Ҳарбий тавсияномалар учун имтиёзларни бекор қилиш режалаштирилмоқда
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди:
http://2019.strategy.uzУнда кўп қизиқарли таклифлар ва режалар битилган.
Масалан, ана шундай таклифлардан бири ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун бериладиган имтиёзлар билан боғлиқ.
Давлат дастури лойиҳасининг 204-бандига биноан, жорий йилги тест синовларида:
- ҳарбий хизматни ўтаган абитуриентларга тегишли ўқув йили учун тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул квоталари доирасида алоҳида квоталар ажратиш ва тест синовларини ўтказиш;
- ҳарбий қисм командирининг тавсияномаси фақат ҳарбий олийгоҳлар учун имтиёзга эга бўлиши назарда тутиш режалаштирилмоқда.
Бу нима дегани?
Матндан тушунишимча, қуйидаги ўзгаришлар кутиляпти:
1) ҳарбийлар учун бериладиган тавсиянома фақат ҳарбий олийгоҳлар учун имтиёз беради. Қандай имтиёз берилиши (балл қўшиб берадими ёки имтиҳонсиз оладими) ҳозирча аниқ эмас;
2) ҳарбий бўлмаган ОТМлар учун энди имтиёзли тавсиянома берилмайди;
3) тавсиянома бор ёки йўқлигидан қатъий назар, ҳарбий хизматга борган барча (!) абитуриентлар алоҳида мақомга эга бўлади ва улар алоҳида квота доирасида тест топширади.
Масалан, қайсидир ОТМнинг бир йўналишига 10 нафар ҳарбий хизматни ўтаган талаба қабул қилиш белгиланади ва шу ўрин учун ҳарбий абитуриентлар курашади. Бунда курашга қўшилиш учун махсус тавсиянома шарт бўлмайди, хизматни ўтаган бўлса бўлди. Натижада улар ҳарбий хизматни ўтамаган бошқа абитуриентларга халақит бермайди;
4) Барча ОТМларга ҳам бундай алоҳида квоталар берилмайди. Айнан қайси ОТМнинг қайси йўналишига ҳарбий абитуриентлар учун қўшимча квота берилиши олдиндан тасдиқланади. Фақат шу йўналишга топширганларгина алоҳида тест синовидан ўтишади.
Масалан, ЎзМУнинг тарих йўналишига ҳарбий хизматни ўтаган абитуриентлар учун алоҳида квота берилди, лекин ЎзМУнинг математика йўналишига берилмади, деб тасаввур қилайлик. Агар ҳарбий хизматни ўтаган абитуриент “тарих”га топширса, алоҳида квота бўйича курашади. Агар “математика”га топширса, унда ҳеч қандай имтиёз ва мақомга эга бўлмайди, эл қатори тестга киради.
Эслатиб ўтаман, юқоридаги талқин фақат менинг тушунганларим холос, аслида бошқача бўлиши ҳам мумкин.
Ҳарбий тавсиянома асосида имтиёз бериш адолатсиз тизим эканлиги ҳақида кўп бора ёзганман. Масалан, мана бу -
https://t.me/xushnudbek/727Ниҳоят ўзгариш бўлаётганидан хурсандман. Шунақа имтиёзлар бекор бўлиб, адолат тарозисининг паллалари тенглашаверсин.