Излам
(Румиёна)
Мен ўзимни сендан изладим.
Излаш азобининг тотлари
тополмаслик сингари қадим.
Мен сенга сочилдим тариқдай.
Мен сендан тераман ўзимни,
битталаб ўзимни тераман.
Сен-чи, мендан йиғасан кимни,
мен сенга кимларни бераман?
Сендан ўзни топмаслик ўйи
юрагимга солар ваҳима.
Излам – ўйин, гизланмоқ – ўйин,
раҳмон раҳм этмас оҳима.
Раҳми келган ёлғиз сенмикан,
менга излам имконин берган?
Ўзни тополмаган менмикан,
ўз ўрнига маломат терган?
Мен ўзимни қилдим маломат,
сенга кудуратдан асрасин!
Сендан келар ҳар неки омад,
мендан – омадсизлигим насиб.
Йўқотмоқнинг муқаррарлиги
тенгдир топмоқ эҳтимолига.
Омонат – дунёда борлигинг,
абадийдир йўқлигинг. Нега?
Унда нега сендан изладим
мен ўзимни, қонимга ташна?
Имконландим, имконсизландим
гоҳ интиқиб, гоҳида қақшаб.
Кимни олиб кетди бу фано,
сеними, сендаги мени ё?
Менми, сенми, айт-чи, ким қани,
қайсимизда адашди дунё?
Сен ким бўлиб менга қайтарсан,
мен қайтарман сен томон ёхуд?
Менга кимлигингни айтарсан,
Машрабмисан ё Бозор Охунд?
Бу йўллар сарғарди – келмассан,
мен ўзимни бунчалар кутдим?
Қанчалар кутганим билмассан,
қанча-қанча изламлар ўтди.
Сени изламадим. Изладим
сендан мен ўзимни тинимсиз.
Топмадим, бўзладим, музладим,
кўзларимда қасирлайди муз.
На топмоқлик бўлар мустажоб,
на топмаслик насиб этади.
Излаётган кимарсанг, ажаб,
изламасанг қайга кетади?
Топмоқ учун изламаслигинг,
излаш учун топмоғинг даркор.
Бу дам олиш нақадар чигил,
ҳар чигили бир сиртмоқ арқон
Мен ўзимни сенда суярман,
гоҳо топиб, гоҳо топмайин.
Сени топганимдан куярман,
куядирман топмаган сайин.
Мен ўзимни сендан изладим…
2000 йил 4 январь
Каналга обуна бўлинг👇
https://t.me/fahriyor_poet