ТАНБЕҲНОМА
(Сўзларни тўлиқ ўргат)
Отам ҳақида ўйласам, юрагим ёруғликка тўлади. Бири биридан нурли хотиралар ёдим кўзгусидан тизилиб ўтади.
...Ёш эдим. Бир куни жиянимни овқатлантираётгандим. Тандирдан янги узилган иссиқ нондан озгина ушатиб олдим-да, боланинг қўлига тутқаздим:
— Мана, нанна...
Аммо кичкинтой қўли куйиб, нон бурдасини ушлаб туролмади.
— Вой, нанна жиз эканми? - дарров жажжи қўлларини силаб, йиғламоқчи бўлган болакайни юпатдим. Бу пайтда отам раҳматли хиром этикларининг сўкилган чокларини тикиб ўтирган эдилар:
— Ҳозир нима дединг? - деб савол ташладилар.
— Қачон?
— Ҳозир, Шуҳратжонни ўйнатиб ўтириб, нима дединг?
— Ҳа, иссиқ нондан ушатиб бердим. Мана, нанна, деб. Иссиқ нон қўлини куйдирганди, жиз бўлдими, деяпман.
— Мана шу гапинг тўғри эмас-да, қизим. Нима учун нонни нанна, дединг?
Шугина гапдан отамнинг аччиқлари чиққанига ҳайрон қолдим:
— Нима бўпти, ота, нотўғри айтдимми?
— Ҳа, ёш болага, айниқса тили янги чиқаётган гўдакка ҳар бир сўзни тўлиқ айтишни ўргатиш керак. Нонни нанна демайди-ку катта бўлганда. Ма, нон дегин, хўпми?
— Хўп, ота!
Кўпчиликнинг назарида психология, логопедия деган тушунчалар халқимиз онгига йигирманчи асрнинг охирларида кириб келганга ўхшайди. Тўғри, тил бойлигимизга бу иборалар кейин қўшилган бўлса-да, ота-боболаримиз азал-азалдан инсон руҳияти, тил бойлиги ва маданияти бўйича олим бўлганлар, деб бемалол айтиш мумкин. Бугунги кунда логопедлар ҳақиқатан ҳам ёш болага ҳар бир сўзни аниқ-тиниқ талаффуз этиб ўргатиш шартлигини, акс ҳолда бунинг бола ақлий ривожланишига салбий таъсир этишини илмий асослаб тушунтирадилар.
Отамнинг ана шу ўгитлари йиллар ўтиб Республика радиоси даргоҳида ишлаётган пайтларимда жуда қўл келди. “Кичкинтой - ширинтой” эшиттиришини тайёрлаш жараёнида жуда кўп боғчаларда, тарбия масканларида бўлардим. Шунда кичкинтойлар сўзларни “Нанна”, “Жиз” тарзида ўз тилларига мослаб айтишса, тўғри айтинглар, деб талаб қилиб тушунтирардим. Боланинг тили ширин, дейишади. Аммо ширинликнинг меваси ҳар бир сўзни тўғри айтишда, равон талаффуз қилишда кўринади.
ҲАФИЗАХОН ШАРОФХЎЖА қизи.