* * *
Чироғинг ўчдими, она, бугун ҳам,
келдими ё иссиқ сувда кир чайгинг?
Сандалингга кўмир соларман борсам,
тандирингга ўтин бўларман балким.
Айт, яна неларни тусайди қалбинг?
Ҳовучингга сиғмас ғўр афсусларим,
сенинг ғира-шира тонгларинг каби
имиллаб келади автобусларим.
Етар, ковушинг арт, воз кеч далангдан,
қара, аёз кирди товонинг ёриб!
Ҳатто акам қайтди рус чангалидан,
йўқлаб боролмадим ишимдан ортиб.
Бир дўстим ватандан кетолмай ҳалак,
бири уйланай деб тўкилар – хазон.
Ер ютмас, оҳ, десам очилмас фалак,
мен эса юрибман – на қул, на озод.
Безиллаб киборлар қош-қовоғидан
ижарада кўриб сарсон тушларин,
бекатларда тунаб қолар гоҳида
шоир оғаларим, дарвеш қушларим.
Баъзан жонга тегар тор дорилфунун,
юрак сиқилади, ичарлар қоним.
Баъзан исён қилар ичимда қулун,
аммо ечолмайман – пишиқ арқоним.
Ётсам кўнглим хижил, турсам ҳолим танг,
кимлар устимиздан ўйнайди қимор?
Мен ҳам ким учундир қилаяпман жанг,
Тошкентнинг Сибирдан нима фарқи бор?
Умидинг сўндими, она, бугун ҳам,
кўрсатмай артдингми кўзинг ёшини?
Пешонангга ажин бўларман борсам,
тиззангга қўярман ўксиб бошимни.
Муҳаммад Сиддиқ
https://t.me/Muhammad_Siddiq