ТЕНГҚУРЛАРИМГАЮрагингда портласа вулқон,
Тилинг тишлаб жим қоласанми?
Ўттиз ёшга кирган эй, ўғлон,
Озодман деб айтоласанми?
Шукур бўлсин юртинг-ку озод,
Қолгани йўқ ёвлар измида.
Қарамликдан ўртанар ҳаёт,
Вужудингнинг қай бир қисмида.
Қобирғалар аслида қафас,
Метинлашар жоннинг қасдида.
Ололмайин чин дилдан нафас,
Яшамоқ ҳам ўлим, аслида.
Кўчаларни кезасан беҳуд,
Беруҳ, бебуд боқиб оламга.
Торлик қилар сенга бу ҳудуд,
Ишонмайсан наҳот, қаламга?
Чўзиласан тўшакка ҳорғин,
Малҳам каби туюлар уйқу.
Келиб ўткир тирноқли лочин,
Юрагингга ташланар туйқус...
Улуғ халқнинг сен-эй, бандаси,
Сен ҳаммага ўхшай бошлайсан.
Шундай бўлар инсон эртаси,
Сен ҳаммадай яшай бошлайсан.
Нурдан гилам тўшайди бу йўл,
Дунё кечмас сендай дўстидан.
Минбар бўлиб учасан буткул,
Денгизлару, тоғлар устидан.
Чапаклардан тикасан қанот,
Ҳис этмайсан виждоннинг ўчин.
Мукофотар беради ҳаёт,
Халқ дардидан қочганинг учун.
Туюлади бутун бир умринг
Гулдай гўзал, гулдай муаттар.
Ҳис этасан одамларнинг энг
Улуғидай ўзни муқаррар.
Шундай ноёб истеъдод билан,
Озод бўлар эди ҳақиқат.
Шундай ноёб истеъдод билан
Сен-чи ўзни алдайсан фақат.
Ром этади сени алдовлар,
Ўйлайсанки, шу толе, тамом!
Шўх олқишлар, сохта мақтовлар,
Ҳар нигоҳда нурсиз эҳтиром.
Чидолмайман, қандай шодумон
Келаверар тинмай куйлагинг.
Қафасдаги шўрлик қушсимон
Инграйверса халқнинг юраги.
Дўст, орзуга бера ол тартиб,
Ҳар бандаки, ўз-ўзига тан.
Истагим шу, болам маддоҳ деб,
Уялмасин шу камтар Ватан.
Чўзилмагин энди тур, етар,
Раҳминг келсин шўрлик тўшакка.
Рутубату қаролик кетар,
Ҳақ сўз етса суяк-суякка.
Шиддатда ён, қуёшдай балқи,
Умид бўлиб уйғон ҳар саҳар.
Қай давлатким, озодмас, халқи
Одил сўзни айтмаса агар.
Бу миллатга ўгай бўлганлар,
Кўриб қўйсин чин фарзанд кучин.
Курашавер ўла-ўлгунча
Шоир дўстим, озодлик учун.
Тобутимиз ортидан абас
Умид каби, эй, шоир дўстлар,
Ҳурлик сўраб бўзламасин, бас
Занжирини судраган сўзлар.
✍
Баҳодир БАҲРОМ🕰 2019
👇👇👇
https://t.me/eng_suluv_armon