Дўстимга
Қисмат чопонини елкага ташлаб,
Олисни кўзладик, дўст, куч топ, чида.
Гоҳ мағрур, гоҳ масрур, гоҳ кўзни ёшлаб
Дунёда яшаймиз нур илинжида.
Чархнинг ҳар кўйига кўнар одамзод,
Сийланар, синалар, аммо синмаскан.
Минг бир ишвасида турланар ҳаёт,
Дунёнинг бир ками тўлиб, тинмаскан.
Ҳар лаҳза томоша, алмашар ниқоб,
Фалак тегирмони айланар токи,
Бу олам саҳнасин муқаддас атаб,
Билсак, оғир экан турмушнинг юки.
Нечун кўнгил маҳзун, туйғулар хаста?
Кўзлаган йўлимиз юлдузга қадар.
Қорли чўққиларни қолдириб пастда,
Манзилга етгаймиз ҳали музаффар!
Оппоқ орзуларга қалбда муҳаббат,
Ёруғ ниятларни жо этиб дилга.
Ишонгин, бир куни етамиз, албат,
Бизни очиқ чеҳра кутган манзилга!
Зилола ХЎЖАНИЁЗОВА
https://t.me/mahliyoxon_umurzoqova