***
Кўп қаватли бино остида
Дўнсанг
Ноанъанавий шаклга
Ва сенга хиёнат қилган аёлнинг –
Сиғдира олмасанг ақлга –
Сочларига оқ бўлиб қўнсанг.
Қўнганича қай бир қиррангга
Қилиб жон таслим
Ёшингга етмаган қарға
Ва ўзингни ҳис қилсанг янги –
Юрак урмаса ҳам ўлмасдан –
Қисматингни ўтирсанг қарғаб.
Шаклинг ўзгараверса
Оёғинг остида айланган
Тўрт фаслли сайёра сингари
Ва ўзингни гадога берсанг –
Аллақачон пулга айланган –
Қолсанг ваъдага ўхшаб қариб.
Соғлигингни пулласанг қорга –
Ғичирлатиб дардлар босгани –
Авто шовқинига ғоз чидаб
Ва айлансанг бир иркит дорга –
Хиёнат қилмаганларни осгани –
Кўп қаватли бино остида...
МАДДОҲМени мақтаб нимага эришдинг?
Кутиб қийналмайди уйимда ҳеч ким...
Кўзларинг оқими – келади ичгим,
Бироқ, имкони йўқ кўзёш теришнинг.
Мақтаб тўлдирмоқчимидинг бўшлиғим?
Шошилганим билан дунё билмайди...
Иззат косангни ҳеч тўлдирмам, қайдам,
Оғзинг – дунёдаги энг улкан сиғим.
Оят ўқимоқчимисан бошимда?
Сенинг лабинг – қуёш кўрмаган қисмим...
Аҳмоққина, икки дунёда исминг
Ўйилмайди менинг қабртошимга!
Мени мақтаб нимага эришдинг...
***
Бошқача бўлиши мумкин эмас, йўқ,
Ҳаммаси илгари тузилган режа.
Биз қатл ўтказдик, шунчаки улуғ
Ўзбекзабонларнинг сафини тежаб.
Бошқача бўлиши мумкин эмас, ҳа,
Биз нега буюкмиз... тўрт-бешта даштлик...
Туркийни туркийга сўйиб бердик ва
Гўшт танқислигида русга қарашдик.
Бошқача бўлиши мумкин эмас, бас,
Эътиқод мазмуни ўзга ўзакда.
Ҳатто, азонни ҳам ҳеч миллий эмас,
Боплаб чақиради аровий яктак.
Бошқача бўлиши мумкин эмас, гар
рамзий ишорамиз ой ва юлдузлар.
Сиз ҳам, аҳли шоир, ўзбек халқига –
Уялтириб қўйманг – ўзбекча сўзлаб...
***
Сизга ҳавас қиламан, қўшни,
Ором нима? – олгансиз таниб.
Шеър Сиз кўрган бир арзон тушдай
Умрим каби борар сарфланиб.
Сизга ҳавас қиламан, қўшни,
Ичингизни тилмас пок ният
Менга уйқу бермайди – душман! –
Ғояларга иккиқат мия.
Сизга ҳавас қиламан, қўшни,
Мақтовларга шодсиз алданиб.
Бўйнингиз ҳеч толмас юмушдан –
Тутиб ичи бўм-бўш каллани.
Сизга ҳавас қиламан, қўшни,
Сарғаймайсиз мисоли майса.
Сизга... ҳавас қиламан, қўшни, –
Қўшнингизга ҳавас қилмайсиз!
***
Ухлаб ётар қушлар, тоғлар ухлайди,
Ухлайди аёлим, хаёлим ухлар.
Хабарлар мадҳия айтмоққа шайдир –
тун – аллақанақадир ютуққа.
Ёлғиз мен уйғоқман... уйғоқлик йўқ-да,
Ёлғиз мен ўнгимда ботганман тушга;
Ёлғиз мен кафилман – отилган ўқдай –
Самараси бир пул бўлган юмушга;
Ёлғиз мен ҳар нега боқаман сирли,
Ёлғиз мен – жасадман – ақлдан озган;
Ёлғиз мен қиламан шеърга қисирлик,
Ёлғиз мен!
Тупурмайман қоғозга...
2023
ФЕРУЗШОҲt.me/Feruz_Nematullayev