Темур руҳи кездими Ғарбни,
Ворисларга бердими зарбни,
Кўтаролмай бундай шарафни,
Қора кўзинг ёшга тўлдими?
Баландлаган байроққа боқиб,
Ўн иккита юлдузни тақиб,
Ҳасанбой, Разамбек деган сас ёқиб,
Юртим баланд бошга тўлдими?!
Боши кўкда ўзбек аёлин,
Диёранинг гўзал жамолин,
Олтин медаль тишлаган ҳолин,
Минглаб аёл йиғлаб кўрдими?
Баҳодирнинг бўйи- бастидан,
Улуғбекнинг мушти дастидан,
Лазизбек товони остидан
Дунё ўзбек кучин кўрдими?
Асадхўжа, бек Абдумалик,
Қўлладими, сизларни Ҳолиқ,
Шоҳсупа ҳам қилмоқда қуллуқ,
Мард йигитнинг бурчин кўрдими!
Мавзу бўлиб катта достонга,
Олтин оқиб Ўзбекистонга,
Юлдуз тақиб Ўзбекистонга,
Ўн уч фарзанд мағрур турдими?
Ўзбекистон мағрур кулдими?!
* * * * * * * * * * * * * * * * * * *
Бу не мужда, қувонтириб йиғлатади,
Оромингни бузиб, қалбни чўғлатади,
Шуурингни, ғурурингни уйғотади,
Ҳасанбойлар, Баҳодирлар, Улуғбеклар,
Зарби билан кўк тоқига байроқ тиклар.
Бир ярашди байроқ Париж осмонига,
Минг йиллик дард кўкайлардан ситраб кетди.
Дунё мафтун бўлди ўзбек райҳонига,
Диёрага боқиб Эйфель титраб кетди.
Асадхўжа, Лазизбеклар сизга таъзим,
Кўнгилларни ўстирдингиз кўкка довур,
Разамбек ва Абдумалик мард ўғлонлар,
Олқиш олган, дуо олган билаги зўр!
Алпомишлар наърасидан дунё ҳайрон,
Барчинойлар туҳфасидан дунё ҳайрон,
Ўзбекча сўз, куй эшитар Париж шу он,
Билаги зўр мингни йиқди, бизнинг замон!
Ҳали бордир кумушлару, бронзаси,
Ҳар бирида янги мақсад, бўрон саси,
Дўпписини баланд отди ўзбек асли,
Музаффарлик ярашади Турнинг насли.
Мағлуб бўлган томонлар ҳей сиздан узр,
Бу не мужда, бу не шараф, бу не ҳузур!
Қизиқмасдим на олтинга, сийму зарга,
Гўзал Париж олтинларинг ёқиб кетди,
Зеб-зийнатсиз қолган бўлсанг ўкинма, қўй,
Олтинларинг Ўзбекистон тақиб кетди.
Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА
11.08.2024