Шерзод Комил Халил ижоди


Kanal geosi va tili: ko‘rsatilmagan, ko‘rsatilmagan
Toifa: ko‘rsatilmagan


Бу ўзбек ёзувчиси Шерзод Комил Халилнинг муаллифлик канали

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
ko‘rsatilmagan, ko‘rsatilmagan
Toifa
ko‘rsatilmagan
Statistika
Postlar filtri


Синглим Наргизанинг қизларига янги йилда қорбобо қиёфасида намоён бўлдим...

@Sherzodkomilkhalil


Янги йилингиз муборак бўлсин азизлар! Ўзим учун билишни хоҳлайман. Янги йилда муаллифлик каналимда кўпроқ қандай матнларни ўқишни истардингиз?..
So‘rovnoma
  •   а) Поэзия
  •   б) Наср
  •   в) Адабиётшунослик ва адабий танқид
  •   г) Фалсафа ва эстетика
  •   д) Жаҳон адабиётидан таржималар
  •   е) Драматургия
43 ta ovoz


2024 йилда ёзган поэтик ишларим ҳисоботи:

1. Кетган хотиралар. 3.01.2024.
2. Читтаклар. 7.01.2024.
3. Олис шаҳар ёдномаси. 9.01.2024.
4. Сиз Оруэлни ўқийсиз. 13.01.2024.
5. Нигилизм. 17.01.2024.
6. Сенсизликда. 23.01.2024.
7. Антоним одамлар. 24.01.2024.
8. Пиреней ҳақида ногоҳ туғилган баллада. 27.01.2024.
9. Бўронқуш. 31.01.2024.
10. Маслаҳат. 4.02.2024.
11. Ўшанда. 5.02.2024.
12. Йўл. 7.02.2024.
13. Жароҳатланган қўлимнинг мантиғи. 15.02.2024.
14. Ошиқ илтижоси. 18.02.2024.
15. Рангин капалак. 20.02.2024.
16. Мактуб. 20.02.2024.
17. Тунги ўйлар. 25.02.2024.
18. Соғинч битиги. 29.02.2024.
19. Ҳол. 1.03.2024.
20. Чўққида қолган овчи зори. 9.03.2024.
21. Гулхан атрофида. 14.03.2024.
22. Умр ўйлари. 17.03.2024.
23. Иллюзия. 26.03.2024.
24. Умр диаграммаси. 27.03.2024.
25. Тунги таққослар. 6.04.2024.
26. Сочилган кунлар. 10.04.2024.
27. Бир сўздан сўнг. 12.04.2024.
28. Сўроқ. 2.05.2024.
29. Яшил кунлар. 4.05.2024.
30. Ёмғирли кунда. 11.05.2024.
31. Пессимизм. 13.05.2024.
32. Соғинч дарди. 31.05.2024.
33. Зумрад юлдузлар. 1.06.2024.
34. Ичимдаги нур. 11.06.2024.
35. Манзума. 16.06.2024.
36. Ўкинч. 22.06.2024.
37. Соялар ўйини. 24.06.2024.
38. Ой юзин қоплаган. 29.06.2024.
39. Вақоъе. 6.07.2024.
40. Тун йўли. 7.07.2024.
41. Вақт ва бахт ҳақида. 10.07.2024.
42. Бошқа дунёда яшаган шоир ҳақида сага. 11.07.2024.
43. Мен кутаман ҳали. 20.07.2024.
44. Автобиография. 25.07.2024.
45. Ёз кечалари. 29.07.2024.
46. Истиора. 31.07.2024.
47. Ғалати кунлар. 1.08.2024.
48. Бир гаплар. 4.08.2024.
49. Сиз ва китоблар. 6.08.2024.
50. Жонсараклик. 11.08.2024.
51. Бепарволик сири. 27.08.2024.
52. Тунги шаҳар. 31.08.2024.
53. Хулоса. 3.09.2024.
54. Ҳижрон кузи. 6.09.2024.
55. Куз холстлари. 12.09.2024.
56. Ложувард осмон. 20.09.2024.
57. Кузги сага. 21.09.2024.
58. Кузги кунлар суврати. 22.09.2024.
59. Олисларда. 29.09.2024.
60. Ёмғир ва севги иллюзиялари. 5.10.2024.
61. Ёвуз соатларда. 12.10.2024.
62. Шамолли кечаларда. 20.10.2024.
63. Катта ҳаётни босиб ўтган одам. 11.11.2024.
64. Ёмғирли кунлар ғуссаси. 14.11.2024.
65. Резолюция. 17.11.2024.
66. Оқшом гуллари. 24.11.2024.
67. Заъфаронгуллар. 28.11.2024.
68. Яна бир хулоса. 1.12.2024.
69. Уйғоқлик. 2.12.2024.
70. Иложсиз одам. 3.12.2024.
71. Сукут санъати. 5.12.2024.
72. Исёнкор. 10.12.2024.
73. Деразада қиш. 15.12.2024.
74. Қўрқоқ. 21.12.2024.
75. Оқим. 25.12.2024.

@Sherzodkomilkhalil


Александр Куприн

Нарцисс
(ҳикоя)

(Давоми, боши аввалги саҳифада)

- Ўзингиз учун энг яхши йўлни танланг. Ҳаммаси сизга боғлиқ. Мен маслаҳат беришга ҳам, сизни кўндиришга ҳам ҳаққим йўқ, фақат мен сизга Виктория Ивановнани яхши кўришимни айтишим мумкин, ҳатто ундан ҳам кўпроқ севаман уни, мен у учун ибодат қиламан. Лекин мен ўзимча худбин бўлолмайман... Виждонингиз ва ақлингизга қўйиб, ҳаммасини чамалаб кўринг. Бир йилдан кейин, майли икки йил дейлик, соқов аёл умр йўлида эртага сизга юк бўлиб қолмайдими?.. Агар йўқ десангиз, мен ҳозироқ сизга уни топшираман - ҳа. Агар йўқ десангиз, унда иккита нарсадан бирини танлайсиз: ё бу ҳаёт сиз учун чидаб бўлмас юк бўлади, ёки ундан ҳам ёмони, сиз Викторияни тарк этасиз, аммо виждонингиз сўнги кунингизгача бу адолатсиз ҳаракат туфайли шафқатсиз хотирадан қутула олмайди. Аммо ундан кейин Виктория менга қайтиб келмайди.
      Менинг кўзимга ёш қуюлди. Скамейкадаги ўрнимдан турдим.
- Мени кечиринг, Матвей Кузьмич, - дедим, унинг қўлини зулмат аро қидириб. - Эртага кетаман.
       Қоронғида мен унинг юзини кўрмадим. Бироқ қўлимни сиқиши шунчалик кучли ва самимий эдики, худди кўксимдан тош думалаб тушгандай бўлди. Санин жим бўлиб қолди.
- Бор гап шуми? - бир дақиқадан сўнг сўради баронесса
- Ҳа, шу, - деб жавоб берди Санин.
     Баронесса жўртага, ўзини мажбурлаб асабий кулиб қўйди, бунда рашк туйғуси cабаб бўлгани шундоқ сезилиб турарди.
- Жуда қизиқ роман. Нақадар поэтик: соқов Пентефрия ва покиза талаба!
      Санин эгилиб, баронессанинг қўлидан ушлаб ўпди ва узрхоҳ оҳангда деди:
- Оҳ, баронесса, бу жуда узоқ вақт олдин бўлганди.
1897.

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

(Тамом)

@Sherzodkomilkhalil


Александр Куприн

Нарцисс
(ҳикоя)

(Давоми, боши аввалги саҳифада)

Нега бундай бўлганини ҳали ҳам билмайман: ҳаммасига яқинлашиб келаётган момақалдироқ айбдорми, ё унинг кўзларидаги эҳтирос, билмадим, қўлларим ваҳшиёна бир қучоқда боғланди туйқус, лабларимиз оғриқли ширин бир алфозда узоқ вақт чирмашиб кетди. Биз бир-биримизга ҳеч нарса демадик - на сўз, на бирон ишорага ҳожат қолмади. Бир муддат ўпишишдан кейин Виктория қучоғимдан бўшаб, ёнидан кичкина соатини чиқариб, менга аввал XII ни, сўнг дераза олдини кўрсатди. Шу билан бирга, у менга таққиллатсам, дераза очилади, деган ишорани ҳам берди.
      Соат ўн бирлар атрофида бўрон сусайди. Мен яқинлашиб келаётган соат ва унинг ғайриоддий табиатини ўйлаб ҳаяжонланиб ташқарида чиқдим. Осмон мусаффо, беғубор ва беадоғ эди. Ой зерикарли ёғду сочиб порларди. Кўча ўртасида уйларнинг ўткир қора соялари ястанарди. Ҳаво бўрондан кейинги тозаришнинг мусаффолиги ва оқ акациянинг ёпишқоқ ҳидига тўйинганди. Боғ олдига яқинлашганимда мен уй ичида қоронғида оқариб турган унинг заъфарон каравотини кўрдим. Ярим очиқ  дарчадан оҳиста сирғалиб ўтиб, Виктория ётоқхонасининг деразаси томон яқинлашдим.
       Дераза ёпиқ, мен юзимни босиб ичкарига қарадим, лекин зулматда қоронғуликдан бошқа ҳеч нарсани кўрмадим. Нафасимни ростлаб, ойнани зўрға тақиллатдим. Дераза секин ва жимгина очилди.
       Туйқус мен рўпарамда, атиги ярим аршин нарида, Матвей Кузьмичнинг рангпар, ҳаяжонли юзини, ёрқин ой нурида ғайритабиий равишда ёниб турган кўзларини кўрдим.
       Мен беихтиёр таёққа ёпишдим.
- Қўйинг. Ҳеч қандай аҳмоқлик қилманг, - деди у хотиржам алфозда аччиқ қилиб. - Айвондан келинг. Мен ҳозир бораман. Биз гаплашиб олишимиз керак.
         Мен ҳайратда қолдим, тамом бўлдим, айвон зинапоясидан базўр келдим. Матвей Кузьмич аллақачон мени кутаётган эди.
- Ўтиринг, - скамейкани кўрсатди у ва ўзи ҳам ёнимга ўтирди.
       Қоронғида биз бир-биримизни юзимизни кўра олмасдик, лекин мен юзимнинг истараси йўқолаётганлигини ҳис қилдим.
- Кўряпсизми, - деди Матвей Кузьмич равон бир оҳангда, мен унинг ичига бостирилган азоб-уқубатларини ҳис қилардим, - кўрдингизми, мен бугун оқшом сиз хотиним билан учрашганингизни кўргандим, лекин бунга аралашишни хоҳламагандим.
- Нега? - сўрадим пичирлаб.
- Нега бўларди? Сиз буни барибир тушунмайсиз. Мен бир нарсани айтиб қўяй: тўрт йилдан бери унинг эриман. Агар Виктория Ивановна асаб хуружига учрамаганида сизнинг нолойиқ иш қилишингизга тўсқинлик қилмаган бўлардим... Билмайсизки, у бу каби ташвишларни кўтара олмайди, ҳозир жуда қаттиқ жазавага тушди.
       Мен жим бўлдим, Матвей Кузьмич эса хотиржамлик билан давом этди:
- Эртага ҳам сизни безовта қилмайман. Мен қўлида тўппонча билан бахтини ҳимоя қиладиган ҳасадгўйлардан эмасман... Ҳа, маълум ҳолатлар туфайли бунга маънавий ҳаққим йўқ... Биз билан ҳар қандай асосда яшанг майли... Хоҳлаганингизни қилинг... шунчаки... фақат, сиздан илтимос қиламан... мени шаҳарда одамлар оғзидаги гапга айлантирманг. Бу мен учун жуда қийин бўлади...
- Йўқ, бу бошқа такрорланмайди, - деб эътироз билдирдим мен, унинг фидокорона сўзларидан таъсирланиб.
- Ростданми? Сиз буни хоҳламайсизми? - Матвей Кузьмичнинг овозида қувонч ҳаяжони жаранглади. - Рози эмасмисиз?.. Буни эшитганимдан қанчалик хурсанд бўлганимга ишонмайсиз... Ахир сиз мени биринчи марта шундай ростгўй инсон сифатида ҳайратда қолдираяпсиз... Бунга рози бўлмаслигингизга ҳақиқатан ҳам ишончим комил эди.
- Албатта, рози эмасман.
- Хўш, энди - энг охирги гап... Сиз уни ўзингиз билан олиб кетишингиз керак. Унинг розилигига шубҳа йўқ. У сизни дунёнинг охиригача кузатиб боради. Буни хоҳлайсизми?
       Мен чурқ этмадим. Очиғи нима дейишни билмасдим.

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

(Давоми бор)

@Sherzodkomilkhalil


Александр Куприн

Нарцисс
(ҳикоя)

(Давоми, боши аввалги саҳифада)

Тасаввур қилинг-а, баланд бўйли, озғин қоматли аёлни, ғайриоддий тарзда оппоқ, соя нуқси урмаган тиниқ юз, мисрона кўзлар шаклида андак қайғу зуҳур этади, айни пайтда у худди сфинкс каби сирли. Виктория Ивановнанинг эгнида фантастик кесмаларга эга бурмали оқ костюм бор эди.
- Витя, меҳмонни таништиришга ижозат этинг, - деди Матвей Кузьмич мени хотини олдига бошлаб. - Бу талаба, Колиннинг бўлажак ўқитувчиси.
       У менга диққат билан қаради, жимгина бошини эгди ва секин қўлини узатди, унинг бу тахлит тегинишидан туйқус титраб кетдим.
      Виктория Ивановнани қанчалик кузатсам у менга шунчалик сирли бўлиб қолди. У ҳаётга ва унинг барча кўринишларига алоҳа жуда бефарқ кўринарди. Эрталаб ҳам, оқшомда ҳам, кечки таом вақтида ҳам, сайрлар чоғида ҳам мен уни ҳар доим бир хил қиёфада кўрдим, иттифоқо унинг юзида маъюс бир ифода абадий қотиб қолгандек туюларди... Унинг гўзал қиёфаси қандайдир эҳтиёткорлик ва ғамхўрлик билан бежалганди. У дунёдаги барча аёллардан кўра кўпроқ ойнага қарашни яхши кўрарди, кўзгу олдида ҳаммадан кўра узоқ турарди. Аксарият соқовлар сингари у ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч ким билан муносабат ўрнатишни хоҳламасди. Унинг сукутга чўмган бармоқлари, эҳтимол имо-ишоралар тилини билмасди, балки шунинг учун бунга камдан-кам мурожаат қиларди. Мен уни мусиқани оғир ва вазмин иштиёқ билан яхши кўришини тушунардим, чунки у оқшомларни одатда пианино чалиб ўтказарди. Виктория чиройли куйларни ижро этарди, нима чалишидан қатъий назар, унинг ўша яширин, сукунли меланхолик туйғуларини илғаб олиш қийин эмасди.
      Матвей Кузьмичнинг хотинига бўлган муносабатини кўриш қизиқарли ва таъсирчан эди. Бу семиз   ва ёши бир ерга етган одам унга худди отасидек ўзини айбдор ва меҳрибон тутарди. Агар Виктория инжиқлик билан билан бирор-бир нарсани хоҳласа, у ҳеч бир қистовсиз ва истак билан бу талабни дарҳол бажарарди. Аммо Виктория унинг юмшоқ ва эҳтиёткор муносабатини одатдагидек ғамгин бир бефарқлик қабул қиларди, аёлнинг соғлиги ҳақида қайғурганда унинг қошлари орасида бесабр ажинлар пайдо бўлиб яйдоқланарди. Бу Матвей Кузьмичнинг хонадан қўрқиб кетган кўринишда бир зумда қаёққадир отилқиб чиқиб кетиш учун етарли эди.
       Орадан икки-уч ҳафта ўтганига қарамай, соқов бека билан менда ҳам илк бор учрашгандаги бошимдан кечирган ғайриоддий туйғу ўтиб кетмади. Аксинча, орамизда қандайдир сирли, ғайритабиий алоқа пайдо бўлди. У ортимдан қараб турган паллаларда, унинг нигоҳини дарҳол ҳис қиладиган бўлдим, бу одатдаги инстинкт эмас, билъакс, қандайдир бошқача ҳиссиёт, негаки, агар у мени кузаётган бўлса, дарҳол ишонч билан ортга ўгирилардим ва қаршимда уни кўрардим. У ва мен ҳеч қачон ҳеч нарса ҳақида гаплашмаганмиз(бундай чоғда фикр алмашишни қандай йўллари борлигини ҳеч қачон ўйлаб тополмайсиз), лекин агар баъзан бирор нарсани баланд овозда ўқисам, ёки шу ҳақда нимадир деб ўзимга гапирсам, ҳар доим яқин атрофдан унинг тикилиб турганини кўрардим, мени кўриши билан ҳайратланарли кўзларини бошқа ёққа қаратарди. Қоронғи тушганда у пианино чала бошлар, мен узоқда, бирор бурчакда қимтиниб уни тинглардим, воқеатан тинимсиз тинглашга бўлган хоҳиш мени ўз измига оларди... Бу ғалати руҳий боғланиш янги бошланаётган ишқ ноз-карашмаларига ўхшамасди: унда қандайдир даҳшатли, ғайритабиий бир нарса бор эди.
       Июнь ойининг бошларида, ҳозир ҳам эсимда, якшанба куни ҳаво жуда исиб кетди... Одамлар ҳам, ҳайвонлар ҳам қийнала бошлади. Қани, момақалдироқ бўлса-ю, ёмғир ёғса, шундай бўлди ҳам, аммо бу юз берганда кун оғганди. Кеч кирди. Сўнаётган кун шафақлари зангори булутларга ниҳоят қонли тус берди. Ажабланарли даражада тез оқшом чўкди. Мен айвонда устунда суяниб турардим, момақалдироқдан олдин мени эгаллаб оладиган оғриқли талваса ичимда потирларди... Аммо тўсатдан зўр куч мени ортга қайтарди... Ёнимда Виктория турарди. Кейин тушунарсиз, даҳшатли воқеа содир бўлди...

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

(Давоми бор)

@Sherzodkomilkhalil


🌧🌦☁️🌧⛅️💨⛈🌬🌧🌨

📓 Ўкинч(2024)

✍ Шерзод Комил Халил

🎤 Нилуфар Пайзиева ўқиди

🌦🌧🌩⛈🌨🌩💨🌦🌬🌧

@Sherzodkomilkhalil


Александр Куприн

Нарцисс
(ҳикоя)

(Давоми, боши аввалги саҳифада)

Дунёда ҳамма нарсадан кўра, ақлли ҳисобланиш учун қайғурадиган ва ҳар қандай ҳазилни кулги учун огоҳлантириш деб биладиган княз бирдан кескин қайрилиб қаҳ-қаҳ ура бошлади.
- Мен гулларни умуман ёқтирмайман. Кўпроқ уларни биратўла мевага айланишини хуш кўраман.
- Аnimal, que vous etes! [“Қандай ҳайвонийлик!” - фр.] - хитоб қилди Бэтси ва Чхеидзени қўлига урди. - Жиддий гапиринг.
      Нимқоронғуда ўпич овози эшитилди ва князь ширин лутф билан деди:
- Шарқ одамлари ҳар доим мақтов айтадилар! Энг чиройли гул атиргулдир. У сизга ўхшайди, Бэтси.
     Баронесса Санинни кўриш учун бошини яна орқага ташлади.
- Ҳа, сиз-чи, monsieur Georges, нега менга энг севимли гулингизни айтмайсиз? - сўради у.
- Менинг гулим?
Санин бу ҳақда ўйлади.
Тўсатдан унинг юзида аллақандай қайғули, алланечук майин соя сирғалиб ўтди. Афтидан у жуда узоқ бир нарсани эслади.
- Нарцисс, - деб жавоб берди у ниҳоят.
Нарцисс? Ф-фу! У қандайин қўпол гул.
- Йўқ, бу ошиқлар гули. Шарқда у ҳақида қандай гапиришларини биласизми? - чўзиқ овоз билан деди Санин. - Мен сизга наргис юбораман! У ўлимга ошиқ бўлган кишига ўхшайди. Унинг хушбўй ҳиди бор, худди бокира қиз билан танишиш соатларидаги ҳаёжон, ажралиш вақтидаги йигитнинг рангпарлиги унда мужассам. Бу нозик, содда, ўйчан бир гул. У шунчалик нозикки, базўр тараладиган аччиқ ҳидга эга. Оч яшил, мўрт пояга эга, агар териб олсангиз тонггача сўлиб адо бўлади.
- Ё, Худойим, нақадар сезгир экан! - деди баронесса масхара билан. - Эҳтимол сизда бу гул билан боғлиқ нозик хотиралар ҳам бордир?
- Албатта. Хотиралар бор.
- Илтимос, айтинг... Бу кулгули бўлса керак.
- Ҳа, ҳа, айтинг, жаноб Санин, - сўради Бэтси. - Бу чиндан жуда қизиқ.
- Очиғи, айтадиган ҳеч нарса ҳам йўқ, - деди Санин эсноғини босганча. - Булар шунчаки ёшлигимнинг аҳмоқона хотиралари... У вақтлар талаба эдим ва албатта пулга жуда муҳтож эдим. Бир гал йўлда кетаётиб газета эълонларида ўқитувчи талаба қидиришаётгани ҳақида ўқиб қолдим. Қидираётган Россиянинг жанубида, кичик бир шаҳарчадан эди, мен боришга қарор қилдим. Йўлда ўйладим: бутун ёзни бирга ўтказишим керак бўлган бу одамлар ким экан? Мен уларга оила аъзосидек бўла оламанми ё менга шунчаки вақтинчалик одам деб қарашадими? Мен борадиган оила ҳақида фақат битта нарсани билардим: у ерда ўрта мактабга ўқийдиган синф ўқувчиси бор эди, уни мактабга тайёрлаш керак. Вокзалда мени ҳомийим кутиб олди, у шу қадар самимий ва шу қадар дилкаш эдики, бир зумда ҳамма қўрқувларим тарқаб кетди. Бу одамнинг ташқи кўриниши ҳам сизни ҳамма нарсага бир зумда ишонтирарди. У Сервантес айтган: «Семиз одам яхши одам дегани» эътирофига мос тушарди. Ундаги ҳамма нарса: яхши характер, мулойимлик, беозор ҳазил, яхши иштаҳа, унинг битмас-туганмас ажойиб инсон эканлигидан дарак берарди. Унинг исми Матвей Кузьмич эди. Шаҳарда у туман шифокори лавозимида ишлаган. Ёши элликка қараб кетаяпти, балки элликдан ошгандир. Вокзалдан уйга қайтаётиб, Матвей Кузьмич менга шундай деди:
- Дўстим, сизни бир нарса ҳақида огоҳлантиришим керак(дўстим - бу унинг севимли, меҳрибон ибораси эди). Биласизми, бу қандай бало бўлмасин... Хотиним соқов... Иккинчи фарзанди - ўлик туғилганди - ўшандан бери тилдан қолган... Лекин барибир ҳаммаси жойида. Эшитади... Шуни келганингиз заҳоти билдириб қўйиш учун айтаяпман, дўстим, қандайдир ноқулайлик бўлмаслиги учун... Хўш, буёғини ўзингиз яхши тушунгандирсиз. Биз етиб келдик.
        Бир қаватли уй, деворлари оққа бўялган, томи яшилга, чиннидай тоза, қувноқ, дўстона кўринишга эга хонадон. Катта айвон бутунлай ёввойи узум токи билан қопланганди. Бундай уйларга узоқдан қараб, негадир уларда одамлар тинч ва фаровон ҳаёт кечираётганлигини доимо ҳис қиласиз. Бизни айвонда уй бекаси Виктория Ивановна кутиб олди. У менга жуда тушунарли ачиниш ҳиссини уйғотганига қарамай, мен унинг ғалати гўзаллигидан ҳайратга тушдим ва беихтиёр унинг олдида тўхтадим: эҳтимол символист рассомлар фаришталарни шундай чизадилар.

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

(Давоми бор)

@Sherzodkomilkhalil


Александр Куприн

Нарцисс
(ҳикоя)

       Қоронғи тушди. Меҳмонхонада ҳали олов ёқилмаган, уларнинг тўрталаси ҳам қаҳва ичишга пастга тушишганди. Кичкина бурчак, меҳмонхона бекасининг ҳар доимги ўрни, баронесса Эйзендорф ҳазил ила «унинг паноҳи» деб атаган жой аллақачон зулматга чўмганди. Ўтирганларнинг бошлари узра қандайдир экзотик латания, филодендрон ўсимликларининг чигал соялари айқаш-уйқаш бўлиб қуйиларди. Кўча чироқларининг қизғиш нурида уларнинг узун барглари шифтга ҳайратланарли даражада чиройли, титроқ нақш ўлароқ акс этарди. Шамлар ҳали ҳам ёниб тургани боис ошхонадан пол бўйлаб қисқа аммо узун ёруғлик чизиғи югуриб, эшик тирқишидан ўтганча беихтиёр кўзларни қамаштирарди. «Бошпанада»да ўтирганлар - икки аёл ва икки эркак, нозу-карашма борасида анчайин беадаб, аммо ўзаро биродарлик жиҳатидан бир қадар дўстона давра қуришганди. Алалхусус, уларнинг барчалари бир қадар ёш, ўзига яраша хушбичим, ҳаётда мустақил ва бой кишилар сирасига кирарди. Баронессанинг бева қолганига аллақачон тўрт йил бўлганди, у ҳеч қачон бошқа турмушга чиқмаслигини тез-тез такрорларди, негаки тул сифатида ҳаёт қувончларидан завқланиш унга анчайин қулай ва ёқимли туюлганди. Албатта унинг дугонаси Бэтсини бунга ҳасад қилишига бирон-бир сабабнинг ўзи йўқ, гарчи у хушадаб ёши катта инсон билан турмуш қуриб узоқ йиллар у билан бирга яшаган бўлса ҳам, ўз ҳолича бахтли бир аёл эди. Икала хонимнинг  ҳам юзлари ва кўринишлари соялар узра ажиб бир ўзгачалик касб этганди. Баронессанинг қиёфаси суст аммо улуғвор кўринарди, қорамағиз, дангаса, ташқи кўринишидан  шаҳвоний, лекин моҳиятан эҳтирослардан кўра нозикроқ - ўзининг босиқ гўзаллиги билан эътиборни тортадиган аёл эди. Бэтси эса бир қарашда ҳеч қандай ҳайрат касб этмайдиган хонимдек кўринса-да, аммо унинг қалбида қандайдир инжиқ ва ўткир ақлнинг жозибаси, асабий, қизғин ва касал табиатини қайтариб бўлмас малоҳатини намоён этардики, бу унинг мухлисларини баронессага қараганда, телбаларча икки ҳисса кўпроқ ўзига тортарди. Унинг бўйи паст, оппоқ, озғин қомати, сарғиш, носоғлом, қизариб кетган кулранг кўзлари ва оғзининг ўнг бурчида асабий чайқаладиган нуқталар бу аёлнинг бутун тафту-тароватини борича намоён қиларди. Алоҳа, у садоқатини тез-тез янгилаб турарди. Ҳозирги вақтдаги унинг «қули» соқчилар зобити - князь Чхеидзе бўлиб, у рашкчи, аҳмоқ, ғайриоддий тарзда хушюз бир грузин эди. Баронесса эса суд йилномачилари тез-тез қошига чорлаб турадиган «жиноий адвокатуранинг ёрқин  ёлқини» бўлган ёш адвокат Санин билан шакаргуфторлик қиларди.
- Айтганча, - деди баронесса бошини орқага ташлаб, адвокатга қараркан, - кеча менга юборган гулларингиз учун раҳмат айтишни бутунлай унутибман... жуда ёқимли гулдаста экан!
       Бу вақтда Санин диванда ётиб олган, унинг шовқинлардан чарчаган нигоҳида кечки таом вақтида ичган шампан ўз таъсирини кўрсатаётганди. У баронессанинг орқасидаги диванга тирсагини ўтказиб суяниб олди.
- Сиз ухлаб қолдингизми, monsieur Georges? - сўради баронесса. - Нима деганимни эшитдингизми?
     Санин дангасалик билан базўр бошини унга қаратди.
- Эшитяпман, эшитяпман... ёқимли гулдастани айтаяпсизми? Ёққан бўлса жуда хурсандман...
- О, мен гулларни жуда яхши кўраман! Ахир бундан ортиқ нима бўлиши мумкин? Сиз мени дидимни тўғри тахмин қилганга ўхшайсиз: водий нилуфарлари, бинафшалар, настаринлар... Барчаси шунчалар нозик, шунчалар хушбўйки... Бэтси, гулларни ёқтирасизми?
- Ҳа, албатта, - жавоб берди Бэтси катта курсисида жимгина тебраниб. - Лекин менга кўпроқ маст қилувчи, анвойи ҳидли гуллар ёқади... Масалан, магнолия гулларини, пўртаҳол гулини яхши кўраман... Уларнинг ҳиди шунчалик ўткир ва ширинки, еб қўйгим келади. Аммо айтиб қўйишим жоизки, менинг энг севимли гулим барибир нард гули ҳисобланади. У мени масту-мустағриқ қилади, худди гашиш каби... Уни ҳидини узоқ вақт ҳис қилсам, қандайдир тушунарсиз, ажойиб галлюцинациялар мени ўз измига олади... Кейин, албатта, бош оғриғи бошланади.
- Сиз-чи, князь? Қайси гулни кўпроқ яхши кўрасиз? - сўради баронесса.
     
Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

                       (Давоми бор)

@Sherzodkomilkhalil


Шерзод Комил Халил

Оқим

Дунё ўтиб борар шамолдай шошиб,
Билдирмай олдинга ғизиллайди вақт.
Кечагина сенга кўнглимни очиб,
Тургандим мен билан бўлади, деб бахт.

Соат чиққиллайди, лаҳзалар тиғиз,
Ортга қарамайди бетўхтов оқим.
Бизни алдаб қўяр замон - ялмоғиз,
Абадият оша мўралайди ким?!

Чангига беланиб йиллар захига,
Унутилиб кетар ўтилган йўллар.
Санъат бор яхшиям одам бахтига,
Яшаш саодатин мангуга қўллар.

Ким ҳайкал ясайди, ким чизар сурат,
Мусиқани қалбга ким қилади жо?!
Поэзия абад ўлмас бир ҳайрат -
Кўнгил ўлкасини қилар истило.

Адабиёт агар бўлмаса асти,
Шаккоклик бўлса-да, айтаман ҳарса;
Мени бу дунёда кўндиролмасди,
Яшаб қолиш учун бошқа ҳеч нарса...
25.12.2024.
Тошкент.

@Sherzodkomilkhalil


Келажакда таржима қилиш мақсадида севимли ёзувчим Томас Вулфни «Домой возврата нет»(«Уйга қайтиб бўлмайди»)романи («Художественная литература» Москва, 1977)ни ҳамда дунёдаги энг гўзал муҳаббат қиссаларидан бири Кнут Ҳамсуннинг «Виктория» асари(«Янги аср авлоди» Тошкент, 2023)ни шахсий кутубхонамда бўлиши учун сотиб олдим...

@Sherzodkomilkhalil


Эски кундаликлардан фесбук эслатмоқда...

@Sherzodkomilkhalil


«Кундалик-2024» дан:           23.12.2024
                                                      Тошкент

       Эрталабки юришга чиққанимда ҳавонинг совуқлигини ҳис қилдим. Кўп юролмадим, тез ортга қайтдим. Тайёр нонуштага ўтирдим. Аччиқроқ кофе ичдим. «Янги дунё пацифизми» деган эссемни бироз давомини ёздим. Кеча «Муштум» журнали бош муҳаррири ўринбосари Аббос Султонов келтирган  жариданинг охирги сонларини варақладим. Журналнинг ҳам пацифизм учун курашаётган овозини ҳис қилдим. Марказий Осиё бўйича ўзини сиёсий таҳлилчи деб биладиган Евросиё аналитик клуби политологи Мендковичга Россия учун Марказий Осиёдан хавф борлиги ҳақидаги таҳлилига жавобан сичқондан фил ясамаслигини айтдим:
- Не паникуйте, делая из мыши слона. В Центральной Азии стабильный мир. Отсюда у соседей проблем не будет.
У эса:
- Ценю Ваш оптимизм, но увы со стабильностью в большинстве республик не очень. В одном Кыргызстане три предотвращенных попытки переворота за год, - деди.
     Албатта мени унга айтадиган гапларим кўп. Мендкович рус тв сида Ўзбекистон тарихи дарсликларини таҳлилига қатнашганини кўргандим. Даврадагилар Ўзбекистон тарихи дарсликларида русофобия, тарихни бузиб талқин қилиш масалаларида гаплашишганди. Иброҳим қўрбошини бугунги террорчиларга тенглаштиришганди, жадидизм танқид остига олинганди, СССР бўлмаганда Ўзбекистон бўлмасди, деган мантиқ илгари сурилганди. Мен Мендковичга алоҳида очиқ хат ёзмоқчи эдим. Лекин баъзи сабабларга кўра ёзмадим. Мен ичимизда сотқинлар борлигини ҳис қиламан. Рус тв сидаги ўша кўрсатувда Азиз деган қандайдир блогер чиқиб, Ўзбекистон тарихи дарсликларини муаллифлари ва буни тепасида турган академик Азамат Зиёни русофоб ва пантуркист деб очиқчасига айтди. Мен шунда ичимизда сотқинлар етарлича кўп деб ўйладим. Чунки мен доим мустақил Буюк Ўзбекистонни орзу қилганман. Мен шу давлатни эслатадиган ёзувчиси бўлиб қолишни орзу қилганман. Мен бизда кучли мафкуравий сиёсат керак деб ўйлайман. Бу сиёсат мамлакатимиз мустақиллиги учун юртимиздаги ҳар бир инсонни оёққа қалқита олиши керак. Мустақиллигимиз абадий бўлиши керак. Ҳар бир инсон ўз касбини энг юқори даражасига эришиб Ватани саодатига ҳисса қўшиши керак.
      Эрталабдан шундай ватанпарварлик, урушга қарши пацифистик туйғулар жўш урмоқда. Ишга йўл оларканман, шуларни ўйладим...
       Бир неча яхши таржималар бошлаганман. Маркесдан таржималарни давом этаяпман. Дарвоқе, танишганимиздан бери илк бор бугун ёзувчи Шодиқул Ҳамро менга янги ёзган «Муҳаббат мактублари» асарини ўқиб кўришим учун юборди. Мен албатта ўқиб кўраман. Ёзувчига асар ҳақида фикрларимни ёзаман...

@Sherzodkomilkhalil


Шерзод Комил Халил

Қўрқоқ

Мен сизни кўп вақтлар унутдим нечук,
Йиллардан олисда, ойлардан узоқ?!
Ўйлаб кўрмай туриб сақладингиз кек,
Йўлимга қўйдилар қанчалар тузоқ.

Далаларим бўлди янтоқзор буткул,
Боғларимни босди чақиртиканак.
Ҳамон сизни деса симмиллар кўнгил,
Ҳамон сизни деса уради юрак.

Мен озод қушлардай кўкка интилиб,
Учсам кутди мени кимлар қафасда;
Самолар кўксидан ўтдим умтилиб,
Фақат сизни ўйлаб ҳар бир нафасда.

Севдимми-севмадим, билмадим - не ғам,
Ҳаққу-ҳақиқатдан кўра бу - жумбоқ.
Фақат ўйладимки, сизга дил очсам,
Йўқотиб қўяман, мен сизни кўпроқ.

Билмадим, нимадан қўрқдим мен бунча?
Розиман, айбланг, сиз мени қўрқоқ.
...Мени ҳамма кўпроқ таниб олгунча,
Сизни керак эди, кўпроқ асрамоқ...
21.12.2024.
Тошкент.

@Sherzodkomilkhalil


#тезкунда

«Янги аср авлоди» нашриётида турк психологлари Невзат Тархан, Орҳан Гумушел, Айнур Сайимларнинг умумий таҳрири остида тайёрланган ва муҳаррирлигимизда чоп этилаётган «Позитив психология» ўқув қўлланмаси...

@Sherzodkomilkhalil


🌧⛈☁️🌧⛈☁️🌧⛈☁️

📓 Иложсиз одам

✍ Шерзод Комил Халил

🎤 Моҳира Тожиаҳмедова ўқиди

⛈🌩🌨⛈🌩🌨⛈🌩🌨

@Sherzodkomilkhalil


#таржима

Эдгар Аллан По

Қўшиқ

Келин бўлганингни кўрдим мен сени -
Худди ёнғин каби қизаргандек нақ;
Гарчи атрофингда мисли бахт куни,
Сенгача ҳам севган дунёни илҳақ.

Кўзларингда ёниб турган эди нур
(Нима бўлганидан қатъийн назар)
Заминни оғриқли ҳис қилиб бу қур
Севги кўриш мумкин эди алҳазар.

Бу қизариш қизлик уяти балким,
Ким билсин, шундайин бўлар эҳтимол.
Ё кучлироқ порлаш алангаси жим
Сенинг кўкси узра ёйилган, не ҳол!

Келинлигинг куни кўрди ким буни?
Мислики қизариб кетгандек барҳақ.
Гарчи атрофингда мисли бахт куни,
Сенгача ҳам севган дунёни илҳақ.

Инглиз тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

@Sherzodkomilkhalil


Ўтган ҳафтада «Ўлим лабиринти» китоби Book.uz да донада энг кўп сотилган китоблар рўйхатини топ-20 талигида тўртинчи ўринда эгаллабди...


@Sherzodkomilkhalil


Шерзод Комил Халил

Бир шингил адабий қайдлар...

***
Бир вақтлар Айтматов социалистик реализм методи ҳақида гапираркан, уни ҳаётнинг ўзи каби чексизлигини таъкидлаб: «Бутун ҳаёт социалистик реализм санъати учун чексиз кенглик бўлиб, унда инсон қалбининг барча бойликларини мадҳиядан тортиб реквиемгача акс эттирса бўлади,» деганди. Ўз даврининг ёзувчиси бўлган Айтматовнинг бу фикрлари хатолигини бугун биз биламиз. Энди биз яна шуни биламизки, адабиёт мафкура ялавбардори бўлар экан, у ҳамиша адашишга маҳкум. Чинакам адабиёт мафкура чизиб берган чизиқлар устида эмас, ичдан - қалбдан келадиган услубдан ўсиб чиқиши керак. Мана шундай адабиётнинг замири мустаҳкам бўлиб, чўкмас пойдеворга тиклангани боис асрлар оша яшаб қолиш имкониятига эга бўлади.

***
Иосиф Бродский Жеймс Жойни Марсель Пруст, Андрей Платонов ва Роберт Музель билан солиштирганда аҳамиятсиз ҳодиса деганди. Эҳтимол, ҳеч кимга кераксиз, ўқиб бўлмайдиган асарлар учун умрини тиккан Жойс даҳоси Бродский наздида мана шундай аҳамияти юқори бўлмаган ҳодиса ўлароқ таассурот қолдиргандир,аммо мен учун Жойс бутун ғарб адабиётини ривожланиш йўлини белгилаб берган сирли оҳанграбодир. Постмодернизмдан тортиб метамодернизмгача ва бугунги замонавий адабиёт тенденциялари ўзагида Кафка ва ундан ҳам кўпроқ Жойс ётади деган ишонч менда Бродский тезисидан кўпроқ некбинлик хусусиятига эга.

***
Маддоҳ ёзувчилар силлиқ адабиётни яратади, силлиқ адабиёт ёмон дидли китобхонларни юзага келтиради. Ёмон дидли китобхонларда юксак адабиётни тушунишга фаросат туйғуси етишмайди. Фаросати етмайдиганлар жамиятни жаҳолатга етаклайди. Жамиятни жаҳолатдан қутқариш учун истеъдодли ёзувчилар керак бўлади. Истеъдодли ёзувчиларни маърифатли жамиятлар юзага чиқаради. Маърифатли жамиятларнинг йўлдан тойиши маддоҳ ёзувчилар туфайли юз беради.

***
Социологик тадқиқотларга кўра китоб ўқийдиган одамларнинг 60 фоизи 45 ёшдан ошганлар ҳиссасига тўғри келар экан. Бу қоида бутун дунё учун хос бўлса, Ўзбекистонда китоб кам ўқилаётганлигини сабабларидан бири бизда икки ёзув(кирилл ва лотин)ни борлиги, лекин охирги вақтларда асосан лотин ёзувида китоб чиқараётганимиз аммо ўқийдиган асосий қатлам(45 ёшдан катталар) кирилда ўқишини инобатга олмаётганимиз бўлса, иккинчиси, китоб ўқийдиган одамлар ёки китоб билан боғлиқ соҳа кишиларини жамиятдаги статуси китоб ўқимайдиган одамларга қараганда паст эканлиги билан белгиланади. Агар ўқитувчи, ҳоким ёки прокурордан, олим эса вазир ёки корпарация раҳбаридан нуфузли саналса, одамлар оммавий китобга қайтарди. Ёзувчи, шоир, бастакор, рассом, ҳайкалтарош - умуман фан, адабиёт, фалсафа ва санъат кишиларининг ижтимоий онгдаги ўрни яллачи, воиз ва спортчиникидан паст бўлган жамиятда китоб ҳақидаги тарғиботларни фойдаси деярли сезилмайди. Китоб тарғиботи қачонки амалиёт билан уйғунлашса жамиятни уйғота оладиган кучга айланади.

***
Жон Фаулз ёзишмаларидан бирида ўзини инглиз ёзувчиси деб эмас кўпроқ мегаевропалик деб аташни хуш кўришини таъкидлаган. Мен бу ҳисни тушунаман. Йўқолаётган халқлар ҳақида ёзаётганимда ўзимни ўзбек ёзувчиси деб эмас, йўқолаётган кам сонли шимол халқларини ёзувчиси деб ҳисоблаганман. Россия охирги керек эркакни Украина тупроқларидаги урушда ўлишига замин яратди. Мен улар ҳақида 2014 йил «Биз йўқ бўламиз» деган ҳикоя ёзгандим, ўшанда улар саккизта қолганди, кейин тўртта қолганини билдим, энди эса дунёда керек эркаклари қолмади. Ҳикоямдаги менинг ўзбек образим Авазга тегмаган керек қизи Акананинг тақдири мени чуқур ўйларга толдиради. Унинг отаси Кукки: - бизларни излаб келма, келганингда ҳам биз йўқ бўламиз, - дейди. Бу даҳшатли оғриқ ўзимни керек ёзувчиси деб билганимда менга илк бор юққанди, Фаулзнинг ҳисларини шу маънода ўзгача ирония билан тушунаман, ҳис қиламан.

@Sherzodkomilkhalil


Оғир вақтларда адабиёт доим паноҳим бўлди...

@Sherzodkomilkhalil

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.