсий компьютерга эга бўлганимдан кейин китобларим реестрини тузишга киришдим. Унда китоб номи, муаллифи, нашриёти, чиққан, йили, мазмуни, сотиб олинган санаси ва нархини киритдим. Китобни ўқиб туришга биров олган бўлса уни ҳам ёзиб қўйишга одатландим.
Шундай бўлса-да, китобларни қайтармаганлар ҳам бўлди. Шуниси ёмон. Ўша ноёб китобни энди топиш имкони бўлмаса, унданам баттар. Лекин барибир кимдир ўқиб, баҳраманд бўлгани таскин беради одамга.
Ҳозир шахсий кутубхонамда 1500 китоб бор, электрон китобларим эса анча кўп. Иншааллоҳ, шахсий уй олсам, каттагина китоб жавон ясаттирмоқчиман. Марғилондаги ота ҳовлимизда ҳам кутубхона очиш ниятим бор.
Кутубхонамни кўрганлар кўпинча, қанчасини ўқиб чиққансиз деб сўрайди. Ярмини “хатм” қилганман. Лекин ҳаммасининг мундарижаси билан танишман, қайси маълумотни қаердан излашни биламан.
"Китобсиз уй руҳсиз танага ўхшайди", дейди инглизлар. Баъзилар, китоб ўқилмагач, уйда қуруқ безак бўлиб турганидан не наф дейди. Мен, майли, тураверсин, бир кун бари бир очилади, ўқилади, дейман. Бунга кўп гувоҳ бўлдим.
Энг муҳими, китобларимиз фойдали ва манфаатли бўлсин — акс ҳолда уларнинг бир парча қоғоздан фарқи қолмайди!
Davronbek Tojialiyev.
Ps. Ibratli hayot yo'li sifatida ilindim.
@suvaydo